Элга таниқли ва суюкли кекса шифокор тўғрисида қалам тебратар эканман, аввало, у кишида мужассам бўлган фазилатлар бирма-бир хаёлимдан ўтди. Ширинсухан, юмшоқ табиатли бу инсоннинг ажойиб хислатларидан бири она-Ватанга бўлган фидоийлиги ва садоқат билан меҳнат қилишидир. Тошкент тиббиёт билим юртини аъло баҳолар билан битиргандан бери узоқ йиллик меҳнат фаолияти даврида минг-минглаб инсонлар, айниқса талабалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сид­қидил хизмат қилди.

1952 йилдан вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига қарашли А. Илёсов номидаги 1-касб ҳунар мактабида тиббиёт пункти мудири лавозимида ишлади. Жонкуяр тиббиёт ходимининг елиб-югуришлари туфайли мазкур муассаса барча зарур имкониятларга эга бўлган таянч - намуна тиббиёт пунктига айлантирилди.

Айни пайтда тиббиётга доир таъсирчан мақолалари, турли мавзудаги шеърлари билан ҳам Жўра Саидаҳмедов оммавий ахборот воситаларида мунтазам қатнашиб келмоқда. Бош­қалардан ажралиб турадиган яна бир хислатлари меҳрибон ота сифатида ёшларнинг бошига тушган барча ғам- ташвишларни бирга баҳам кўриб, уларнинг баркамол улға­йишлари ҳамда зарур билим эгаллашларию, касб-ҳунар ўрганишларида кўмакларини асло аямаганликларидир. Ана шунинг учун ҳам шогирдларининг беқиёс муҳаббатига сазовор бўлмоқ­далар.

Жўра отадан меҳр олиб, ўсиб - улғайган ёшлар бугун ҳалол - поклик билан эл-юрт хизматини адо этмоқдалар. Султонбой Нурматов - ҳисобчи, Алимардон Ғаффоров - ички ишлар идораси ходими, Иброҳим Нурматов - ўқитувчи, Сирожиддин Нурматов - ҳисобчи, Абдужаббор Эгамбердиев - шифокор, Зуҳриддин Нурматов - ўқитувчи, Моҳиржон Тўраев - харбий хизматчи, Ҳошимбой Омонов - сартарош, Илҳомжон Тиллабоев - ошпаз, Яшнарбек Хамидов - маданият ходими... рўйхатни яна давом эттиравериш мумкин. Чунки отанинг олийҳимматидан баҳраманд бўлганларнинг жуда сафи кенг.

Моҳир шифокор, юксак эзгу фазилатлар соҳибининг меҳнатлари муносиб тақдирланган.

К. ХЎЖАМБЕРДИЕВ.