У бир гуруҳ бўлиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб, назоратдан яшириб, гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп моддаларни Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ўтказишга ёрдамлашиб, қонунга хилоф равишда оз-оздан сақлаб юришга одатланган. Бу рад этиб бўлмайдиган далиллар билан аниқланди. Вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан Ш. Исроиловнинг яшаш хонадони ўзининг розилиги билан кўздан кечирилганда, ошхонаси ичидаги стул устига илиб қўйилган қора чарм курткасининг чап ён чўнтагидан тўқ жигарранг, ўткир ҳидли модда чиқди. У текширилганида "гашиш" гиёҳванд модда эканлиги маълум бўлди.

Айбдор гиёҳванд моддани Қирғизистон Республикаси Жалол­обод вилояти, Олабуқа туманининг Сафедбулон қишлоғида яшовчи Боир исмли шахс яширинча чегара айланма йўли орқали келтириб берганлигини тан олди. Фақат шугина - 0,61 грамм модда эмас, илгаридан алоқаси борлиги, бундай оғуни доимо ўша шахсдан сотиб олиб юрганлигини ҳам инкор этолмади.

Ш. Исроиловга вилоят наркология касалликлари диспансери ҳозирча у ҳисобда турмаса-да, 1-босқич гиёҳвандлик касали билан оғришлиги, мажбурий даволанишга муҳтожлиги хулосасини берди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28, 246-моддасининг 1-қисми ва 276-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этган Ш. Исроиловнинг иши жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судида кўриб чиқилди. 5 (беш) йилу 3 (уч) ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори қўлланиб, жазо муддати учдан бирига қисқартирилди.

Ш. Исроилов энди жазони ўташ даврида мажбурий равишда даволатилади, албатта.

Инсонга ғамхўрлик олий қадриятга айланган мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш давомли. Орамизда гиёҳвандларга асло йўл йўқ!

Ҳақ НАЗАР.