Мустақиллик йилларида муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар боис соғлиқни сақлаш тизимида юксалиш жараёни боряпти. Тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятлари ривожлантирилмоқда. Шифокорлик касбининг нуфузи кўтарилди. Сидқидилдан хизмат қилаётган соҳа фидоийлари доимо қадрланмоқда.

Жорий йилдаги анъанавий байрам ҳар бир шифо масканида ғоят кўтаринкилик билан ўтганлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Турли маросиму тадбирларга тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳаёти, ижоди ва илмий фаолиятини ўрганишга бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар уйғунлашиб келганлиги шодиёна мазмун-моҳиятини янада ошириб юборди. Бинобарин, вилоят ҳокимлигининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкиллаган байрам тадбири эса ана шу жараённинг давоми бўлди.

Шу куни "Шодиёна" мажмуи ўзгача тароватга бурканди. Буюк бобоколонимиз илмий меросини ўрганишга бағишланган махсус кўргазма байрам иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. "Буюк аждодларимиз" туркумидаги "Абу Али ибн Сино" номли ҳужжатли фильм намойиши чоғида эса саломатлик посбонлари аллома ҳаёти ва унинг илмий фаолияти ҳақидаги тушунчаларини янада бойитдилар.

Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Баҳодир Юсупов тадбирда иштирок этиб, вилоятимиз тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан қутлади. Соҳада кечаётган ислоҳотлар бераётган беқиёс самаралар Наманган тиббиётида ҳам ўз аксини топаётганлигини мамнуният билан таъкидлади. Шу ўринда улуғ аждодимиз Ибн Сино қолдирган бой илмий меросни чуқур ўрганиш ҳар бир тиббиёт ходимнинг вазифаси эканлигини айтди. Вилоятимиз раҳбари эл саломатлигини мустаҳкамлашда алоҳида ибрат кўрсатаётган бир гуруҳ илғор соғлиқни сақлаш ходимларига Фахрий ёрлиқлар топширди.

Тантанали маросимда аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш ишларида ўзини кўрсатган, етарлича иш тажрибаси ва касб малакасига эга бўлган, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришганлиги учун Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонларига сазовор бўлган бир гуруҳ фаоллар рағбатлантирилди. Шунингдек, илк бора уюштирилган "Йилнинг энг яхши шифокорлари" ва "Йилнинг энг яхши тиббиёт муассасалари" танлови ғолибларига эсдалик мукофотлари топширилди. Жумладан, Уйчи туманидаги "Хизробод" қишлоқ врачлик пункти "Йилнинг энг яхши ҚВПси", Наманган шаҳридаги 3-оилавий поликлиника "Йилнинг энг яхши оилавий поликлиникаси", РШТЁИМ вилоят филиали "Йилнинг энг яхши шифохонаси" деб эътироф этилди.

Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ва бошқалар маросимда сўз олиб, улуғ аллома Ибн Сино ўгитларига амал қилган ҳолда келгусида тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш учун астойдил изланиш ҳамда интилиш фаолият мезонига айланишини таъкидладилар.

Таниқли санъаткорларнинг чиқишлари эса байрамга файзу тароват, кўтаринкилик бағишлади.