Цех бошлиғи, озарбайжон миллатига мансуб Гара Гараевнинг боши осмонга етди. Чунки ўзбекнинг чаққонқўл ҳунарли йигитлари кичик жамоасида катта ишларни уддалай бошлашганди. Ёшларнинг бўш пайтларида зерикишини назардан қолдирмайдиган "уддабурон" ва устамон раҳбар "Йигитлар, агар телефон ёки компьютер олмоқчи бўлсаларинг, бозордан излаб юрманглар, танишларим бор, айтсаларинг бас, зўридан келтириб беришади" дея тайинлаб қўйишниям эсидан чиқармади.
- Ака, менга компьютер зарур, - деди буни эшитиб Акмал Луқмонга, - бошлиқдан ноутбук олиб беринг, ўртоқларим билан алоқа боғлаб тураман, - деди дарров қизиқиши кучайиб.
Луқмон укасининг истагини Гарага айтди. Бошлиқ " Samsung" ноутбукни топтириб, уларнинг қўлига тутқазди.
- 6000 рубль тўлайсизлар, майли ҳозирча нақд пулингиз керакмас, ойма-ой ишлаб узиб борасизлар, - дея таъкидлади.
Чевар ака-ука жуда хурсанд бўлишди. Афсуски, бу узоққа чўзилмади. "Одноклассники" сайти орқали бошқалар билан алоқага чиқиб юришаркан, "МР3 ҳар хил" папкасиниям очишга қизиқишади. Қарангки, унга ҳамюрт диндорларнинг ёвуз ниятдаги маърузалари жойлаштирилган экан. Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш ва жамиятни радикал ислом ақидалари асосида бошқариш ғояларини илгари сурувчи диний-экстремистик оқимларнинг раҳнамолари ва хайрихоҳларига айланган кимсаларнинг овозли маърузалари киритилган экан. Шунингдек, "Туркистон Ислом ҳаракати" террористик ташкилотнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган даъватларигача жойлаштирилибди. Ҳатто Ўзбекистон Республикасидаги ижтимоий вазиятга салбий таъсир ўтказувчи ва жамият ҳаётидаги демократияни қоралувчи иддаоларигача атайлаб ноутбукка киритиб қўйилгани шубҳасиз эди. Афсуски, наманганлик ёш йигитлар компьютердаги оғуни йўқотиш ўрнига унга маҳлиё бўлишганини ҳеч инкор этиш мумкин эмас. Улар бундай ғоявий хуружлар "юкланган" ноутбукни ўз Ватанларига олиб келишгача боришгани асло кечирилмас хатти-ҳаракатдир.
Ака-ука Юсуфбоевлар ҳамшаҳарлари Дилшод Қорабоевга ноутбукни пул зарурати туфайли 7000 рублга сотишганда унинг ичида жамиятимизга қарши, ғаразли ғоялар тарғиботига бағишланган маърузалар, шеърлар, ривоятлар ва қўшиқлар борлигини яхши билишарди.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларининг ҳушёрлиги туфайли ноутбук хотирасидаги диний ақидапарастликни тарғиб этувчи материаллар божхона назоратидан яширилиб, Ўзбекистонга олиб кирилаётганида Наманган аэропортида аниқланди. Дилшоднинг рад этиб бўлмас айблари фош этилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида ушбу жиноятчилар иши кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан Луқмон Юсуфбоев, Акмал Юсуфбоев ҳамда Дилшод Қорабоевлар 5 (беш) йилданга озодликдан маҳрум қилиндилар.
Ҳаётий ҳақиқат шундаки, ёмонларга ёндошиш-тўғри йўлдан адашишдир. Адашганларнинг қисмати эса ҳамиша уқубатли кечади. Жазодан уларнинг мудроқ кўзлари очилган, келгусида тўғри йўлни аниқроқ кўрадиган бўлишса ажаб эмас.
Ҳақ НАЗАР.