Ҳамма ҳамкасблари сингари Сайфиддин ҳам болалигидан шифокорликни орзулаган экан. Бунинг учун Наманган шаҳридаги 7-ўрта мактабда аъло баҳоларга ўқиган, сўнгра Тошкент Давлат тиббиёт институтида таҳсил олган. Олти йиллик сабоқ уни беморларга нажоткор бўлиш лаёқатига эга қилди. Ахир устозлар қўлида билим ва амалиётни чуқур ўзлаштирди-да.
У 1958 йили Норин туман марказий шифохонасида ички касалликлар врачи сифатида иш бошлаган. Албатта, ўша пайтларда тиббиётимиз ҳозиргидек ривожланмаганди. Малакали шифокорлар етарли эмасди. Битта дўхтир бир йўла бир неча мутахассисликларни эгаллаши заруратга айланганди. Сайфиддин эса бунга амалда эриша борди. Ҳам терапевт, ҳам кардиолог, ҳам уролог вазифасини уддалашга астойдил ҳаракат қилди. Тинмай малакасини мукаммаллаштириш ҳаракатида бўлди. Турли қўлланмаларни синчиклаб ўқиб-ўрганди, беморларни даволашда синаб кўра бошлади. Энг муҳими, изланишлари ўз самарасини берди, тажриба орттирди. Буни кўрган бош врач Ҳамитхон Ботиров Сайфиддиннинг интилишларини қўллаб-қувватлади. Ҳатто юксак орзуларига рағбат ёғдирди. Энг керакли кадр бўлишига қарамай, унга катта ишонч билдириб, Андижон Давлат тиббиёт институтида ишлаши учун тавсиянома ёзиб берди.
С. Зайниддинов бўлажак тиббиётчиларга дарс ўтиши билан бирга нафақат Андижон, балки Наманган ва Фарғона вилоятларининг даволаш-профилактика муассасаларига тез-тез бориб, фаолиятларини кузатди, қимматли йўл-йўриқ ҳамда маслаҳатларини аямади. Айни маҳалда илмий-тадқиқотчилик ишлари билан фаол шуғулланди. 1974 йили "Юрак-қон томирларида учрайдиган хасталиклар ва уларни даволаш усуллари" мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.
70-йилларнинг охирларида Наманганга ишга қайтган олим-шифокор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош терапевти лавозимида хизмат қилди. Кейин эса шаҳардаги 2-шифохонанинг ички касалликлар бўлимини бошқарди. Қанчадан-қанча кишиларни турли-туман дардлардан халос этди. Бошқача айтганда, бўлимда юрак-қон томир, ўпка, нафас йўлларининг яллиғланиши, астма, ошқозон, ўн икки бармоқли ичак, жигар, ўт пуфак, буйрак касалликларига дучор бўлган беморлар моҳир шифокордан нажот топдилар. Улар ўнлаб эмас, балки юзлаб, минглаб десак ҳам асло муболаға эмас.
Чорак асрдан зиёд вақт ичида эҳ-ҳа кимларни даволамади-ю, кимлардан миннатдорчиликлар эшитмади дейсиз. Қора муқовали қалин дафтар бугун у кишининг энг ардоқли бойлиги гўё. Боиси, шифо топган хасталар ўзларининг олқишу эътирофларини, дил изҳорларини битиб қўйишган. Уларни бир-бир вароқлаб, дўхтир беихтиёр ёшлик дамларини эслайдилар. Яна ўша пайтдагидек кўнгиллари яйраб - яшнайди.
Шахсий архивларида сақланаётган қимматли фахрий ёрлиқлару ҳужжатлар ичида қуйидаги хат ғоят эътиборга лойиқ: "Сизни Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги Боғолон қишлоғига таклиф этамиз. Мақсадимиз шундан иборатки, тажрибага бой врач, айниқса шифобахш гиёҳлар билимдони эканингиздан фойдаланишдир. Вилоятимиз аҳолисининг Сизга ихлоси баланд. Келиб, сернаф муолажаларингизни аямайсиз деган умиддамиз.
Қишлоқ аҳли номидан А. Тожиязов".
Мустақиллик йилларида нафақада бўлишларига қарамай, халқ табобати билан машғул бўлаётган кекса шифокоримиз бетиним саъй-ҳаракатлари билан эл саломатлигини сақлашга ҳамон баҳоли қудрат ҳисса қўшиб юрибдилар. Эзгу ниятли отахон ёшларга фойдали маслаҳатларини асло дариғ тутмайдилар.
Мулойим ва меҳрибон мураббий сифатида алоҳида ҳурмат - эътиборга сазовордирлар.
Содиқ Сайҳун.