Биз бугун баралла айта оламизки, истиқлолимиз меъморига айланган улуғ инсоннинг сафдош шогирди Шавкат Миромонович Мирзиёев билан Ўзбекистонимизнинг янги тараққиёт босқичига қадам қўйдик. Мана, қўлимизда "Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз" номли китоби. Мазкур рисола Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқдан иборат.
Бу нутқни аввал ҳам тинглаган, матбуот саҳифаларида ўқиган бўлишимизга қарамай, такрорий мутолаа чоғида муҳим ҳаётий хулосалару серқирра сабоқларни янада кўпроқ англаб етамиз. Буюк бунёдкорлик йўлини танлаган, ўзига хос тараққиёт тамойилларини турмушига сингдираётган халқимизнинг зиммасидаги улуғвор масъулият юкини теран ва чуқурроқ ҳис этамиз.
Президентимиз қўшма мажлис минбаридан туриб, Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, жамоат ташкилотлари, бутун халқимизнинг саъй-ҳаракатларини Биринчи Президентимиз, ҳаммамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган ягона мақсад йўлида бирлаштиришга даъват этганлар. Бу олийжаноб мақсад - изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишни кўзда тутади.
Юксак марралар - юксакларга интилганларга насиб этишини жуда яхши биламизу, агар чуқурроқ ўйлаб қарасак, жуда яхши билишимизнинг ўзигина кифоя қилмайди-да. Бетиним интилиш, интилганда ҳам муттасил ривожланиш сари дадил ва шахдам қадамлар қўйишимиз зарурдан зарурдир. Ватан тараққиёти - давлат сиёсатининг бош масаласи экан, шу Ватан соҳиблари бўлмиш халқининг бир ёқадан бош чиқариб, якдилликдаги бетиним ҳаракатига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Азамат халқгина буюк давлат қуришга қодир. Сайловларда ўзига юксак ишонч билдирган халқининг куч-қудратига айни пайтда Президентимиз ҳам қатъий ишонади. Шунинг учун сайловолди учрашув ва суҳбатларнинг якуний хулосалари бундан буёнги фаолиятларида дастурий қўлланма бўлиб хизмат қилишини айтиб, қуйидаги асосий ва муҳим вазифалар кўламига, уларни қандай бажариш йўл-йўриқларига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтганлар:
"Биринчидан, биз муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттирамиз", деганлар.
Дарҳақиқат, биз мустақилликнинг 25 йиллик даври мобайнида янги йўлдан янгича ҳаёт сари мардонавор одимладик. Келажаги буюк мамлакатнинг мустаҳкам пойдеворини яратдик. Дунёда Ўзбекистон давлати ўз ўрнини топиши, ўз мавқеига кўтарилиши учун барча соҳалардаги ислоҳотларимиз изчил ва самарадор бўлишини таъминлай олдик. Бундан буёғига ҳам равнақу ривожнинг барқарору бардавомлигига эришишга, аввало, Президентимизни юрт отаси сифатида, халқимизни шу азиз Ватаннинг фидойи фуқаролари сифатида бурчдорлик туйғуси бетиним ҳаракатга солиб тураверади.
"Иккинчидан, мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман". Президентимизнинг бу гаплари ҳар биримизда ҳам ғоят масъулият ҳиссини уйғотиши шарт. Ахир диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшашади, 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият олиб боради. Уларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги қонунлар асосида кафолатланган. Айни маҳалда диний бағрикенглик муҳити ҳукм сурмоқда. Бундан буён ҳам шундай бўлиб қолмоқлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаверади. Инчунун, қаерда аҳил-иноқлик мустаҳкам асосга эга бўлса, ўша жойда инсонларнинг меҳр-оқибати тобора зиёдалашиб, биргаликдаги тотув турмушлари ҳаловатига путур етмайди. Ёнма-ён, елкама-елка туриб, ҳалол ва фаол меҳнат қилишлари мамлакат ривожига етарли имконият яратиб бераверади. Шунинг ўзиёқ миллатлар ва фуқароларнинг бугуни ва эртасига чароғонлик бағишлаши шубҳасиз.
"Учинчидан, халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз, деб ҳисоблаймиз". Президентимиз бу вазифани бажаришда буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: "Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!" деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зурурлигини истайдилар. Ўз навбатида "Бу масала, энг аввало, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, бутун суд тизими, прокуратура, ички ишлар, назорат органлари раҳбарлари ва ҳодимларининг, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг бевосита вазифасидир", дея таъкидлайдилар.
Агар шу вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига эришилса, жамиятда ҳеч бир инсонда норозилик кайфияти туғилмайди, ҳатто у айбдор бўлса, айбини тан олиб, пушаймонлик чекади, тўғри йўлга ўтишни дил-дилдан хоҳлайди. Адолатли муносабат, адолатли ажрим, адолатли ҳукм ҳеч қачон низолар келтириб чиқармайди. Аксинча, одамларнинг ҳаётга, давлат органларига ишончини бениҳоя оширади. Унинг кўнглида эзгулик сари эврилишларни ҳосил қилади. Ҳаётига осудалик ва ҳаловатни қайтаради.
"Тўртинчидан, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишини таъминлашдек муҳим тамойил ва устувор вазифани амалга ошириш, давлат раҳбари сифатида мен учун стратегик вазифа бўлиб қолади". Президентимиз шундай дер экан, сиз билан биз ҳам ишлаб чиқаришнинг барча тармоқларидаги ривожга ривож қўшиш борасида нафақат бош қотиришимиз, балки, билим, куч ва салоҳиятимиз билан амалиётда фаол қатнашишимиз лозим.
Президентимиз қатор қарор ва фармонлари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни ўз вақтида қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириш чора-тадбирларини кўраётирлар. Бундан кўзланган асосий мақсад-муддао юртни иқтисодий жиҳатдан юксалтиришга қодир инсонларга кенг йўл бериш билан моддий ноз-неъматлар яратиб, жаҳон андозаларига мос маҳсулотлар тайёрлаб, хорижга экспорт қилиб, пировардида мамлакат бойлигига барака киритишдир. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар қанча кўпайса, янги-янги иш ўринлари яратилаверса, одамларнинг, оилаларнинг моддий ҳолати шунчалик яхшиланиб бораверади. Бежиз Президентимиз: "Мен такрор бўлса ҳам, айтишдан ҳеч қачон чарчамайман, яъни "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади" демаяптилар. Бу гапларнинг замирида ўзбек халқининг фаровон ҳаётини таъминлашдек эзгу ният ётибди.
"Бешинчидан, биз амалга ошираётган иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришларнинг самараси, биринчи навбатда, аҳолининг моддий аҳволи ва фаровонлигини, унинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қай даражада таъсир кўрсатаётгани билан ўлчанади", дея Президентимиз алоҳида уқтирадилар. Шунинг учун ижтимоий масалаларга жиддий эътибор қаратилишини айтиб, бу борада аниқ мақсадли дастурлар қабул қилинишини, уларнинг ижросига жадал киришилишини маълум қилганлар. Айни дамда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳолининг уларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, жумладан, мақбул нархлар бўйича кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан халқимизни тўлиқ таъминлаш муҳим вазифалар қаторига киритилганди.
Энг қувончлиси шундаки, тиббиёт соҳасидаги бугунги кескин ўзгаришлар 2016 йилнинг 14 декабридаги мазкур нутқда алоҳида вазифа қилиб қўйилган эди. Чунончи, Президентимизни: "Биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам ва юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган, иқтисослашган махсус марказларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш Ҳукуматнинг эътибор марказида бўлиши даркор" деган кўрсатмалари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида режадан натижага айлантирилмоқда. Бу, шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соҳадаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш, тиббий хизматни такомиллаштириш билан алоҳида ва изчил шуғулланаётганларининг, айни маҳалда зарур қарор ва фармонлар қабул қилаётганларининг мамнунбахш шарофати эканлигини яққол кўриб-билиб турибмиз.
Президентимизнинг "Олтинчидан, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўришни мен ўзим учун энг муҳим ва устувор вазифа, деб ҳисоблайман" деган таъкидлари ҳам бугун ҳаётий ҳақиқатлиги ҳаммага аён. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да "Президентнинг виртуал қабулхонаси" доимий фаолиятда. Барча вилоятлардаги ҳар бир туман ва шаҳарларда "Халқ қабулхоналари" очилган. Шуниси диққатга сазоворки, халқнинг ичига кириш, дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш масаласи барча бўғинлардаги раҳбарларнинг устувор вазифаси қилиб белгилаб қўйилди. Ҳеч бир мурожаат беэътибор ва натижасиз қолдирилмайди.
Президентимиз айтгандек: "Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак". Ҳозирда худди шундай тамойил амалда. Халқнинг ҳаётдан, давлат сиёсатидан розилигига эришиш ҳар доим муҳим аҳамият касб этаверади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосини ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу китобларида олға сурилган фикр ва ғоялари ташкил этади. Миллий ғоямиз - юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигига ҳамоҳанг равишда муштарак мақсадлар ифодаланган Ҳаракатлар стратегияси амалиёт қўлланмаси тусини олган бир пайтда барчамиз ўзимизни беш йўналишдаги беш йиллик улуғвор вазифаларни бажаришга тўла сафарбар сезишимиз шарт. Шу азиз Ватан барчамизники, менинг ҳаракатим, сенинг ҳаракатинг, унинг ҳаракати ирмоқлардай илгарилаб, қўшилиб дарёларга айланади. Миллионларнинг меҳнатидан мўл-кўлчилик яралади. Ўзбекистонимизнинг юксак тараққиёти жаҳонга таралади. Бугун оқиллик ва халқпарварликни, ташаббускорлик ва ташкилотчиликни, қатъият ва талабчанликни, омилкорлик ва қалби қайноқликни бизнингча муҳтарам Президентимизнинг ўзларидан ўргансак арзийди. Зеро, бирлашиб бор ҳаракат, юксалар ҳур мамлакат!
Манзура АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Халқ-демократик партиясининг "Ёш сиёсатчи - 2017" кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиби.