Бош врач масъул мансабдор шахс бўла туриб, бош ҳисобчи билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Ўзбе­кис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли "Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ва 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низом талабларига зид равишда фаолият юритишган. 2014 йилнинг январь-июнь ойларида 4 та ҳолатда марказ ходимлари разрядларини юқори белгилаш оқибатида 738,8 минг сўм, 6 нафар ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсиз нафақаси учун 200,7 минг сўм, 18 нафар ходимга бажармаган иш ҳажмларини ҳисобга олмаган ҳолда 5.829,4 минг сўм, 11 нафар ходимга июнь-август ойларида меҳнат таътили даврида бўлгани учун 520,7 минг сўм ва бошқа ноқонуний сарф-ҳаражатларни ҳам қўшганда жами 7.404,5 минг сўм маблағларни ортиқча тўлаб юборишган. Бюджет маблағларини такроран ўзлаштириб, камомад йўли билан талон-тарож қилишган.

Бундан ташқари омбор мудири Р. Ашуровнинг зиммасидаги озиқ-овқатлар йўқламадан ўтказилганда 8.429.997 сўмлик камомад бўлгани аниқланди.

Шунингдек, лаборант Ш. Собирова зиммасидаги реактивлар қолдиғи кўрилганда катта миқдорда камлиги ошкор бўлди. Бўлимлар томонидан жами 1.050.130 сўмлик дори-дармонлар нотўғри харажатга чиқарилган.

Хуллас, марказдаги ҳолат бўйича бош врач, бош ҳисобчи ва омборчига нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Лекин адолат, кечиримлилик тамойилларига асосланган юртимизда уларнинг жиноий ишлари ҳаракатдан тўхтатилди. Жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди ажрим чиқарди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарори уларнинг жонига оро кирди. Бундан ҳар уч шахс тўғри сабоқ чиқариши шарт.

"Уят ўлимдан қаттиқ" деган мақолни ёдга олишса, албатта, улар энди бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга асло йўл қўймайдилар, деб ўйлаймиз.

Ҳақ Назар.