Ҳамтовоқлар Муҳсин исмли шахсдан 4.808 кило, яъни 13.677.551 сўмлик рангли металл ва уларнинг парчаларини сотиб олишган. Сўнгра "Камаз" машина ҳайдовчисини юкни ташишга ёллашган. Қирғизистон Республикаси фуқароси Адҳам исмли шахсга қайта сотиш учун йўлга чиқишган. Янгиқўрғон туманининг Заркент қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги божхона назорати постидан ўтишаётганида сирлари фош этилди. Божхона ходимлари томонидан машинада ҳуфёна олиб кетилаётган рангли металл ва унинг қирқим-парчаларини борлиги аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди уччала шахсни ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 181-моддасининг 2-қисми "В" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Уларнинг ҳар бири 1 (бир) йилу 6 (олти) ой муддатга савдо ва воситачилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ойлик иш ҳақининг йигирма фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолингани ҳолда худди шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳам тайинланди.
"Камаз" русумли 50 Н 693 ВА давлат белгили юк машинаси эса Ўзбекистон Республикаси жиноят Процессуал кодексининг 211- моддасига асосан жиноят қуроли деб топилди ҳамда давлат фойдасига мусодара қилинди.
Юқоридагидек жиноятни яна бир уюшган жиноятчилар гуруҳи ҳам амалга ошираётганида қўлга олинди. Шуҳратжон Зокиров, Тоҳиржон Холмирзаев ва Шавкат Жўрабоевлар айбларига яраша жиноий жавобгарликка тортилдилар.
Ноқонуний савдо ва воситачилик билан шуғулланаётганлар ҳеч вақт узоққа боролмайдилар. Қинғир ишнинг қийиғи, албатта чиқаверади. Зора устамон "тадбиркорлар"нинг кўзлари очилган бўлса...
Ҳақ НАЗАР.