Бу гал у Нозимжон Маҳмудов, Каримжон Маҳмудов, Юнусхўжа Султонов ва қирғизистонлик жиноятчилар билан ўзаро тил бириктирганди. Наманган шаҳрининг Гўзал даҳаси ҳудудида Юнусхўжа Султоновга беш дона қора рангли полиэтилен пакетларга жойлаштирилиб, скотчланган 844.545 АҚШ долларини берди. Пуллар "Нексия"нинг юкхонасига яширилди. Юнусхўжа Хазратишоҳнинг "Турик" маҳалласига чиқиб боради. Хуфёна йўл билан юриб, кутиб турган К. Маҳмудов ва Т. Жамаловларга омонатни топшираётганида МХХнинг ДЧХКК хизматчиларида шубҳа уйғотиб қолишади. Яширинишга қанча уринишмасин барибир жиноятчи тўданинг иши қисқа фурсатда фош этилади.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди уларни, яъни П. Соттибоев, Ю. Султонов ва Н. Маҳмудовларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182-моддаси, 2-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. 1.835.990.157,3 сўмга тенг бўлган 844.545 АҚШ доллари давлат эгалигига ўтказилди. Долларфурушлар доғда қолишди.
Жиноятчилар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар. Яна уларга шафқат қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ тайинланган жазолар учдан бир қисмига қисқартирилди.
Энг муҳими, жиноятчилар жазодан тўғри сабоқ чиқаришиб, нопок йўл билан бойишдек хом хаёлдан энди воз кечишса, ўзларигаям, жамиятгаям катта наф келтиришлари мумкин.
ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ
Наша таркибида гиёҳвандлик модда тетрогидроканнабинол сақловчи ўсимлик ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уни ўстириш қонун бўйича таъқиқланган. Лекин баъзи нафсининг қутқусига учадиган шахслар қонун талабини хуфёна бузадилар. Охир-оқибат сирлари фош бўлса, жазо муқаррар эканлигини яхши биладилару, барибир таваккал қилишдан, "ширин" хаёлга берилишдан ўзларини тиёлмайдилар. Мингбулоқлик Абдуманнон Мадаминов ҳам ана шундайлардан экан.
Унинг Довдуқ фуқаролар йиғинининг Тўпсада маҳалласидаги қовун пайкалида 5 туп нашани парваришлаётганини сезгир ва ҳушёр милиция ходимлари ўз вақтида аниқлашди. Ўтган йили 1 июнда ўтказилган "Қорадори-2014" тадбирида нима қиларини билмай қилмишидан минг-мингдан пушаймонлигини изҳорлади. Энди кеч эди. Қонун талаби бўйича унга чора кўрилди.
Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди Абдуманнон Мадаминовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 270-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
"Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади" деган халқ нақлининг нақадар тўғри эканлигини юқоридаги ҳолат тасдиқлади. Қаранг-а қирқ йил эмас, атиги қирқ-эллик кун етарли бўлди, холос-а.
НОЖЎЯ ҚАДАМ ҚИММАТГА ТУШДИ
Чегара ҳудудларида қонун талаблари доимо қатъий. Уни бузганларга нисбатан мутлақо муросасозлик қилинмайди. Жазо муқаррар ва адолатли. Қирқ ёшли Баҳром Мадраҳимовнинг биргина ножўя ҳатти - ҳаракати энг кам ойлик иш ҳақининг 30 (ўттиз) баробари миқдоридаги жаримага сабаб бўлганиям бежизмас. Чунки у қонунимизни менсимади.
Баҳром асли Тожикистон Республикаси Суғд вилоятининг Ашт тумани Сарвак қишлоғида яшайди. Ўзининг ва маҳалладошларининг қўй ва эчкиларини боқиб юради. Кунлардан бирида у бемалол чорва ҳайвонларини чегара ҳудудидан ўтказиб, Ўзбекистон ерларида ўтлашига йўл қўйиб беради. Кейин эса орқасидан ўзи ҳам ўтади.
Албатта, ҳушёр чегарачиларимиз назаридан бундай ҳатти-ҳаракат асло четда қолмайди. Уни зудлик билан қўлга олишади. Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди Б. Мадраҳимовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223- моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли ҳисоблади. 2.883.150 сўм миқдорида жаримага тортди.
Катта жаримани тўлагач, чегарабузарнинг кўзиям катта очилган бўлса ажаб эмас! Сўнгра Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилди.
Хақ НАЗАР.