Аслида Мирабдулло отанинг нафақага чиққанига 20 йилча бўлди. Кексалик гаштини суришдан кўра, яна беморларга нажот бағишлашни афзал билди. У дастлаб тиббиёт билим юрти, сўнг институтни тамомлаб Наманган шаҳри ва Поп туман марказидаги тиббиёт муассасаларида меҳнат қилди. Жонсараклик, куюнчаклик феъл-атвори эса кексайса ҳам тарк этмади. Элига, юртига муттасил наф келтиришни муқаддас бурч деб билади.

- Отам ҳозир ҳам муассаса ишини яхшилашда яқиндан ёрдам бериб келадилар, - дейди ҚВП мудири Мўминжон Мираслонов. - Уларнинг касб ахлоқи маданиятига риоя этиш тўғрисидаги панд-насиҳатларига доимо амал қиламиз.

- 1984 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтини битириб, интернатурани ўтагач, қишлоғимга қайтиб Мирабдуло ота билан ҳозиргача бирга ишлаяпман, - дейди Салоҳиддин Жамолдинов мамнун оҳангда. - Ёшлардек бардам, беморларга жонкуяр, биздек ҳамкасбларга меҳрибон устоздан кўп нарса ўргандим. Бунинг учун у кишидан бир умр миннатдорман.

Отанинг фарзандлари унинг тарбиясини олиб улғайишди. 8 нафар ўғил-қизларнинг етти нафари тиббиёт ходимларидир. Уч нафари ҳамшира, бири доя, Мўминжон врач, Маҳмуджон доришунос. Ҳатто келинлари ҳам ҳамширалардир.

- Юртимизга асло кўз тегмасин, - дейди кекса шифокор. - Ўзбекис­тондек жаннатмакон диёрда яшаётганимиз ўзи бахт. Эл соғлиги учун куч-қувватим, билим, тажрибамни бундан буён ҳеч ҳам аямайман.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.