Ўшанда 1934 йил эди. Кейин бирин-кетин яна саккиз нафар ука-сингиллар қаторлашдию, Раҳматали улғайиб отаси ёнига кириб қолди. Мактабни битирар экан, оила раҳнамоси уни ҳеч узоққа қўйиб юборгиси йўқ эдию, Тошкентдаги қайноғасининг гапи кутилмаганда жуда жўяли туюлди.

- Мен ўқиб кам бўляпманми, келинг шу жиянимни ҳам Тошкентга бошлай, келгусида "дўхтирнинг отасиман" дея кўкрак кериб юрсангиз ёмонми, - деди мозийшунос олим Султонмурод Солиев.

Олти йил ҳам ўтди кетди. 1960 йили Тошкент давлат тиббиёт институти сабоғини аъло баҳоларга ўзлаштирган Раҳматали шунақанги ёқимли йигитга айландики, юриш-туришию, муомаласи билан қишлоқда кўпчиликнинг ҳавасини уйғотди. Ўша йилиёқ Варзик қишлоқ шифохонасига бош врач қилиб юборилди. Мутахассис камлигидан даволовчи шифокор ҳам ўзи бўлди. Нажотталабларнинг дардини енгиллаштиришдан асло ҳоримади. Кундузларини қўя турайлигу, ҳатто кечаларини бедор ўтказиб, беморларининг ёнидан нари кетмади. Оғир бўлса, Чустдаги устозларидан кўмак сўради. Беш йил ўтиб, Каркидон қишлоғида янги шифохона биноси очилганидан бошлаб фаолиятини ўша ерда давом эттирди. Бош врач сифатида аҳил жамоа яратиб, икки йилдаёқ даволаш кўрсаткичларини юқори даражага кўтара олди.

"Керакли кадр - топади қадр" деганларидек Раҳматали Мамадалиевдан туман миқёсида фойдаланишни лозим кўришди "катта"лар. Уни 1977 йили туман марказий касалхонаси бош врачи ўринбосарлигига тайинлашди. Ёш мутахассис аҳоли саломатлигини сақлашнинг энг самарали усулларини барча тиббиёт муассасаларида қўллаш борасида ташкилотчиликни кучайтирди. Тажрибали врач ва ҳамшираларни ёшларга мураббий қилиб белгилаб қўйди. Натижада устозу шогирдчиликнинг азалий анъанаси замонавий тусда амалиётга киритилди. Олти йиллик ўринбосарлик мақомида кўплаб ютуқларга эришилишининг уддабурон ташкилотчиси бўла олди. Энди чинакамига туманнинг бош саломатлик посбонлиги масъулиятини зиммасига юклаш пайти келди. 1983 йилдан бошлаб ўн тўрт йил Чуст туман тиббиётчилари раҳнамоси бўлиб, бениҳоя ва беқиёс ўзгаришларнинг рўёби учун астойдил жон куйдирди. Биринчи раҳбарлик даврининг ярми буйруқбозлик ва тўрачилик ҳукм сурган Шўролар тузуми чоғига тўғри келгани учун Раҳматали Мамадалиев қанча қийналса ҳам сунъий "ғов"ларни мардонавор енгиб ўтишга интилди. Курашчанлик, узоқни кўра билишлик, эртанинг ташвишида бугунни бесамар ўтказмаслик унинг учун ҳаёт тарзига айланиб улгурди.

Раҳматали яхши билардики, йилдан-йилга аҳоли кўпайяпти, касалхоналардаги ўринлар сони эса деярли ўзгаришсиз. Бир вақтлар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов Чуст­га келиб, тантанали очилиш маросимида лентасини қирққан "райболница" орадан кўп йиллар ўтиб, тобора торлик қилиб бор­япти. Агар ҳозирдан ҳаракатга тушилмаса, келгусида халқ қийналиб қолиши мумкин. Раҳматали шуни ўйлаб тинчини йўқотди. Шаҳарга ёндош кенг ва баҳаво жойда янги даволаш комплекси қурилишини мўлжаллаб, унинг лойиҳасини тайёрлатишга енг шимарди. Сўнг ер танлаш ва ер ажратиш масаласини ҳал этиш учун райижроқўмга кирди. Қарор чиқарувчи ижро идораси бошлиғи қувониб, қўллаб қувватласа керак деб ўйлаганди. Афсуски, янглишган экан

- Янги шаҳардаги уч қаватли касалхона етади, нима қиласиз бошимизни қотириб, - деди кутилмагандан шаҳдини пасайтиришга уринган ижроқўм раиси.

- У касалхонадаги ҳақиқий ҳолат бизга ойнадай аён, беморларни сиғдиролмаяпмиз, икки кишилик хонага уч-тўртадан кроват жойлаштириб қўйганимиз билан нима ўзгаради. Эртага аҳвол баттар оғирлашса, одамларнинг юзига қандай қараймиз? - Таа­жжубга тушди бош врач.

- Эй, менга қара, патриот, янги шифохона қурилмайди дедимми, қурилмайди, - жаҳлланганидан масалага нуқта қўйишга шошилди туманнинг катта раҳбари.

- Сиз ҳам мени эшитиб қў­йинг, райижроқўм раиси, бугун бўлмаса, барибир эртага қурилади. Халқнинг талаби шу. Керак бўлса, уйимни сотиб ҳам, ҳону-монимни сарфлаб ҳам ниятимга етаман! - Бўш келмади Раҳматали.

У зарда билан хонани тарк этди. Буни қарангки, орадан кўп вақт ўтмади. Туман раҳбари ўзгарди. Элу юрт ғами билан яшайдиган бош шифокорни Набихон Турғунов райкомга чорлади. Аввалги воқеалар ҳақидаги ҳар-хил гаплар у кишининг қулоғига ҳам етган экан. Бош врачни тинглаб, масаланинг тагига етгач: "Жуда хайрли ишга уринаётган экансиз, хотиржам бўлинг, албатта қурамиз. Ерни танлайверинг. Қарорни биз чиқариб берамиз" деди қатъий ва кескин равишда.

Илк баҳор кунлари Раҳматали уйига хурсанд қайтди. Қурилиш бошланаётганини дадаси Мамадали акага ва укаси Маъруфалига суюнчилади. Бульдозер текислаган ерга бинолар тархи оҳак билан чизилганини, ҳозироқ бирга бориб кўришлари кераклигини айтди. Учовлон яйдоқ далага етиб боришди.

- Дада, бинолар ҳудудни тўрт тарафдан қўрғондек ўрайди, - тушунтиришга тушди Раҳматали, - манаву узун пастга кетгани икки қаватли поликлиниканинг ўрни.

Негадир Мамадали ака жиддий тортиб қолди.

- Раматвой, танлаган жойинг яп-яланг изғирин изғийдиган даштку, бу ерларга одам келадими ўзи?!

Ўғил ҳам кўнглидагини яширмади.

- Эҳ-ҳе, ҳали кўрасиз, дада, яйдоқ тепалик жаннат қиёфасига киритилади. Боғу гулзорлар яратилади. Йўллар чиқарилади. Шифохона ишга тушгач, ёнида турли-туман маиший-савдо бинолари тикланади. Ҳатто, одамлар уй-жойлар қуришади. - Раҳматали ишонч билан гапираркан, тўғрими дегандек укаси Маъруфалига қаради.

- Дада, акам бир нарсани билмасалар гапирмайдилар, - маъқуллади у ҳам.

- Худоё айтганларингни тезроқ кўрай, болам! - Чол дуога қўл очди. Шу дуо Раҳматалининг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб юборди чамаси.

Бунёдкор бош врач бир тарафда даволаш ишларига зўр берар, бир тарафда қурилишнинг боришини кузатиб, кунаро туғилиб турадиган майда муаммоларни ўз ўрнида ечиш харакатига тушар. Мабодо, Наманган ёки Тошкентдаги идораларга дахлдор масалалар чиқиб қолса, дарров хизмат машинаси шофёри Тоҳир Усмоновга "Нива"ни ўт олдир, газни бос, қурувчиларнинг иши тўхтаб қолмасин" деганча гоҳ вилоят марказига, гоҳ республика пойтахтига йўл солаверарди. Ниҳоят Боғишамолда мўъжаз тиббиёт шаҳарчаси қад ростлади-ёв. Ана ўша 1990 йил февралидаги тантанали ва унутилмас лаҳзалардаги у кишининг бахтиёр онларини кўрсангиз эди. Инсоннинг мақсад манзилларига не-не машаққатлар билан етиб келиши унинг кўнглини тоғ қадар юксалтириши табиий ҳол эканлигини чуқур англаб етардингиз. Бугун марказий поликлиника биносининг бир четига ўрнатилган лавҳада Раҳматали Мамадалиевнинг номлари, қутлуғ сана ўйиб битилганлигига кўзингиз тушади. Халқ учун амалга оширилган эзгу ишлар ҳеч қачон унутилмаслиги шундан далолат. Наинки, мармар лавҳага, айни маҳалда одамларнинг қалбларига ҳам муҳрланиб улгургани ҳаётий ҳақиқатдир.

Раҳматали Мамадалиевнинг юксак инсоний фазилатлари беқиёсу бетакрорлигини унинг яқинлари, ҳамкасблари, шогирдлари хотираларидан билиб олдик. У таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик юзасидан ҳеч кимга ён босмаган. Барчага бирдай муносабат турмуш тарзига сингиб кетган эди.

- Акам билан ишлаган чоғларимда ҳеч вақт у кишининг саховатидан баҳраманд бўлмаганман, ҳатто бошқа бегоналар каби, - дея хотирлайди Олмос ҳудудий шифохонаси бош врачи бўлиб ишлаган Маъруфали Мамадалиев. - Кечагидай ёдимда, Боғишамол мавзейидаги тиббиёт муассасаси янги ишга туширилганида жиҳозлар кўплигидан бир қисми қишлоқ шифохоналарига тарқатилди. Улар қатори менинг жамоамга ҳам битта трюмо тегиб, терапия бўлимининг залига қўйдириб қўйдим. Бир куни акам шифохонамизга киришлари билан янги жиҳозга кўзлари тушди.

- Қаердан олдинг? - деб сўраб қолдилар.

- Боғишамолдан, - дедим яширмасдан.

- Бугуноқ элтиб ташла! - дедилар қатъий.

- Ака, ахир бошқалар ҳам олдику...

- Бошқалар бошқа, сен менинг укамсан, тилимни қисма!

Яна ялиндим, эритмоқчи бўлдим.

- Бас қил маддоҳликни, йўқол кўзимдан, - жаҳлландилар баттар.

Қарасам, юзлари учяпти. Акамнинг жаҳллари чиқса, шундай бўларди.

Миқ этишим ортиқча. Дарров трюмони Боғишамолга қайтардим.

Ҳа, менинг мана шундай ҳалол, мард, ҳазрати инсон акам бор эдилар...

Раҳматали Мамадалиев туманнинг марказидаги тиббий муассасаларгагинамас, барча қишлоқлардаги давогоҳларга теппа-тенг теран нигоҳ билан қаради. Туманнинг бош саломатлик посбони масъулиятини 1997 йилгача, яъни пенсияга чиққунича зиммасида мардона кўтара олди. Варзик, Каркидон, Ғова, Оғасарой, Янгиобод, Шаёнбоймоқ қишлоқларида янги типовой шифохона бинолари ҳамда врачлик пунктлари қурилишини таъминлади. Халқнинг юксак ишонч ва эҳтиромига сазоворланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фахрий ёрлиқларига сазовор бўлди. Бир неча бор туман Кенгашига, истиқлол йилларида вилоят Кенгашига депутатликка сайланди. Кўксини "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" нишони безади.

Умрининг сўнгги йилларида "Барча қишлоқларга янги бинолар қурдираверибману, ўзимнинг Олмосимга етарли эътибор беролмабман. Бу ерга ҳам шифохона қуролганимда эди..."деган армонли сўзларни кўп бор тилга олган эканлар. Отанинг орзуларини бугун фарзандлари рўёбга чиқаришган. Олмосда "Раҳматуллаобод" хусусий шифохонасининг эшиклари давоталабларга ҳамиша очиқ. Икки қаватли муҳташам бинода худди пойтахтдаги шифохоналардек шароитлар муҳайё. Ҳар куни "Отангга раҳмат!"деган олқишларни олиш эса фарзанд­ларига нақадар мароқли. Раҳматали дўхтир аввал ҳам раҳматларга муносиб эди, ҳозир ҳам шундай толега эгалиги унинг руҳларини шодлантираётган бўлса не ажаб!..

Содиқ САЙҲУН.