Дунёдаги турли давлат вакиллари иштирокида халқаро анжуманлар чоғида қўйилган байроқлар қаторида ўзимизникига кўзимиз тушиб, унинг уч ранглилиги ғоят ярашимли ҳамда ғоят чиройли эканини қалбдан ҳис этамиз. У тўқ мовий, оқ ва тўқ яшил учта эндан таркиб топган тўрт бурчак шаклдаги матодир. Узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Ҳар бир энининг кенглиги 40 сантиметр. Ўртасидаги оқининг четларидан 2,5 сантиметрли қизил ҳошия ўтказилган. Рамздаги рамзлар ҳам ўзига хос маънолар беради. Оқ рангли ой ва унинг ёнидаги ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдузлар шундай.
Давлат рамзлари қабул қилинган кунларни оммавий равишда нишонлашимиз мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов айтганларидек: "Давлатимиз рамзлари-байроқ, тамға, мадҳия Ўзбекистон халқларининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Мана шу рамзларни эъзозлаш-ўзининг қадр-қимматини, ўз мамлакатига ва шахсан ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш демакдир. Ўз мамлакати билан фахрланадиган инсон жуда кўп нарсаларга қодирдир. Бу эса оиланинг ҳам, ўз Ватанининг ҳам довруғини оширади".