Алдов ва фириб билан одамлар ишончига кириш аслида осон эмас. Лекин баъзи кимсалар бунинг уддасидан чиқишга уста бўлишади. Худди чортоқлик Ғ. Ш. сингари. У 2015 йилнинг декабрь ойи охирларида Комилжон Мамашариповга "Ўрикзор" маҳалласида 8 сотих ер майдонини ўзига тегишли эканини айтиб, зарурат туғилиб сотувга қўяётганини маълум қилади. Харидорга арзон нархи маъқул тушади. Сотиб олишга розилик беради.
Ғ. Ш. фақат шу билангина чекланиб қолмаган эди. 2016 йил январида яна бир фуқаронинг алдашга киришади ва бунга ҳам эришади. "Ўрикзор" маҳалласидаги 6 сотих ернинг ўзига тегишлилигини, уни 6.000.000 сўмга сотиш мумкинлигини айтганида, бу Донохон Маматовага жуда маъқул келади. Йил давомида "ер эгаси"га 4.100.100 сўм тутқазади. Ернинг "ҳужжати"ни қўлига олади.
У 2017 йилнинг июлида яна бир 6 сотих майдонни сотувга қўяди. Бу гал Раҳимжон Мирзааҳмедов алдовига учади. Ғ. Ш.га 1.900.000 сўм пулни бўлиб-бўлиб беради.
Шунингдек, 2017 йилнинг октябрь ойида яна такроран жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттирган Ғ. Ш. Ўғилой Парпибоевадан ҳам яшаб турган уйининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришини ваъдалаб, 1.000.000 сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги тергов пайтида фош қилинди.
Ғ. Ш. ўзининг ғайриқонуний ҳаракатлари билан, яъни фуқароларнинг ишончига кириб, алдаб, уларнинг мулкларини такроран, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб фуқароларга фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, тайёрлаб бориб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 228-моддаси 2-қисми "а" банда ҳамда 168-моддаси 3-қисми "б" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланди. У, албатта, қилмишига яраша жазосини олади.
Улуғбек ЁҚУБОВ,
Чортоқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси, капитан.