"Ўзфармсаноат" акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Мирзанозим Дусмуратовнинг маълумотига кўра, юртимизда дастлаб мавжуд 2 та корхонада бор-йўғи 20 турга яқин дори-воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунга келиб корхоналар сони 150 тадан ортиб кетди, дори воситалари тури 2000 тага яқинлашди. Жорий йилнинг бошида "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши соҳа юксалишининг ҳуқуқий асосларини янада кенгайтирди, янада мустаҳкамлади.
Бугун фармацевтика саноатида ҳам фахрлансак арзийдиган натижалар қўлга киритилмоқда. Илгарилари дори воситаларини, асосан четдан сотиб олишга мажбур бўлингани ойнадай аён. Энди эса Ўзбекистоннинг ўзи ҳам дори маҳсулотларини хорижга экспорт қиладиган мамлакатлар қаторига кирди. Ҳозирда 12 давлатга юборилмоқда. Уларда 226 номдаги препаратларимиз рўйхатдан ўтказилган.
Албатта, бозор иқтисодиёти шароитида дори воситалари олди-бердиси кучаявериши табиий ҳол. Ишлаб чиқарувчи ҳам, сотувчи ҳам, истеъмолчи ҳам ўз манфаатини кўзлаб танлов қилишга тўла ҳақли. Бу борада юқори сифати, маҳсулотнинг сернафлигию, арзонлигидан ташқари тарғиботнинг таъсирчан кучи ғоят муҳим саналади. Шундай экан, айни маҳалда ўзимизнинг дори воситаларимизга талаб, улар билан дорихоналарни таъминлаш, врачлар томонидан беморларни даволашда қўллаш, беморга тавсия этиш масалаларида муаммолар мавжудлигини инкор этолмаймиз.
Юқоридагилардан хулоса ясаш мумкинки, эндиликда ўзимизнинг фармацевтика корхоналаримизда тайёрланаётган дори воситалари ҳеч бир хорижникидан қолишмайди. Яна арзонлигини айтмайсизми. Фақат эскидан шаклланган "хорижники зўр" деган иборани бугунга келиб эскириб қолганлигини кўпчилик яхши тушуниб етганича йўқ. Бундан айрим "уддабурон" врачлар, "тадбиркор" доришунослар фойдаланишга уринишаётгани ҳам сир эмас. Яхшиси мутахассисларнинг фикрини билайлик-чи?
- Ўттиз йилдан ошдики, беморларни даволайман,-дейди олий тоифали невропатолог Ёқубжон Бозоров,-уларга арзонроқ ва серсамара дори-дармонларни буюраман. Мустақиллик йилларида бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзимизда кўпаяётгани айни муддао бўлди-да. Бемор манфаатини ўйлаган врач ҳеч қачон дори таркиби бир хил дориларнинг хориждан келтирилган қимматини эмас, ўзимизда тайёрланган арзонини тавсия этиши керак. Афсуски, айрим ҳамкасбларимиз дорихоналар, фирмалар билан икки томонлама манфаати-ю, учинчи ва тўртинчи тарафнинг манфаати унутилган йўлни тутадилар. Очиқроғи, беморга "Манаву дориларни мен айтган жойдан сотиб оласиз, керагича келтириб қўйган" деган иддаоларни қилишади. Кейин эса ўша дориларнинг ёрлиқлари ва идишчаларигача йиғиб дорихонага тақдим этишади. Сўнг, келишилган ҳисоб-китобга ўтилади. Бемор қиммат маҳсулотни олади, фойдаси врач билан дорифурушнинг чўнтагига кетаверади. Витаминлар ва антибиотикларнинг ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани жуда арзону, хорижники эса анча қиммат. Масалан, хориждан келтирилган "Цефазалин-АGO" 15.000 - 20.000 сўмдан турса, ўзимизнинг "Цефазалин" 1800 - 2000 сўм ёки ундан сал юқорироқ, холос. "Деклофенак"нинг ўзимизда тайёрланганиям чет давлатникидан анча арзон.
Агар виждонан иш тутсак, яъни ўзимизникини қадрласак, ўзимизнинг халқимизнинг фойдаси учун, ўзимизнинг давлатимиз иқтисодиёти юксалиши учун жон куйдирган бўламиз-ку! "Юсуфжон табиб" дорихонаси раҳбари Рашидхон Юнусовдан ҳам ғоят жўяли фикрларни эшитдик.
- Ўзбекистонимизда фармасаноат беҳад ривожланиб кетди, - дейди у мануният билан. - Ҳеч бир дори воситасининг таъсири хорижникидан паст эмас. Шунинг учун беморлар "Ўзимизникини берақолинг, нархиям арзонакан, ўтган гал укол қилишганида илгари қимматга олган хорижникидан ҳам яхшироқ таъсир қилди" деган эътирофларни эшитяпмиз. Бу гапларда жон бор, албатта. Ҳиндистоннинг "Метрид"идан, Ўзбекистоннинг "Метриднидазол"и икки баравар, оддий "Цефтриаксон натрия" Ҳиндистон ва Покистоннинг худди шу таркибдаги дорисидан уч баравар арзонлигини айтмайсизми.
Қон-томир касалликларини даволовчи Украинанинг "Реасарблакт"и, Ўзбекистоннинг "Реасарблон"идан икки баравар қиммат туради. Мен мижозларга аввало, ўзимизнинг маҳсулотларимизни тавсия этишга одатланганман. Бу беморларга маъқул келганиданми, дорихонамиз мижозлари кундан-кунга кўпайиб боряпти.
Демак, истиқлол ислоҳотлари туфайли гўзал ва бетакрор, муқаддас Ватанимиз- Ўзбекистонимиз ўз халқининг саломатлигини сақлаш учун ўз дори воситаларига эга бўлиши билан ҳам тиббиёт соҳасида юқори кўрсаткичларга эришиш имкониятларини янада барқарорлаштириб қўйди. Энди врач ва бемор, дорифуруш ва дори-дармон истеъмолчиси муносабатларида янгича қараш, юртпарварлик туйғуси тиббиёт ходимларидан тортиб, оддий фуқарогача шаклланмоғини ҳаётнинг ўзи тақозо этаверади.
Содиқ Сайҳун.