Шерали Мирзавалиев 1 декабрь куни вояга етмаган тумандоши Фирдавсин Донабоев билан учрашиб, уни жиноятга жалб қилган. Яъни қўшни республика ҳудудига ноқонуний йўллар билан ўтиш ҳақида олдиндан тил бириктирган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги "Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари ҳақида"ги № 408-сонли қарори билан тасдиқланган белгиланган тартибни менсимасдан Поп туман Пунгон қишлоғидан чегара ҳудудини бузиб, Тожикистон Республикасига ўтишади. У ерда 18 декабрга қадар яшашади. Тожикистон Республикаси фуқароси Санобар Дўстбоева билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришиб, 19 декабрда бир гуруҳ бўлиб, авввалги жойдан ноқонуний ҳолатда бу ёққа ўтаётганликларида ҳарбий қисмнинг чегарачи ходимлари томонидан қўлга олинганлар.

Чегарани бузиш катта жиноят. Кечириб бўлмас айб. Шу боис, ҳар уч шахс қонун талаблари бўйича жиноий жавобгарликка тортилдилар. Шерали Мирзавалиевга 5(беш) йилу 6(олти) ой, Санобар Дўстбоевага ҳам 5(беш) йилу 6(олти) ой қамоқ жазоси белгиланди. Вояга етмаган Фирдавсин Донабоевга эса шартли ҳукм қўлланди. Унга 3 (уч) йил синов муддати белгиланди.

Жиноятчилар ҳозирда айбларига жуда-жуда пушаймон эканликларини айтишди. Лекин энди кеч. Қилмиш-қидирмиш деганлари, шу-да.

 

 

ЛОҚАЙДЛИК

Беш ойлик қизчасининг тоби қочган аёл қишлоқ врачлик пунктига етиб келди. Беморнинг аҳволи танглигини сезган умумий амалиёт врачи Мамасоли Қаҳҳоров туман марказий шифохонаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига йўлланма ёзиб берди. У энди нажот излаб Жомашўйга йўл олди. 16 лар чамасида навбатчи врачга мурожаат этди. Йўлдошали Бойназаров болани кўргач, унчалик шошилмади ҳам. Аксинча, бепарво ҳолатда муолажа белгилади. Истимасини туширгач, уни ётқизиб, даволашни давом эттириш ўрнига она-болага уйига рухсат бериб юборди. Лекин беморнинг аҳволи такрор оғирлашиб, ўша куни тунги 22 ларда яна ШТЁБга қайтди. Врач Йўлдошали Бойназаров пинагиниям бузмади, сансоларликка борди. Оқибатда тезкор тиббий муолажалар ўтказиш кечикди. Афсус...

Юқоридагилар асосида жиноят ишлари бў­йича Мингбулоқ туман суди врач Йўлдошали Бойназаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айб­дор деб топди.

У тиббиёт соҳаларида ишлаш ҳуқуқидан 2 (икки) йилга маҳрум этилди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ўтказиш йўли билан 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси ҳам тайинланди.

Жиноятчи жазосини ўтар, лекин ёш гўдакнинг ҳаётига зомин бўлганини унута оладими, шифокор ўз виждони олдида қандай жавоб бераркин?!

Хақ НАЗАР.