- Мубораков, сизнинг серҳаракатлигингиздан яхши хабардормиз, бош врачингиз Маҳмуджон Қўчқоров кўп бор мақтаганди,-деди Умрзоқов ёқимли самимият билан,- энди ўзингизни тўла кўрсатадиган пайт келди. Наманган шаҳрининг юқорисида кардиология диспансери очмоқчимиз. Вазирликдагилар билан келишилган, вилоят раҳбарларигача қўллаб-қувватлаб туришибди. Сизга ўхшаган югур-югурдан чарчамайдиган, ташкилотчиликка уқувли кадр керак бизга. Тушундингизми?
Ўзи ҳақидаги эътироф фикрлар Ҳусан Ҳожиевични ҳаяжонга солганди. Нима дейишини билмай турарди.
- Ўйланишга хожат йўқ,-деди бошқарма бошлиғи қатъий оҳангда.- Ҳозироқ кадрлар бўлимига учранг, диспансерга бош врач этиб тайинлаймиз...
Вилоят фаоллари шифохонаси бош врачи ўринбосари 1990 йили шу тарзда янги муассасанинг биринчи раҳбарлиги масъулиятини ўз зиммасига олди. Юқори ташкилотлар раҳбарларининг ишончи унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб юборди.
Ҳамиша эртани ўйлаб, ташвишини эртанинг бугундан чекишга одатланган бош врач диспансери фаолиятидан сира қониқиш ҳосил қилолмади. Кейинги йилларда юрак хасталигига чалинган беморларнинг кўплигини, уларга юқори малакали тиббий хизматни йўлга қўйиш учун етарли шароитлару зарур қулайликлар яратиш лозимлигини англаб етган Ҳусан Мубораков вилоят ҳокимлигига қурилиш бўйича жуда жўяли таклиф билан кирди. Унга ўз вақтида рағбат билдирган ҳоким Бургутали Рапиғалиев бош врач билан бирга-бирга янги муассаса учун жой танлашди. Янги ариқнинг Заркент кўприги ёнидаги чала қурилишни охирига етказишни мақсадга мувофиқ ҳисоблашди.
1993 йилнинг 8 апрелида вилоят ҳокимининг "Вилоятда юрак хасталикларини даволаш марказини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Наманган шаҳрида маҳаллий кенгашлар маблағидан тикланаётган кўп тармоқли касалхона ўрнида 120 ўринли кардиология маркази очиладиган бўлди. Атиги уч ойдаёқ марказ биноси кўзга кўринди қолди. Чунки, қурувчиларнинг катта гуруҳи шу жойга жамланишига, кеча-кундуз жадал иш юритилишига тўла эришилганди. Ҳусан Мубораков 1996 йилгача муассаса фаолиятини истиқлол ислоҳотлари талаблари даражасида йўлга қўйиб борди. Бу ерда истиқболи порлоқ даволаш услубларини амалиётда изчил ва дадил қўллаш муҳити яратилди.
1998 йили Турсунпўлат Рустамов вилоят кардиология марказига бош врач этиб тайинланди. У билдики, юрак касалликлари йилдан йилга ёшариб боряпти. Ўткир миокардинфаркт ҳуружига учраганларнинг ҳар иккисидан бири ҳаёт билан видолашяпти. Ҳисобот рақамлари шуни тасдиқлаяпти. Бош врач вазият жиддийлигидан келиб чиқиб, наинки марказ, айни пайтда бутун вилоят бўйича кардиологларга талабни кескин оширди. Марказдаги 18 врачу улар билан ёнма-ён ўнлаб ҳамширалар, ёҳуд 130 нафарлик жамоа ишини тиббиётнинг энг сўнгги ютуқлари, янгиликлари асосида, энг замонавий аппаратлардан самарали фойдаланган ҳолда ташкиллашга астойдил интилди.
Юртимизда инсон саломатлигига эътиборнинг баландлиги янги асрда янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Чунончи, Президентимизнинг 2003 йилнинг 26 февралидаги Фармони ҳамда Республика Вазирлар Маҳкамасининг 240-сонли қарори тиббиёт марказларига гўё иккинчи умр бахш этди. Фарғона водийсида юрак-қон томир касалликларини аниқлаш ва даволашни жаҳон андозалари даражасига етказиш мақсадида Наманган кардиология маркази минтақавий мақомга кўтарилгани фикримиз далилидир. Тиббиёт фанлари номзоди Осимхон Қосимовнинг 2004 йилдан бошланган бош врачлик фаолияти ана шундай кенг кўлами ислоҳотларнинг қизғин паллага кирган даврига тўғри келди. Реконструкция ишлари жадал амалга оширилди. Натижада шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам янада қулай шароитлар муҳайёланди. Авваллари фақатгина кардиология ва юрак-ишемик хасталиклар бўлимлари мавжуд бўлган бўлса, энди яна бир нечтаси очилди. Артериал гипертония, юрак аритмияси, юрак нуқсонлари ва жадал даволаш сингари янги бўлимлар қўшилди. Ҳар бир беморга хасталикнинг оғир-енгиллигига қараб мослаштирилган махсус бўлим палаталарида етук мутахассислардан муолажалар олиш имкониятлари яратилди.
Воҳиджон Турдиев бош врачлик қилган йиллари юқоридаги эзгу ишлар янада такомилига эришилди.
2010 йилда юрак аритмия бўлими мудири Солижон Мўминов бош врачлик вазифасига муносиб кўрилди. У амалий фаолияти билан илмий изланишлар олиб бораётган интилувчан мутахассис. 2007 йилда "Гипертония касаллиги билан беморларда гелиометеотрок омиллар таъсирининг клиник потогенетик тавсифи" мавзусида фан номзодлиги диссертацияни ҳимоя қилган.
Солижон Мўминов тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал-демократик партияси фаоли ҳамдир. 2009 йилнинг декабридан Наманган шаҳар 20-Машраб сайлов округидан Наманган шаҳар Кенгашига депутат бўлиб фаолият юритган бўлса, 2012 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланди.
- Мамлакат миқёсидаги масалаларни, қонунларни муҳокама қилишда қатнашиш ғоят масъулият юклайди, - деган эди ўшанда марказ бош врачи Солижон Мўминов. - Айни дамда халқ саломатлигини сақлаш ва юрт тараққиёти учун жон куйдириш менинг учун жуда шарафли. Биласизми, юрак инсон учун биринчи даражали аъзо ҳисобланади. У бетиним уриб туради. Биз ҳам ана шу кўкрагимиздаги содиқ дўстимиз каби ҳамиша тиниб-тинчимаслигимиз керак. 110 ўринли марказимизда 25 нафар врачу 45 нафар ҳамшира беморлар хизматида. Муҳими, юқори малакали шифокорлар жамоасини шакллантирганмиз. Шароит ва имкониятларга келсак, давр талаблари даражада дейишга тўла хақлимиз. Чунки, 2011 йили биноларимиз мукаммал таъмирланди, реконструкция қилинди. Натижада даволаш сифатини тубдан яхшилашга эришаётирмиз. Икки йилдирки, кардиохирургия бўлими ишлаб турибди. Бу ерда юракнинг туғма ва орттирилган нуқсонлари жарроҳлик йўли билан бартараф этиляпти, беморлар нормал ҳаётга қайтарилмоқда. Бўлим водийда ягоналиги учун қўшни Фарғона ва Андижон вилоятларидан келган беморларгача даволанишмоқда. Ҳатто Самарқанд вилоятидан ҳам нажот излаб келувчиларнинг борлиги биздаги имкониятларнинг кенглиги ҳамда юқори малакали жарроҳларга эгалигимиз туфайлидир.
Солижон Мўминов Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 26 майдаги буйруғи билан Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангач, унинг ўрнига тиббиёт фанлари номзоди Нуриддин Баҳриддинов марказ бош врачлиги вазифасини адо этиб келмоқда.
Марказнинг кадрлар салоҳияти йилдан-йилга юксалмоқда. Ҳозирда ишлаётган 130 нафар тиббиёт ходимининг бир нафари фан доктори, уч нафари фан номзоди, врачларнинг қарийб ҳаммаси олий тоифага эгалиги шундан. Кардиохирургия бўлими раҳбари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош кардиохирурги Азимжон Ҳикматов, юрак етишмовчилиги бўлими мудири Ҳасанбой Муҳиддинов, юрак ишемик хасталиги бўлими мудири Умида Валиева, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими мудири Акмалжон Жалилов, бош врач ўринбосари Ботиржон Маъмуров, шифокорлардан Вилдан Рафиқов, Раҳимжон Жўраев, Гулбаҳор Омоноваларнинг ҳар бирлари ҳақида мамнуният билан гапириш мумкин.
Вилоят кардиология марказининг В.Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, республика ихтисослаштирилган кардиология маркази билан алоқалари мустаҳкам. Кейинги йилларда тиббиёт фанлари докторлари М. Зуфаров, А.Мансуров, Ш. Алиев, Х. Абролов, тиббиёт фанлари номзоди Н. Юлдашевлар бу ерга ташриф буюришиб маҳорат дарслари ўтказишаётгани ҳамкорлик, ҳамда устозу-шогирд мактаби ривожида катта роль ўйнаяпти.
Ҳатто 2016 йилнинг апрель ойида "Кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалаларига бағишланган республика илмий-амалий анжумани" ҳам Наманганда ўтказилди. - Куннинг биринчи ярмида кардиологиянинг энг сўнгги ютуқларига оид маърузалар тингланган бўлса, куннинг иккинчи ярмида секцион йиғилишлар олиб борилди. Уларда кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалаларига доир янгиликлар, тажрибалар устида янада батафсилроқ кенгашилди. Наманган вилоятида бу борада қандай ютуқларга эришилаётгани ҳақида атрофлича фикрлашилди. Олимлар ва шифокорлар ҳамкорлиги, "Маҳорат дарслари" самарадорлиги туфайли қўлга киритилаётган муваффақиятлар алоҳида эътироф этилди.
- Бугунги илмий-амалий анжумандан бой таассуротлар олдик, -дейди Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош кардиологи Зокиржон Ғаниев. - Энг замонавий аппаратлар ёрдамида бемор юрагида жарроҳлик операцияларини жароҳатсиз ўтказиш борасидаги наманганлик ҳамкасбларимизнинг ютуқлари билан танишиш, устозларнинг маҳорат сабоқларини ўзлаштириш бизларга келгусидаги фаолиятимизни янада такомиллаштиришимиз учун беҳад асқотади.
Хуллас, вилоят кардиология маркази тиббиётчилари юракдек бетиним, юракдек фаол ишлаш билан эл саломатлигини сақлаш борасида беқиёс натижаларни қўлга киритишмоқда.