Воқеа қуйидагича рўй берган экан: Акмал Эрматов Қўшқишлоқ маҳалласи ҳудудидаги "Аҳмедов Бахтиёр" фермер хўжалигининг даласида ўтлаб юрган молни отасига қарашли эканини яхши билгани учун уни ўғирлаш пайига тушади. Ҳамқишлоғи Анвар Раҳмоновни шерикликка чақиради. Икковлари молни даладан олиб кетишиб, Ф.Шариповга 1.300.000 сўмга сотиб юборишади. Тезкорлик ҳаракат туфайли жиноят фош этилиб, мол эгасига қайтарилади.

Орадан тўққиз кун ўтиб, Акмал яна жиноятга қўл урди. Бу гал гиёҳвандлик савдосини хуш кўрганди. Яъни таниши Улуғбекка наша топиб беришни ваъдалайди. Чекка жойлардаги ёввойи наша ўсимлиги қолдиқларидан териб, гугурт қутисига солганича Жомашўй шаҳарчасига келади. Автовокзал олдида харидорни кутади. Улар учрашиб, шу ернинг ўзида Акмал 50.000 сўмни санаб олади. У. Шарофиддинов ва А.Тиллаевларнинг "Назорат харид" тадбиридаги холис иштирокчилар эканлиги бироздан ке­йин маълум бўлади. Ички ишлар ходимлари нашапурушни осонгина қўлга туширишди.

Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди ҳар икки жиноят бўйича ҳукм чиқарди. Акмал Эрматовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг "в" банди, 273-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топди. Унга 5 (беш) йилу 2 (икки) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўғирликдаги шериги Анвар Раҳмонов эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг "в" бандида назарда тутилган жиноятни амалга оширишда қатнашгани учун 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш жазосига лойиқ топилди. Айни маҳалда ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш белгилаб қўйилди.

Ҳеч бир жиноят изсиз кетмайди. У албатта, очилади. Жиноятчилар эса жазога тортилади. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак.

  

ҚОРА ХАЛТАДАГИ ҚОРА ОҒУ

Гиёҳванд Адҳам Иномовнинг "касали" яна ҳуруж қилди. Телефонда таниш - билишларини излашга тушди. Янгиқўрғоннинг Қораполвон қишлоғида яшовчи йигитнинг телефон рақамини терди.

- Сенмисан, Баҳодир?

- Ҳа, ака, ўзимман.

- Яна ёрдаминг зарур бўп қолди.

- Қанчалик?

- 400 "кўки"дан тўлайман.

- Бўпти, суриштираман.

Унинг юзига табассум югурди. Буюртмачи нақд санаса, ўзига ҳам 100 доллар қолишини ўйлаб, дарров яқинларини қидиришга киришди. Сафед Булонда яшовчи Кимсанни телефонда йўқлади.

- Икки-уч кунда қўлимда бўлади,-ишонтирди у, - 300 ни тайёрлаб туравер. Айтган жойимга келасан, чегара ҳудудидан сен ҳам, мен ҳам ўтмай қўяқоламиз. Ўртада савдони пишитамиз, уқдингми?

Баходир қирғизистонлик воситачи савдогар билан қаерда учрашишни яхши англади. Иккиси учун ҳам хавфсизлигидан ичида суюнди. Сабрсизлик билан Кимсаннинг қўнғироғини кутди. Ниҳоят телефон жиринглади.

- Йигитнинг гапи-гап, ука,-деди Кимсан керилиб.- Мана учинчи кунидаёқ "товар" қўлимда. Харидорни бошлаб келавер!

- Баҳодир Наманганга ошиқди. Ҳамқишлоғи Мухтор Турғуновни ўзига шерикликка танлади. Унинг "Москвич"ига ўтиришганича шаҳарнинг "Маънавият" маҳалласи Мингчинор кўчасидаги 3-уй олдида тўхташди. Йўл - йўлакай телефонда келишиб қўйишгани учун Адҳам Иномовнинг ўзи қўлида доллар билан кутиб турган экан, ўша заҳоти изларига қайтишди. Туманнинг чекка қишлоғи Оқтомга чиқиб боришди. Ахси туманининг Актам қишлоғида, икки давлатни ажратиб турувчи кавлаб қўйилган чегара чизиғи устида олди-берди амалга оширилди. Қора целофан халтага солинган "гашиш" моддасига эга бўлган Баҳодир йўлдаги постларда қўлга тушмаслик учун, уни машина юкхонасидаги газ баллонининг орқасига яхшилаб беркитиб қўйгачгина рулдаги улфатига қаради.

- Энди қўрқмаймиз, газни қаттиқ босавер, "товар"ни харидорга етказайлик, елкамиздан тезроқ тоғ ағнасин! - деди ўзини дадил тутиб.

Енгил машина "Заркент" постидан ҳам ўтди. Искавот қишлоғига кираверишда йўл четида сотилаётган олмаларга кўзлари тушди. "Москвич"ни секинлаштириб, тўхташди-да, олма олишмоқчи бўлишди. Шу пайтда миллий хавфсизлик хизмат ходимлари ёнларига келаётганини ҳам пайқашмаганди. Кутилмаган "меҳмонлар"нинг сергак нигоҳларидан қора целофан халтадаги қора оғу ҳам четда қолмади. Жиноятчилар ўша ернинг ўзидаёқ қўлга олиниб, хавфли "товар" текширувдан ўтказилди. Бу қўнғир рангли ўткир 59,12 грамм ҳидли 7 бўлак "гашиш" наркотик моддаси эканлиги тўла тасдиқланди.

Судланувчилар Б. Жўрабоев, М. Турғунов ва А. Иномовлар, шунингдек шахси номаълум қирғизистонлик фуқаро бир гуруҳ бўлишиб, аввалдан жиноий тил бириктиришиб, кўп миқдордаги "гашиш" гиёҳванд моддасини Ўзбекистон Республикасига контрабанда йўли билан олиб ўтиб, уни сотишга суиқасд қилгандан иборат ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 246- моддасининг 2- қисми ҳамда 25, 273 - моддасининг 5- қисми билан айбли деб топилдилар.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди Баҳодир Жўрабоевни 13 (ўн уч) йилга, Мухтор Турғунов ва Адҳам Иномовларни 12(ўн икки) йилданга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Қора халтадаги қора оғу уларнинг бошига қора кунларни солгани шу-да. Гиёҳвандлик ва унинг савдоси билан машғул шахсларнинг қисмати ҳамиша аянчли. Бу кўчага кирганлар ҳаётини елга совурадилар, инсонийлик қиёфасини йўқотадилар, охир - оқибат жиноят гирдобига ғарқ бўлишиб, жамият учун хавфли кимсаларга айланадилар. Бундайларга шунинг учун ҳеч қачон шафқат қилинмайди. Ярамас иллатга қарши кураш изчил давом этаверади.

Ҳақ НАЗАР.