Тепловозчи зудлик билан нохуш хабарни ички ишлар ходимларига етказди. Улар воқеа жойига етиб келишиб, яқин атрофда суриштирув ўтказишди. Албатта, ҳеч қандай жиноят изсиз рўй бермайди. Бундай ножўя хатти-ҳаракатни содир этганларни аниқлаш эса узоққа чўзилмади. Қарангки, нияти бузуқлар Чортоқ маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчилари Ботир Қодиров, Аъзам Мирзалиев ва Мирзоҳид Хайитовлар экан. Уччовлон 186,7 минг сўмлик темир йўл жиҳозларини бузишганидан ташқари, "томоша" кўрсатишни ўйлашганлиги ғоят ачинарлидир.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Уларни ҳар бири 5 (беш) йилдан озодликдан маҳрум этиш жазосига лойиқлигини, вояга етмагани учун ҳукм шартли ҳисобланиши қайд этилиб, 2 (икки) йил синов муддати белгиланди.

Бу йигитларга, аввало, ота-онаси, қолаверса, коллеждаги устозлари, яна ўзлари яшаётган Боғ маҳалла фуқаролари доимо кўз-қулоқ бўлишлари керак. Жиноят кўчасига билиб-билмай кириб қолганликлари учун энди кўзларини каттароқ очишлари шарт. Ҳалокатнинг-ку олди олинди, лекин ички ишлар ходимлари назоратидаги ўқувчиларнинг келгусида "ёмон"лар қаторига кириб қолмаслиги учун оиласи, коллеж ва маҳалласи тарбиявий ишларни янада кучайтириши лозим.

Абдуқаҳҳор ЭГАМБЕРДИЕВ,

Наманган темир йўл бекати тармоқ ИИБ ХООГ инспектори, лейтенант.