- Ортиқча бетоқат бўлиб, кўпам ташвиш чекаверманглар, дўхтиримизнинг қўллари енгил, худо хоҳласа ҳозир хушхабар олиб чиқаман, - деди уларга таскин бериб оқ халатли ҳамшира.

Бу сўзлардан кўнгилларига равшанлик югурган фарзандларнинг кўзларидаги маъюслик чекинди. Бир-бирларига қарашганча оталарининг яшаб кетишига умид борлигидан юзларига сезилар-сезилмас табассум ёйилди. Ниҳоят, остонада врач кўринди.

- Ҳаммаси жойида, яхшиям вақтида келтирилган эканлар, ҳозир реанимацияга ўтказамиз, эртага бемалол гаплашишларинг мумкин...

Бундай ташвишу қувонч эгиз воқеалар вилоят марказидагина эмас, барча туманларда бўлиб туриши одатий ҳол. Истиқлол шарофати билан бундан ўн етти йил муқаддам вилоятда очилган янги муассаса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали деб ном олган бўлса, ундан сўнг қисқа фурсатда туманларда ҳам янги даволаш муассасасининг 11 та шахобчаси очилди.

Маълумки, 1998 йил 10 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Мазкур дастурий ҳужжатда ўз ифодасини топган долзарб вазифалар ижроси ҳақидаги Наманган вилоят ҳокимлиги қарорига мувофиқ 1998-2005 йилларда вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг аниқ дастури тайёрланди. 1999 йилнинг февралида "Гўзал" даҳасидаги вилоят кўп соҳали шифохонаси ўрнида бир йўла 350 беморни ётқизиш имкониятига эга бўлган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали ташкилланди. Унда 19 та клиник ҳамда 17 та ёрдамчи бўлимлар иш бошлади. Болалар жарроҳлиги, болалар соматикаси, 1-2-3- жарроҳлик, гинекология, урология, қон-томир жароҳлиги, болалар, терапевт, жарроҳлик, нейро-реанимация, куйганлар, заҳарланганлар ва экстрокорпарал детоксикация,1-2-кардиология, неврология, терапия, травматология, рентгентдиагностика, клиник ва биохимик лаборатория, санитар-авиация, қон қуйиш бўлимларининг жамулжамлигига эришилди.

Ҳеч қандай бемор бу ерда нажотсиз қолиши мумкин эмас. Ахир энг мукаммал яъни тиббиётнинг энг янги ва энг сўнгги ютуқларини таъминлашга хизмат қилувчи ноёб ва қимматбаҳо аппаратлару асбоб-ускуналар Финляндиянинг "Медико-медикал инструментариюм" корпорацияси ҳамда Германиянинг "Дентомед" фирмалари билан тузилган 5,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномага кўра бирин-кетин келтириб ўрнатилди. Шундай киройи шароиту имкониятларга яраша чуқур билимли, юқори малакали тиббиётчи кадрлар ҳам саралаб олинди. 131 нафарлик жамоанинг 2 нафари тиббиёт фанлари номзоди, 80 нафари олий, қолганлари биринчи тои­фали ходимлардан иборат бўлди. Марказнинг барча бўлим мудирлари дастлаб Россиядаги Склифасовский номли тез тиббий ёрдам илмий-текшириш инс­титутида малака ошириб келишди. Кейинроқ Исроил, Германия ва Финляндия мамлакатларига боришиб, хориждаги ҳамкасбларининг сернаф тажрибаларини ўзлаштириб қайтдилар. Тиббий хизматни жаҳон андозалари даражасига кўтаришга астойдил енг шимардилар. Филиал янги даврда янгичасига ишлаб унинг беқиёс самараларини яққол кўрсатувчи тиббиёт масканига айланди. Ўткир ичак тутилишини ультратовуш ёрдамида ташхислаш, панкреонекрозда янги тур операция амалиётга киритилди. Жигар ва қорин бўшлиғи суюқлик сақловчи ҳосилаларини ультратовуш текшируви ёрдамида пункцион-катетерлаш усули қўлланилди. Шуларнинг эвазига оғир касаллик билан даволанаётган беморларнинг ўртача ётиш вақти аввали 30 кундан 6 кунгача қисқартирилди. Беморларни ташхислаш ва даволаш жараёнига аввал ҳеч қўлланмаган услублар, тиббий амалиётлар дадил жорий қилинди. Кечагина пойтахтда амалга ошириладиган, ўта мураккаб ҳисобланадиган операцияларгача филиалнинг ўзида бажарилиши мўъжизадай кўпчиликни ҳайратга сола бошлади. Айниқса, микрохирург ва кардиохирург мутахассисларнинг қандай ишларга қодирлиги тезда кўзга ташланди. Узилган қўл ёки панжаларни улаш, реплантация операциялари, узилган пай, нерв ва қон томирларини ҳам улашгача уддаланмоқда. Шикастланганлар бўлимида ҳатто бундан ўн тўрт йил бурун ва республикада биринчи маротаба остеосинтез операцияси йўлга қўйилгани ҳам ғоят диққатга сазовор.

2003 йил вилоят ҳокимлигининг амалий ёрдами билан Голландиянинг "Эн вайзер" УТТ аппаратига эга бўлинди. Ускуна қорин бўшлиғи органлари, бош мия қон томирлари фаолиятини кузатиш, юрак-қон томир тизимини допплеграфик текшириш имкониятига эга. Мазкур аппарат камёблиги учун ўша пайтда биргина РШТЁИМда мавжудлиги ва иккинчи бўлиб Наманган филиалига келтирилганини инобатга олсак, бу вилоят тиббиёти ривожига юксак эътибордан далолат эди. Яна муассаса техника таъминотининг сўнг­гиси ҳам эмасди.

2007 йили филиалда "Филепс ВV pulsera" ангиографи ўрнатилиб, беморлар юрагини каронография қилиш йўлга қўйилди. Қон-томир жарроҳлиги бўлими мудири, олий тоифали хирург Бахтиёр Абдуллаевич Раҳимов ўзи ва ҳамкасблари билан Россиянинг Новосибрск вилоятидаги ғоят юқори малакали кардио-жарроҳлар тажрибасини ўрганишди. Уларни вилоятимизга таклиф этишди. 2008 йилда эса ҳамкор устозлар билан Наманганда биринчи юрак қон-томир операциялари муваффақиятли амалга оширилди. Дастлабки 5 та беморнинг ҳаётини шу ернинг ўзида узайтиришга мушарраф бўлишди. Бу ишлар мамлакатимизда фақатгина икки шаҳарда- Тошкент ва Наманганда бажарилаётганини назарда тутсак, вилоятимизда тиббиёт тараққиёти даражаси қанчалар юқорилаганини янада чуқурроқ англаб етамиз.

Филиал директори, тиббиёт фанлари доктори Азиз Эрметовнинг таъкидлашича, соҳага тадбиқ этилаётган янги техника ва технологиялар шарофати билан касалликларни зудликда аниқлаш, тезкор самарали ва сифатли даволаш йилдан йилга яхшиланмоқда.

Рентген-диагностика бўлимидаги Германиянинг "Сиеменс" рентген аппарати, амалиёт хонасидаги "Херман" ва "Карп Шторц" лапароскоплари, "Санфлавер" компанияси билан тузилган шартномага мувофиқ Ислом Тараққиёт банки ёрдами билан келтирилган энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар, мултьслайдли компьютер томография мажмуаси ва бошқа замонавий тиббий асбоб-ускуналарни шифокорлар ўзларининг энг ишончли "зийрак кўмакчилари" деб билишади ва ҳамиша уларга таянишади.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, назарий билимларни амалиётда синаш, тажрибалардан илмий хулосалар ясаш филиал мутахассисларига хос етакчи хусусиятга айланган. 2 нафар фан доктори, 7 нафар фан номзоди, яна бир неча тадқиқотчи ходимларнинг илмий изланишлари фикримизни тўла тасдиқлайди. Директор Азиз Тошметович Эрметовнинг ўзи жарроҳлик бўйича етук мутахассис, тиббиёт фанлари доктори. Айни пайтда соғлиқни сақлаш тизимини яхши биладиган ташкилотчи раҳбар ҳамдир. Жарроҳлик бўйича чуқур билимга, юқори малакага эгалиги билан жамоага ҳамиша шахсий намуна кўрсатиб келмоқда. Тиббиёт фанлари доктори, кардиолог Мирмаҳмуд Миршоҳидович Мирсайдуллаев эса юрак хасталиклари билимдони. Ҳар икковлари ҳам устоз-шогирд анъанасига садоқатли мураббийлар ҳисобланишади. Ёшларга билганларини ҳеч аямай ўргатишади.

Филиалда йилдан-йилга камолотга эришаётган ёшлар ҳам кам эмас. Улар орасида болалар хирургияси бўлими шифокори, лопароскопист- врач Бахтиёр Жабборовнинг алоҳида ўрни бор.

- 2015 йил мен учун ғоят омадли келди,-дейди у мамнуният билан .-Март ойида Ҳиндистонда бир ойлик малака оширишга бордим. Курсга жаҳоннинг 16 мамлакати мутахассислари чақирилган экан. Мен улар ҳузурида инглиз тилида 20 дақиқалик тақдимот маъруза қилдим. Аниқроғи, филиалимизда лопароскопия­дан фойдаланиб амалга ошираётган муолажа-тажрибаларимиз билан таништирдим. Тошкент шаҳрида октябрь ойида ўтказилган Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциациясининг III съездига делегат бўлиб борганимда яна инглиз тилида "Болаларда қорин ёпиқ шикастида лапароскопиянинг ўрни ва РШТЁИМнинг Наманган филиалидаги натижалари" ҳақидаги маърузам билан чиқдим.

Яна бир ёш мутахассис Сайдулло Шарифбоевнинг ўз соҳаси бў­йича эришаётган ютуқлари ҳам чакки эмас. У нейрохирургларнинг хал­қаро съезд ва конференцияларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Филиалнинг функционал диагностика бўлими Япониянинг "Пентакс" фирмаси эндоскоплари билан жиҳозланган. Унинг ёрдамида Абдурашид Мамажонов ҳам инвазив амалиётларни моҳирона уддалаяпти. Ўт йўлларидаги тошлар қорин бўшлиғини очмасдан олиб ташланмоқда. Меъда ости бези, жигар дарвоза соҳаси ўсмаларида, ўт йўллари торайишларида стендлаш амалиётлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, ҳазм йўлларидан қон кетганда эндоскопик қон тўхтатиш усули қўлланилмоқда. 2015 йилдан эса жигар циррозига чалинган беморларда қизилўнгач томирларидан қон кетишида эндоскопик лигатура қўйиш амалиёти бажариляпти. Қизилўнгач чандиқли торайишларида ва хавфли ўсмаларда эндоскопик тунелизация ва стендлаш уддаланмоқда. Булар, албатта, беморларда катта ҳажмли амалиётларга асло хожат қолдирмаяпти, улар тез соғайтириб юборилмоқда.

- Бугун филиалимизда 358 нафар врач ҳамда 1100 нафар ўрта тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатишяпти, - дейди директор Азиз Тошметович Эрметов. - Уларнинг беморларни даволаш борасидаги кеча-кундуз олиб бораётган саъй-ҳаракатлари туфайли эл саломатлигини сақлашга фаол ҳисса қўшяпмиз. Ҳалол хизматлари муносиб тақдирланаётганлар сони йилдан йилга ортмоқда. Президентимизнинг 2007 йил 27 августдаги Фармонларига кўра, филиалимиз болалар бўлими мудири Мунаввар Муҳиддинова II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланган. Сожида Ваққосова, Шоира Файзиева, Елена Девеева сингари шифокорларимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 10 йиллиги, 20 йиллиги муносабати билан эсдалик нишонларига, "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига сазовор бўлишди.

Айни дамда янги ташкилланган филиал фаолиятини йўлга қўйишда сидқидил хизмат қилган собиқ директор, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов, кўп йиллар бош врачлик вазифасини адо этган меҳнат фахрийси Убайдулло Ҳожиматов, ҳозирги бош врачимиз Шокиржон Юсупов, ўринбосари Адҳамжон Рўзиматовларнинг, устоз мақомига муносиб шахсий намуналари билан кичик жамоаларини катта ишларга етаклаётган бўлим мудирларимиз - Баҳодир Султонов, Иброҳим Мадумаров, Ҳамидулла Устабоев, Ҳасанбой Тожибоев, Маликжон Ортиқов, Ёқубжон Эшонхўжаев, врачлар Баркамол Исҳоқов, Аҳатхон Исмонов, Хайрулло Хўжаев, Эргашали Жўраев ва бошқа ўнлаб ҳамкасб­ларимнинг номларини мамнуният билан тилга олишни истайман. Чунки, шундай фидойи инсонлар елкама-елка туриб фаолият юритишаётгани учун зиммамизга юклатилган ўта масъулиятли ва ғоят шарафли вазифаларни адо этишда ҳамиша муваффақиятли одим ташланяпти.

Директор хақ гапни айтди. Бежизга Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалини "2004 йилнинг энг яхши тиббиёт муассасаси", вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси эса "2014 йилнинг энг яхши шифохонаси" дея эътироф этиб, махсус Дипломлар билан тақдирламаган. Бунинг ортида аҳил жамоанинг доимий сермашаққат хизмати ётибди. "Инсон - иссиқ жон", деган ибора замирида унинг ҳамиша бирдай турмаслиги, соғлигига гоҳ-гоҳ турли хасталиклар хавф солиши табиий ҳол эканлигига ишора бор. Шу боис, шошилинч тиббий ёрдам беморга керак ҳар дам, де­­­­­-й­и­ш­­­га ҳар қанча хақлимиз. РШТЁИМ Наманган филиали ва унинг туманлардаги шаҳобчалари ходимлари Истиқлолли юртнинг чин иқболли халқига кеча-кундуз хизматда бўлиш билан эзгулик фидоийлари қаторида эканликларидан ҳар қанча фахрланишса арзийди.

Содиқ САЙҲУН.