- 1964 йили Намангандаги тиббиёт билим юртини тугаллаб, қўлимга фельдшерлик дипломини олганман, - дея хотирлайди Каримжон Абдуллаев. - Тўрақўрғон туман марказий шифохонасида иш бошлаганман. Даст­лаб, беморлар қабулхонасида, ке­йин жарроҳлик бўлимида хизмат қилдим. 1967 йилдан эса Шўрқўр­ғон участка шифохонасида фаолият кўрсатдим. Катта фельдшерлик даражасига етдим. Эмлаш хонасида кўп йиллар ҳамқишлоқларим саломатлигини сақлаш учун курашдим. Турли касалликларнинг олдини олишга ҳисса қўшганимдан ҳали ҳозиргача фахрланиб юраман.

Каримжон аканинг умр йўлдошлари Эъзозхон ая аёлларнинг олқишини, дуосини роса олганлар. Шўрқўр­ғонда узоқ йиллар доялик қилиб, минг-минглаб гўдакларнинг соғу-саломат дунёга келишига кўмаклашганлар.

- Биз бир пайтда тиббиёт билим юртида ўқиганмиз, яна бирга-бирга ҳамқишлоқларимизнинг нажоткорига айландик. Уч қизу уч ўғилни вояга етказиб, халқ хизматига йўлладик, - дейдилар ая мамнунлик билан.

Меҳнат фахрийлари бугун фарзанду набиралар камолини кўришиб, беармон кексалик гаштини суришяпти. Эзгуликка тўла қалб соҳибларининг ҳаёти ёш тиббиётчиларга арзигулик ибрат. Шунинг учун улар ҳамиша ҳамкасб шогирдларига  қимматли маслаҳатларини ҳеч вақт аяшмайди.

Жакпарали ЭГАМБЕРДИЕВ,

Наманган тумани, Шўрқўрғон қишлоғи.