Бетакрор орзулар оғушида оила қўрғонига қадам қўйган келин-куёвга ҳамма ҳавас билан қарайди. Тўкин дастурхон атрофида ўтирганларнинг барчаси уларга бахт тилайди.
Оилангиз тинч экан, кўнглингиз хотиржам, ишингиз баракали бўлади. Кексаларимизнинг "Оилангиз тинч бўлсин", "Қўша қаринглар" дея дуо қилишларининг ҳикмати ҳам ана шунда.
Ёшларимиз онгу шуурига болаликданоқ ота-онага меҳрибонлик, келгусида оила учун қайғуриш туйғулари сингдириб борилади. Уларнинг маънан етук, жисмонан баркамол, меҳр-оқибатли инсонлар бўлиб тарбияланишида оиладаги муҳитнинг аҳамияти беқиёс.
Ўзбекистон Конституциясининг XIV боби "Оила" деб номланиб, унда оилаларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатловчи нормалар ўз аксини топган.
Хусусан, жамиятнинг асосий бўғини саналмиш оила, оналик ва болалик жамият ва давлат муҳофазасида экани, ота-оналар фарзандларини вояга етгунича боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиши мажбурият сифатида белгиланган.
Оила кодекси эса оилада ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи асосий манбалардан биридир. Кодекс қабул қилингандан кейин ўтган вақт мобайнида унга бир қатор ўзгартишлар киритилди. Никоҳ шартномаси институти, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ва анъаналарнинг қўлланиши, қон-қариндошлик, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим қоидалар шулар жумласидан.
Оила кодексининг 8-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланиши белгилаб қўйилган.
Айрим ҳолларда келин-куёв ўртасидаги арзимаган келишмовчилик уларнинг ажрашишига, фарзандлари тирик етим бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Оилага, фарзандларига бўлган масъулият сусайгани боис бундай ажралишлар сони ортиб, буни орқасидан шахсга қарши ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар юзага келаётгани сир эмас. Чунки, ажралишлар натижасида тарафлар ўртасида алимент ундириш ёки мулкий низо пайдо бўлади. Албатта "мол аччиғи-жон аччиғи".
Оилаларнинг ажралишларини олдини олишда маънавий-маърифий тадбирларнинг, кексалар ўгитининг ва китобнинг ўрни беқисдир. Ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом оила барпо этилиши юрт ва миллат тақдирига дахлдор масала экан, соғлом оила вужудга келиши учун, энг аввало, жамият ва давлат қайғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим.
Самаджон ҚОДИРОВ,
Поп туман маъмурий суди раиси.