Ҳикоямиз қаҳрамони Уйчи туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси эндокринологи Неъматжон ака Режаббоев. Бу инсон 36 йиллик иш тажрибасига эга, ҳалол меҳнати, камтарлиги, касбига садоқати боис жамоада, туманда обрў топди, ҳурмат қозонди.

1958 йили Бирлашган қишлоғида Абдуллажон ака ва Сорахон опалар оиласида учинчи фарзанд дунёга келди. Қишлоқдаги 7-мактабда таҳсил олган Неъматжонни шифокор бўлиш орзуси Андижон Давлат тиббиёт институтига етаклади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, 6 йил давомида устозлар сабоғидан баҳраманд бўлди.

1981 йили даволаш факультетини тамомлаб, Наманган шаҳар шифохонасида интернатура босқичини ўтади. Сўнг Уйчи туман марказий шифохонаси ички касалликлар бўлимида терапевт-врач сифатида иш бошлади. "Тез ёрдам" бўлими мудири бўлиб фаолият юритди. 1984 йили устози эндокринолог Боймирза Холматов тавсияси билан Тошкент шаҳрида малака ошириб қайтди.

Ўшандан буён марказий поликлиниканинг эндокринолог шифокори. У беморлар билан муомала-муносабатда, ташхис қўйиш, назария ва амалиёт бирлиги масалаларида устозлари Боймирза Холматов ва Тоҳиржон Мусахоновларнинг беминнат кўмагини миннатдорчилик билан тилга олади.

Қандли диабет касаллиги бошқа касалликлардан инжиқлиги, "айёрлиги" ҳамда айни дамда давоси мураккаблиги боис ҳар томонлама шифокор зиммасига катта масъулият юкланади. Ҳар бир бемор билан ўзига хос муомала, муолажа ўтказиш керак. Инжиқликларини кўтариш, руҳиятини тушуниш, эринмай тушунтириш, сабр билан даволаш зарур. Н. Режаббоевда худди шу сабр, чидам топилади.

Шифокорнинг беморларни қабул қилиш жараёнини кузатиб, ундаги босиқлик, муомала маданияти, ҳар бир беморнинг касаллик тарихини билиши, қандай даво муолажаларини қабул қилаётганлиги, руҳиятини яхши англаши - бари касбга садоқат ва фидойилик натижаси бўлса керак, деб ўйладим.

Неъматжон ака билан суҳбатимиз касаллик, унинг келиб чиқиш сабаблари ва даволаш муаммолари хусусида борди.

- Соғлом турмуш тарзининг бузилиши, нас­лий мойиллик, жисмоний ҳаракатнинг камлиги, ортиқча семизлик каби омиллар касалликнинг кўпайишига олиб келяпти. Касалликни эрта аниқлаш асоратларнинг олдини олишга ёрдам беради. Парҳез, жисмоний фаоллик, руҳий тетиклик касалликни даволашда муҳим ҳисобланади, - дейди моҳир врач алоҳида таъкидлаб.

Ҳар ойда ўтказиладиган эндокринолог шифокорлар конференциялари, касбдошлар билан тажриба, фикр алмашиш, соҳа янгиликларидан мунтазам хабардор бўлиш, илмий адабиётлар, халқ табобати тажрибаларини ўрганиш... Шифокоримиз беморлар дардига малҳам топиш учун ҳамиша изланишда.

Олти набиранинг бобоси, фарзандларининг ишонган тоғи, жамоасининг фахри, олий тоифали шифокор Неъматжон Режаббоев элга хизмат қилишдек шарафли касбидан мамнун.Шифокор деган улуғ номга мушарраф бўлгани учун, "Бахтлиман!" дейишга ҳақли инсон.

Наима РАҲМОНОВА,

Уйчи тумани.