Диспансер тарихига назар ташласак, унинг кечаги ҳолати-ю, бугунги камолотини беихтиёр қиёслагимиз келади. Ахир мустақилликдан қарийб қирқ йил аввал ташкилланган онкологик хизмат оғир аҳволда бўлганини ҳеч инкор этолмаймиз. Дастлаб вилоят касалхонасининг хирургия бўлими таркибида 2 та палатада иш олиб борган. Ниҳоят 25 ўринли кичик даволаш муассасаси ташкиллангач, соҳага эътибор кучайтирилди. Ке­йинроқ бир неча йил Қаюм Умрзоқов раҳбарлигида иш юритилган. 1974 йили эса бу вазифа Ўринбой Мирзавалиев зиммасига юклатилган.

- Салкам чорак аср диспансерни бошқардим,-дейди Ўринбой ота фахр билан. -У пайтларда эски биноларда ноқулай шароитларда беморларни даволардик. Тиббий асбоб ускуналар етишмасди. Ўсма касалликлари кўпайишидан ташвишланиб, янги бино қурилиши зарурлигини юқори ташкилотларга етказганмиз. Елиб-югуриб, Қамишоқдаги 4-ГЭС деган жойда 2 қаватли шифохонамиз қурилишига эришганмиз. 1976 йилдан ўша ерда ишладик. Кейинчалик яна торлик қилганини ҳисобга олишиб, 1989 йилдан вилоят "Селхозтехника" бирлашмасининг муҳташам маъмурий биноси жа­моа­миз ихтиёрига олиб берилди. Нисбатан шароитларимиз яхшиланаётгани билан мослаштирилган бинолар барибир тиббий хизматни юксак тиббий талаблар даражасида амалга ошириш имконини беролмасди. Кўп йиллик орзу-умидларимизга мустақиллик давридагина эриша олдик. Ҳозирги ҳар жиҳатдан барча қулайликларга эга бўлган диспансеримиз бинолари 1994 йили қуриб берилган. Қадрдон жамоамиз қачон таклиф этишса, биз фахрийлар давранинг тўрида ўтириб, шундай ажойиб дамларга мингдан-минг шукроналар айтамиз.

Мамлакатимиздаги, шу жумладан, вилоятимиздаги ислоҳотлар тиббиётда янгича тараққиётни бошлаб берди. Бундай ҳаракатлар ўтган асрнинг сўнгги йилларида қизғин тусга кирди. Айниқса, диспансер жамоаси учун бу давр жуда омадли келди. 1998 йилнинг январидан бош врачлик вазифасини адо этишга киришган Гулжаҳон Ҳакимова ва унинг атрофидаги 70 нафар ҳамкасбларининг эзгу ниятлари келгуси йили вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси онкология ва радиология илмий-текшириш институтлари томонидан қўллаб-қувватланди. Яъни аёллар репродуктив аъзоси ўсма ва ўсмаолди касалликларини эрта диагностикаси - автоматлашган скрининг усули ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди. Янги даволаш усулини Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника Давлат қўмитаси маъқуллаб, тегишли маблағ ҳам ажратилди. Ўша йилнинг ноябрь ойиданоқ барча шифокорлар астойдил енг шимариб, хатарли хасталикларга қарши курашни барвақт бошлаш имконини берадиган самарали усулни қўллашга киришишди. Бош врач ўринбосари Олимжон Мирабдуллаев, маммология бўлими мудири Феруза Турсуновалар бу курашнинг олдинги сафида туришди. Собиржон Мўминов, Абдуллажон Бозоров, Отамирза Йўлдошев, Акмалхон Тожибоев, Раъно Шокирова, Гулҳаё Ҳамдамовалар эса чинакам фаолларга айланишди. Аҳоли соғлигини сақлаш миллий модели асосида республикада биринчи бўлиб онкологик касалликларни аниқлаш ва даволаш бўйича илмий-технологик ишлар олиб борилди. Наманган туманининг Ровустон қишлоғи, Тўрақўрғон шаҳри, Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида онкологик касалликларнинг эпидемиологик ва этник тавсифи ўрганиб чиқилди. Кишилар танасидаги ўсмаларни барвақт аниқлаш йўлга қўйилди. Булар бош шифокор Гулжаҳон Ҳакимованинг илмий иш қилишига туртки бўлди. У тиббиёт фанлари доктори, профессор Дамин Асадов раҳбарлигида "Аёлларнинг жинсий аъзоларидаги ўсма ва ўсмаолди касалликларни аниқлаш: янги технологиясини қўллашнинг ташкилий шакллари" мавзуида 2002 йили номзодлик диссерта­ция­сини ёқлади.

Диспансерда йилдан йилга катта муваффақиятлар қўлга киритилаверади. 2005 йил 2 нафар врач Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан "Рак касалликларини эрта аниқлаш ва олдини олишда замонавий цитологик-скрининг усулларини қўллаш" мавзуида ўтказилган ўқув тренингида малакаларини оширдилар. Шифохонадаги "АГАТ-Р1" аппарати ишга солинди.

2007 йили "Ўз касбининг моҳири ва билимдони" кўрик-танловининг ташкилланиши ходимларнинг билим ва маҳоратларини янада оширишга рағбат уйғотди. Поликлиника бўлими мудири Зарифжон Мирзараҳимов тадбир ғолиби дея эътироф этилди. Кимё нур бўлимидан Акмалжон Мўйдинов, жарроҳлик бўлимларидан Лутфилло Ҳамроқулов ва Раҳимжон Бекмирзаевлар муносиб рағбатларга сазовор бўлишди.

2010 йили диспансерга Муяссар Эргашева бош врач этиб тайинланди. Йигирма йиллик тажрибага эга тиббиёт ходими 2006 йилдан буён муассасанинг 2-жарроҳлик бўлимини бошқариб келаётган эди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги раҳбар ўз жамоаси олдига қўйилган вазифаларни изчил, муваффақиятли бажарилиши учун талабчанлик ва ғамхўрликни уйғун олиб боряпти. Истиқлол ислоҳотлари доирасидаги муҳим тадбирларнинг доимо ижобий ечимини таъминлаяпти.

2013 йили май ойида "Онкологиянинг долзарб масалалари" мавзуидаги вилоят анжуманига республиканинг таниқли мутахасисслари таклиф этилдилар. Республика Онкология илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саримбек Наврўзов, марказнинг рентген-диагностика бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Лариса Корень, олимлардан Акбар Ҳасанов ва Хуршид Абдукаримовларнинг маърузалари соҳа заҳматкашларига ўсма касалликлари диагностикаси ва профилактикаси бўйича кўплаб қимматли янгиликлар берди. Анжуманда шаҳар ва туманлардаги ДПМларнинг жарроҳлари, онкологлари, проктологлари, гастроэнтерологлари, оториноларингологлари, стоматологлари, ортопед-травматологлари, рентгенологу МСКТ ва МРТ ҳамда умумий амалиёт врачларигача қатнашишиб, ўзларининг назарий билимларини янада бойитиб олдилар.

2015 йилнинг февраль ойи­даги тантана жамоа учун унутилмас воқеага айланди. "Истиқлол жавоҳири" масъулияти чекланган жамияти бинокорлари диспансер реконструкцияси ва таъмирини бир йил ичида сифатли уддалаб бердилар.

Тадбир қатнашчиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош онкологи Хуршид Жамшидович Исломов таъкидлаганидек: мамлакатимизда онкология хизматини бугунги кун талаблари даражасида юксалтириш учун дастурлар ишлаб чиқилган. Учта вилоятда, шу жумладан, Наманганда соҳа фаолиятини такомиллаштириш ниҳояланмоқда. Энди муассасада касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш билан биргаликда илмий изланишлар олиб бориш учун ҳам қулай шароиту имкониятлар яратиб қўйилди.

- Йилдан-йилга шифохонамизнинг салоҳияти ортиб, ҳавас қилгудай даражага етиб қолди, - дейди мамнуният билан бош врач Муяссар Эргашева. - Икки йил муқаддам водийда ягона АГАТ -РI аппаратини модернизация қилиш, "Кобальт-60" русумли радиактив нур манбаи билан таъминлашда вилоят "Маҳалла" хайрия жамоат фонди катта ёрдам берди. Республикадаги онкологик муассасаларни модернизация қилиш ва "Соғ­лиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш" лойиҳалари бўйича "Ўзтибтехника" томонидан шу йил 27 июлда 1-бос­қичда умумий нархи 570 миллион сўмликдан зиёд, яъни рақамли маммограф, дуаденогастрофиброскоп, бронхофиброскоп, колонофиброскоп, микротом ИФА инализаторлар, музлаткичлар, яқинда эса 1 миллиард 164 миллион сўмлик мультиспирал компьютер томограф, Германияда ишлаб чиқарилган юқори частотали электрокоагулятор келтирилди. Булар шифокорларимиз учун ҳам, беморларимиз учун ҳам Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллиги байрамига муносиб туҳфа бўлди, албатта.

Ҳозирда диспансер 7 та бўлимга эга. Поликлиника, жарроҳлик, онко-гинекология, химия терапия, маммология, радиология, жонлантириш ва амалиёт бўлимларига Зарифжон Мирзараҳимов, Акмалхон Тожибоев, Хурсаной Маъруфова, Акмалжон Мўйдинов, Лутфияхон Бозорова, Солижон Ҳамроқулов, Бахтиёр Саматовлар раҳбарлик қилишаётир.

Шифокорлар муттасил ўз билим ва малакаларини мукаммаллаштириб боришга, қолаверса, энг замонавий аппаратлардан мақсадга мувофиқ моҳирона фойдаланишга жуда эътиборлидирлар. Янги маммограф, колонофиброскоп, гастродуоденоскоп, анализатор каби тиббий ускуналаргача улар тасарруфида.

Тинмай изланаётган Муяссар Эргашева, Акмалжон Тожибоев, Хурсаной Маъруфова сингари врачлар нафақат республикамиз онкологлари анжуманларида, ҳатто Голландия, Испания, Италия, Австрия, Қозоғистон ва Белоруссия мамлакатларида ўтказилган илмий-амалий конференцияларда қатнашиб келдилар. Бу анжуманлар ESMO- Европа онкологлари уюшмаси томонидан ташкилланганди. Бизнинг шифокорлар шу уюшманинг фаол аъзолари ҳисобланишади.

- Жамоамиз ўсма хасталикларини даволаш борасида етарли тажрибага эгалигини йилдан-йилга эришилаётган қувончли натижалар яққол кўрсатиб турибди, - дейди мамнуният билан бош врач ўринбосари Солижон Холиқов. - Исроилжон Мирзавалиев, Собиржон Мўминов, Аҳмаджон Ҳамдамов, Феруза Турсунова, Гулҳаё Ҳамдамова, Бахтиёр Мамарасулов, Рустамжон Нарзуллаев, Нурмуҳаммад Холиқовдек ўз соҳаси бўйича юқори лаёқатли врачларимиз, Марғуба Абдуллаева етакчилигидаги Раънохон Тожибоева, Рашида Зинатуллина, Обидахон Муҳиддинова, Резида Алтинбоева, Лола Абдухалилова, Гавҳархон Умарова, Насиба Абдураҳмоноваларга ўхшаган уддабурон ҳамшираларимиз чинакамига ҳамкасбларига намунадирлар. Биз ўсма касалликларини эрта аниқлашни, даволашнинг энг илғор, энг замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда самарали кечишини таъминлаш билан ҳамюртларимиз саломатлигини сақлашга доимий ҳиссамизни қўшаверамиз.

Диспансер мутахассислари муваффақиятларининг яна бир омили уларнинг Республика Онкология илмий марказидаги касбдошлари билан мустаҳкам алоқа боғлашгани, доимий ҳамкорлик қилишаётгани, десак асло янг­лишмаймиз. Гоҳ улар Тошкентга боришиб, ўқиб-семинарларда иштирок этишиб, билимларини бойитиб қайтишади, гоҳ илмий марказ ходимлари Наманганга ташриф буюришиб, тажриба ва маҳоратларини ўргатишади, бирга-бирга шаҳар ва туманлардаги ДПМларга чиқишиб, беморларни тиббий кўрикдан ўтказишади. Чунончи, 2016 йил май ойи водийда "Онкологик касалликларнинг скрининги ойлиги" деб эълон қилинди. Мазкур тадбирлар доирасида РОИМ профессори, Республика бош онкогеникологи Наргиза Шавкатовна Йўлдошева, профессор Лола Тельмановна Алимходжаевалар вилоятимизда бўлишди. Онкология диспансери мутахассислари уларнинг бу галги келишларидан ҳам самарали фойдаланиб қолишди. Беморларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилаётган олима-врачлар кўпчиликнинг олқишларини олишди.

"Маҳорат дарслари"га айниқса катта эътибор берилмоқда. Диспансерда янги тиббий технологияларни йўлга қўйишда пойтахтдан келадиган юқори малакали мутахассисларнинг амалий кўмаклари катта бўлаётир. Жумладан кейинги пайтда профессор Гафур Мирзааллаёрович Ахунов, тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Ганжиевич Абдукаримовлар диспансер шифокорларини ёнларига олишиб, янги жарроҳлик амалиётларини биргаликда бажаришиб, қимматли тажрибаларини ўргатиб кетишди.

Буларнинг барчаси онкологик хасталикларга чалинган беморларни даволашни давр талаблари даражасига етказишга имкон бермоқда.

Содиқ Сайҳун.