У оилали эди, гулдай фарзанди ҳам бор эди. Наманганнинг ўзида ишлаб, яхшигина яшаши мумкин эди. Афсуски, қаноати етмади. Тезда мўмай пул топиш учун Россия Федерациясига йўл солди. Мос­ква вилоятининг Ласина-Петровская туманида ишлай бошлади. Мусофир юртда "дўстлар" орттирди. Диний-экстремистик руҳдаги кимсаларнинг тузоғига илинди. Жамоат йиғилишларида мунтазам қатнашиб "Туркистон ислом ҳаракати" террорчилик ташкилотининг собиқ етакчиси маърузалари ва видеороликларини кўриб-тинглаб, жиҳод ва ҳижратга даъватларини мақуллаб, фикрларига хайрихоҳлик билдириб юрди. Ҳатто уларни телефон хотирасида сақлаб келди. Энг ёмони у ёлғиз эмасди. Ёнидаги яна икки ҳамшаҳари ҳаммаслагига айланганди. Лекин улар узоққа боришолмади.

Эгри йўлнинг бошни эгиб қўйиши ҳаётий ҳақиқатлигини англашлари учун кўп вақт кетмади. 2017 йилда жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида айблари учун жавоб беришларига мажбур бўлишди. Ватанга хиёнатлари, Конституцион тузумга хилоф хатти-ҳаракатлари учун қонуний жазога тортилдилар.

Эндиликда Ином Холиқов, Назир Ҳакимов, Шодмон Рафиқовлар 5-6 йилданга озодликдан маҳрум қилиндилар. Уч хонадон бекаси оила бошлиқларини шу умидда хорижга ишга кузатишганмиди? Ота-оналари фарзандларидан элу юртга хиёнат қилишни кутишганмиди? Етим болаларнинг гуноҳи нимада? Бу саволларнинг қаршисида улар бугун лолу хайрон ҳолатда ич-ичларидан афсус чекишаётган бўлишса ажаб эмас. Ватан-иймон каби муқаддас экан, унга хиёнат эса иймонсизликдир. Ҳеч бир йигит тўғри йўлдан адашмасин. Ўзи ва авлодлари шаънига доғ туширмасин.

Ҳақ НАЗАР.