- Келинойи қалайлар? Тошкентга обориш, операция ҳақида гаплар бўлувди...
- Рост, шунақа гаплар бўлган, вилоят марказидаги жа-а катта дўхтирлар йўл кўрсатишганди-да. Сўз орасида битта "Нексия"нинг пули кетишиниям писанда қилгандилар. Ҳаммаси тўрттагина укол, бир ҳовуч тугмадори билан ҳал бўлди, Худога шукур.
- Хайрият-хайрият, аммо қанақасига?
- Ўзим ҳам хайронман, аввали Худо, Турсунали Мамадалиев деганлари ниҳоятда топқир, қўли енгил, меъдаси тўқ, ширинтил, камсуқум дўхтир экан. Бир ҳафта даволади холос: уколнинг биринчисидан сўнг янгангизга қарасам, тўкилган ўрикларни териб юрибди, тўртинчисидан кейин ҳассасини улоқтириб юборди. Ўла-ўлгунча шу йигитга таъзимдаман, ука, Муқаддамнинг эса Турсуналини ўғил қилиб олгудай чоғи бор-да...
Раҳматилла ака шундай сўзамол одамки, лаби қимирласа бас, ҳар қандай гапга тўн кийдириб юборади. Инчунин, ушбу ўринда у киши айтганларнинг жиндайгинаси ёзилди холос. Хуллас, миннатдор рўзғорбошининг тилидан шунчалар бол томгач, ўша врачни бир кўриб қўйгингиз келмайдими?..
Салима опанинг қон босими, қанд касали бор, юраги безовта қилиб турарди, кўп йиллардан бери дард тортади, токчадан дори-дармон ҳеч узилганмас, "тез ёрдам" ҳафта сайин "ташриф этарди". Турсунали бу ҳолни болалигидан кўриб-билди ва онаизорининг жонига малҳам бўлиш учун шу касбни танлади. Бу гапда асло муболаға йўқ. Андижон Давлат тиббиёт институти талабаси бўлгач, назарий таҳсил ва амалий кўникмани баробар тутди, то битиргунича Андижон шаҳар "тез ёрдам" бўлимида навбатчиликка бориб турди. Энг муҳими шуки, волидасининг муолажасини ўз қўлига олди. (Қолаверса, навбатчилик учун маош беришардики, контракт тўловига ҳар на ёрдам-да).
- Аслида жарроҳ бўлмоқчи эдим, - дейди Т. Мамадалиев, - лекин терапевт ҳам ниҳоятда зарур. Қолаверса, қарийб ўн беш йилдирки, ишим тиббий-педагогик фаолият билан уйғунликда кечмоқда.
Турсунали серғайрат, сертафаккур ва дадил шифокор, тиббиёт коллежи қошидаги даволаш-диагностика ўқув марказида врач ва бўлғуси ҳамшираларга муаллим, юзлаб шогирдларга устоз. Унинг фикрича, Раҳматилла аканинг аёли ҳам барча ўзбек оналари каби фидойиликда яшаб, болам-чақам, уйим-жойим деб ўзини аямаган. Ахийри иккала оёқнинг тизза бўғинларига туз тўпланган, суякларда кальций камайган, аммо унга операциянинг зарурати йўқ. Т. Мамадалиев дейдики:
- Соҳамиздаги хусусийлаштириш жараёнлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ, зеро, шифокорни ўз устида ишлашга, давр синовига ҳозирлик кўришга чақиради, эл саломатлигини сақлашнинг янги имкониятлари, муқобил чоралари очилади, беморга танлов имтиёзи туғилади. Бу жуда яхши, аммо эҳтиёт бўладиган ягона тарафи бор: инсон саломатлиги бизнес майдонига айланмагани дуруст.
Турсунали кўп ўқийди, изланади, ҳар бир беморни ўз туғишганидай кўради, кўнглида олийжаноб ниятлари анчагина, олим бўлса ҳам ажабмас, шунгаям ҳаракати бор.
"Ширинсўз, моҳир табиб тан ранжига шифодур" деган ҳазрат Навоий Турсунали Мамадалиев каби ҳакимларни назарда тутгандирлар-да.
Рустамжон УММАТОВ,
Чортоқ шаҳри.