- Қани тортинмай айтингчи, отахонни нималар безовта қиляпти? - деди мулойимлик билан.
- Аҳволлари оғир, икки-уч кундан буён яхшироқ ёзилолмаяптилар, - деди ёнидаги ўғли, - бошлари айланиб, қайт қилдилар, тош-пош тиқилиб қолмадимикин?
- Бу кексаларнинг касаллиги, қовуқда пешоб тутилган, илмий тилда аденома деймиз,- тушунтира кетди врач. - Ҳозироқ УЗИга туширамиз, қон таҳлилини ўтказамиз. Озгина чидаб турсалар бас, тезда дарддан қутултирамиз.
Бемор аппаратда шошилинч текширувдан ўтказилганида олдиндан қўйилган ташҳис тўғри чиқди. Ҳушини йўқотаёзган 75 ёшли Абдусаттор Абдураҳмонов тиббиёт марказининг нефрология бўлимига ўтказилди. Зудлик билан Содиқжон Абдуллаев ҳамкасби Абдулҳафиз Убайдуллаев билан зарур муолажага киришишди. Унинг қовуғига катетор қўйиб, пешоб сунъий юргизиб юборилди. Беморнинг кўзи ялт этиб очилгандек бўлди. Оғриқ чекинди, ўзини қушдай енгил сеза бошлади.
- Ҳе, раҳмат-ей! - деди нажоткорларга жилмайиб отахон. - Ўлишимга сал қолганди-я!..
- Учқўрғонлик невропатолог Садбара Маматова Тошкентда малака ошираётган экан,- дейди яна бир унутилмас воқеани ёдга олиб Содиқжон Маҳмудович,- қабулимга кириш учун ўша ёқдан Наманганга шошилибди. "Сизни тавсия этишди республикадаги мутахассислар, буйрак тошини олиб ташлашда тажрибангиз катта экан"- деди умидворлик билан. - Қаттиқ оғриқ турганида чидаб бўлмаяпти. Тезроқ чорасини кўрсангиз.
- Албатта, қўлимиздан келганини қиламиз, - дедим яхши натижага эришишга қатъий ишонган ҳолатда. Чунки, ўша кунларда пойтахтдаги малака ошириш институтида ишлайдиган устозим Ҳамид Мирзаевич Оғамуродов ҳам ёнимизда эди. Сайёр машғулотларни марказда ўтказаётганди. Домла билан бирга Садбарадаги тошчани муваффақиятли олиб ташладик. Буни қарангки, барча тошчалар доимо сип-силлиқ бўладию, буники панжали экан, найча деворига санчилиб, канадай ёпишволибди-я. Барибир операцияни бешикаст якунлаб, унинг қўлига танасидаги "бешафқат душман"ни топширдик...
Биз врачнинг яқиндагина ўтказган фақат икки муолажасинигина мисол тариқасида ёздик, холос. Аслида у кунига 15-20 тадан шифоталабларни қабул қилади. Ҳозирда бевосита ўзи жарроҳлик амалиёти билан шуғулланмасада, кўп йиллик хизмати даврида 4300 нафардан зиёд беморда операция ўтказган. Энг муҳими, деярли барчасида дард устидан ғолиб чиққан.
2013 йили тиббиёт ходимлари байрами муносабати билан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас.
Инсон ўз касбининг устаси бўлмоғи учун аввало, етарли билимга, сўнгра катта амалий тажрибага эга бўлиши шарт. Содиқжон Абдуллаевда бу иккиси тўла мужассам. Ахир у салкам олтмиш йил умр кўряпти, ўттиз олти йилдан буён шифокорлик халати эгнида. Ўрта Осиё тиббиёт-педиатрия институтини тамомлагандан буён Наманган вилояти шифокорлари сафига қўшилган. Болалар жарроҳи, урологи эндиликда катта ёшдаги беморларнинг ҳам энг яқин нажоткорига айланган. Болалар шифохонасида, поликлиникасида, "Узэлектротерм"нинг тиббий-санитария қисмида узоқ вақт ишлади. 2001-2008 йилларда вилоят урология марказида хизмат қилди. Етти йилдан буён вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг консультатив - диагностика бўлимида уролог врач. Жорий йилдан эса марказнинг илмий ишлар бўйича сектор бошлиғи ҳамдир.
Демак, у ҳам нажоткор, ҳам ижодкор инсон. Нажоткорлигини юқорида ҳикоя қилдик, энди ижодкорлигига тўхталсак. Врачнинг хонаси бошқа ҳамкасблариникидан "бойроқ". Негаки, китоблар, илмий тўпламлар, журналлар жавонига дид билан териб қўйилган. Улардан бири кўк муқовали қалин китобга кўз югуртирамиз. "Профилактик тиббиёт: бугун ва эртага" деб номланибди. Республика тиббиётчиларининг илмий-амалий анжумани муносабати билан чоп этилибди. Тўпламнинг биринчи мақоласи - "Сурункали буйрак етишмовчилиги бор беморларда анемияни даволашни оптималлаштириш"нинг ҳаммуаллифи Содиқжон Абдуллаев экан. "Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси бюллетени"нинг 2014 йил 2- жилдида ижодкор врач "Диабетик нефропатия билан оғриган беморларни комплекс даволашда канефрон - фитопрепарати томчи шаклини қўллашнинг афзалликлари" мақоласи билан қатнашибди. Бу мақоланинг қимматли жиҳати шундаки, ундан илмий тадқиқотчилар самарали фойдаланишлари мумкин. Яна "Тиббиёт ва замон" журналининг 30 та сонида шунча мақоласи ёритилибди. Ҳар бири ўзгача, буйрак касалликларининг турли жиҳатлари ҳақида фикр юритилган, даволаш йўллари кўрсатилган, олдини олиш хусусида йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берилган.
Тиббиётнинг икки жабҳаси жонкуяри билан суҳбатлашсангиз самимийлигию, эзгу ниятларга ошнолиги беихтиёр эътиборингизни тортади. У устозларининг кичигидан тортиб каттасигача улуғлаб тилга олади. Мактабдаги кимё ўқитувчиси Маҳмуджон Ҳайдаров, институтдаги профессор домлалари Султон Долимов, Амин Сулаймонов, Вали Аминов, Суннатилла Асомов, Рашод Аляви, Шахи Искакжанов, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология ва нефрология кафедраси мудири, профессор Асилбек Ғайбуллаев, иш фаолияти давомида фойдали маслаҳатларини аямаган педиатр-жарроҳлар, урологлар Акромжон Алиназаров, Латифжон Жўрабоев, Ҳасанжон Жумабоев, Аҳмаджон Мамажоновлар ана шулар жумласидандир. Шогирдлари эса шунча кўпки, қайси бирини тилга олишниям билмайсан.
Содиқжон Абдуллаев фаол тарғиботчи сифатида марказ жамоаси билан ташкилланадиган "Маънавият соат"ларининг етакчи воизи ҳисобланади. Кўп ўқийди, кўп билади ва айни пайтда уққанларини ҳамкасбларига, айниқса ёшларга "юқтириш" ҳаракатидан асло ҳормайди. Аксинча, ғоят фахрланади. Ҳозирда марказдаги 40 ёшгача бўлган шифокорлардан 25 нафарини жаҳон тиббиёти янгиликлари ва илғор тажрибалар билан таништириб бориш вазифасигача ижодкор врач зиммасига юклатилган. Ҳафтада бир марта ўқув машғулоти ўтказилмоқда.
Содиқжон Абдуллаев ҳавас қилса арзигудай оила соҳиби ҳамдир. Турмушдоши Маъсуда ая Наманган Давлат университетининг олима-муаллимаси. Фарзандлари Нилуфар, Дилмурод, Нигора университет ҳамда коллеж ўқитувчиларидир. Наргиза ўрта тиббиёт ходими, Муҳаммадкарим эса Андижон Давлат тиббиёт институти талабаси. Бугун 7 нафар набиранинг ҳам бобосига айланган аълочи шифокоримизга нажоткорлик ва ижодкорликда ҳамиша баркамоллик насиб этаверсин!
Содиқ Сайҳун.