Шифохона бош врачи хонаси. У телефонда гаплашмоқда:

- Хўп-хўп, ўртоқ бошлиқ, Йўғ-е, англашилмовчилик бўлибди, "танимаса-сийламас" дейишадику, Сиз айтган ҳамшира эканлигини билмабмиз. Ҳали ҳам ҳаммага жавобимиз битта: "Штатлар банд, сизни ишга кирувчилар навбатига ёзиб қўямиз, бирортасининг ўрни бўшаб қолса, ўзимиз чақирамиз, телефон рақамингизни қолдириб кетинг". Бу йўлига қилинган муомала, холос, Шифохонамиз катта жой бўлса, ҳар ойда кимдир ҳомиладорлик таътилига чиқади, кимдир катта пул берадиган хусусий клиникага ўтиб кетади. Лекин биз сира-сира жамоамизга бегона каптарларни қўндирмаймиз.

Шиоримиз доимо иккита: Иш керакми, ҳаракатингни қил!

Қуруққа қалам юрмайди!

Сиз юборган кадрларга эса ҳамиша яшил чироқ ёқамиз, ўша аёлни ишга кирди деб ҳисоблайверинг, хўжайин. Ахир, сиз бўлмасангиз биз бу ўринга қачон ўтирардик. Кутяпмиз яна бир бор узр, одамингизни танимай қайтарганимиз учун. Шу бугуноқ аризасини ёзиб келаверсин, терапия бўлимида ишни бошлайверади.

Шу пайт эшик очилиб, котиба кўринди.

- Тўра Тўраевич, аввалги кунги келган қайсар қиз яна қабулхонада ўтирибди, сира кетказолмадим "Мен ишламасам бўлмайди, оилавий ша­роитим жуда оғир" деб оёқ тираб турибди.

- Айтинг, кирсин! - Ичкарига бошқа ҳеч кимни қўйманг.

Котиба маъноли жилмайиб эшикни ёпди. Бир зумда ҳалиги қиз остонада пайдо бўлди.

- Ассалому алайкум, дўхтир ака, яна сизни безовта қиляпман, - деди ийманибгина.

- Ҳечқиси йўқ, ёш кадрларга эшигимиз ҳар қачон очиқ,-сохта мулозамат қилди бош врач айёрона тиржайиб.

- Хўш ёнингизда нималар бор? - дўмбайган сумкасига суқланиб назар ташлади у.

- Ҳамма ҳужжатларни олиб келдим, коллеждан йўлланма ҳам бор, "шартнома тузганмиз" дейишди устозлар ҳам.

- Шартнома шунчаки ҳужжат, уни тузиб қўяверамиз, лекин юзтадан биттанинг омади кулади, қизим, тушундингизми?

- Тушунмадим, - тажжубланди қиз.

- Яна нималарингиз бор?

- Диплом ва аризам ҳам шу ерда.

Қиз ҳужжатлар папкасини узатди. Бош врач ундан нимадир излаётгандай варақлаб, титкилаб, ҳафсаласи пир бўлди.

- Бунақа диплом фақат сиздамас, қатор-қатор қизларда ҳам чанг босиб ётибди. Бўпти навбатга қўямиз. Ҳужжатларингизни кадрлар бўлимига топширинг.

- Дўхтир, оилавий шароитимиз қийинлашиб турибди. Агар мен ишлаб, ота-онамга ёрдам бермасам бўлмайди. Ҳалиги маҳалламизда яшовчи Мадина опам жарроҳлик бўлимига ўтган ҳафта ишга кирибди-ку. Менга келганда...

- Ҳа, тўғри айтасиз, ўша опангиздан маслаҳат олинг-да, кейин ҳузуримга келинг.

Дўхтир беихтиёр қувонди. Чунки, Мадина жуда тушунган қиз экан, ҳужжатларини орасига 2 та 100 талик долларни қистириб қўйган эди-да...

Орадан бир кун ўтди.

Бош врач қабулхонаси. Кечаги уятчан ва ийманган қиз бугун бутунлай ўзгарган эди. Гапиришлари ҳам дадил, ўзига ишончи ҳам баландлигидан кўтаринки кайфиятда турарди.

- Дўхтирга айтинг, Мадина опага маслаҳатга жўнатган ҳамшира қиз келганини.

- Ҳозир, - деганча котиба ичкарига шошилди, лекин тезда ўқдай отилиб чиқди.

- Кираверинг ўзлари ҳам кутиб турган эканлар.

- Ҳа қизлари тушмагур, сизларни ишлатмасак, кимларни ишлатамиз бу ерда, - деди бош врач унинг узатган ҳужжатлар папкасини чаққон қўлига олиб.

Кеча ҳафсаласизлик билан титкилаган дўхтир, бугун зийрак ҳолда ҳужжатлар билан танишишга тушди. Ниҳоят "топилма" қўзга ташланди. Бир жуфт долларни аста олиб, ўтирган столи ғаладонига беркитди, хотиржам тортиб бошини кўтарган эди ҳамки, хонага учта формали ходим кириб келаётгани кўриб, тарвузи қўлтиғидан тушди.

Бош врачнинг ғаладонидан бармоқ излари тушган "порага берилган" доллар стол устига олинди. Бош врачнинг эса қўлига кишан солинди.

- Уят, сиздек олий маълумотли, олий тоифали, юксак мақомли раҳбарга! Текин бойлик орттираман деганлар, албатта, бир кунмас бир кун қонуний жазога грифтор бўлишади.

- Кечиринглар мени, қаттиқ адашдим?! - мўлтираганча ялиниб - ёлборишга тушди бош врач.

- Минг афсус, энди кеч, буни олдинроқ ўйлаш керак эди.

Ички ишлар ходимлари жиноят устида қўлга олинган порахўр бош врачни хонадан олиб чиқиб кетишди.

 

* * *

Коррупция, порахўрлик - инсоннинг қадр-қимматини ерга уради, шаънини бул­ғайди, умрининг панжара ортида кечишига олиб боради.

Халқимиз "Менинг нафсим балодур, ўтдан-чўққа салодур" дея тазарру тарзидаги нақлни бежиз тўқимаган. Нафс балосидан сақланинг, унинг домига тушиб, шайтонга шерик бўлиб қолманг. Кейин минг бор пушаймон чекканингиздан заррача фойда чиқмайди.

Содиқ САЙҲУН.