ЁХУД КУТИЛМАГАН ФОЖИА
Тун яримлаган маҳал. Шифохонанинг туғруқхонасида навбатчилик қилаётган неонатолог-врачнинг қулоғига чақалоқларнинг одатдагидан бошқачароқ, яъни ингроқли йиғиси чалинди. Энг таажжубланарлиси ичкаридан эмас, ташқаридан келар эди. У дарров иккинчи қаватдаги скрининг хонаси деразасини очиб, пастга қаради, кўзига йиғлаётган гўдак яхши кўринмади. Нарироқда экан, деб ўйлаб, эмлаш хонасидан қарашга шошилди. Янглишмабди, ерда битта эмас, иккита йўргакли чақалоқ ётганини пайқаб, даҳшатга тушди. Чунки, улар худди мана шу хонадан ташланган эди...
Бу қандай бераҳм кимсанинг иши? Наҳотки, бегуноҳ болажонларга қасд қилган? Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожиа ақли расо одамнинг қилмиши эмас. Тошдийда инсоннинг ҳам гўдакни кўрганида кўнгли юмшайди, меҳри иядику ахир... Лекин Д исмли аёл, энг даҳшатлиси чақалоқлардан бирининг онаси шундай тубанликка юз тутганди. Кейин аниқланишича, шу ерда туғиб, даволаниб ётган, руҳий мувозанатини йўқотган кимса наинки ўз жигарпорасини, балки ўша қизалоғига қўшиб, яна бир онанинг чақалоғини ҳам деразадан улоқтирган экан... Минг афсуски, ҳар икки бола ёруғ дунёга келди-ю, саноқли кунларгина яшади, холос. Тўғриси, уларга Аллоҳ ато этган тириклик неъмати ортиқ кўрилди. Жирканчдан жирканч жиноят содир этилди.
Беихтиёр ўйлаймиз: Шу ҳодисанинг олдини олиш мумкин эмасмиди? Нега ҳеч ким ҳалақит бермади? Ҳа, назоратчи, масъул ҳамшира Н бор эди. Бироқ у ўзининг ғоят масъулиятли постини бир неча дақиқаларга ташлаб кетгани учун боласини эмизгани кирган Д шайтон васвасасида фожиали ҳодисани амалга оширди. Ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам гўдагини ўлдирди.
Албатта, жиноят жазосиз қолмайди. Навбатчи ҳамшира 2 (икки) йил тиббиёт соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Аслида 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши керак эди-ю, шартли равишда уни ўташдан озод этилди. Бироқ виждончи?! Виждон азобидан қутулиши жуда қийин бўлса керак. Ахир бир ҳафталик икки чақалоқ унинг масъулиятсизлиги қурбонига айланди.
Фалокат доимо оёқ остида бўлади. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги кераклигини юқоридаги воқеа яна бир бор исботлаб турибди.
Анваржон НИЗОМОВ,
вилоят прокуратураси 16-бўлим бошлиғи
ўринбосари.