Олмосликларнинг олмос қирралари уларнинг наинки ерга беқиёс меҳрида, элга муносабатида ҳам беҳад зоҳирлигини туман шифохонасининг қишлоқдаги ҳудудий бўлими ҳовлисига қадам қўйганимдаёқ англаб ета бошладим. Остонадан ҳатлаганимда йирик харфлар билан рўпарадаги паннога битилган ибратомуз ҳикматга беихтиёр кўзим тушди.
Икки нарсани тезда унут:
Бировга қилган яхшилигингни,
Бировнинг қилган ёмонлигини.
Икки нарсани зинҳор унутма:
Бировнинг қилган яхшилигини,
Бировга қилган ёмонлигингни.
Демак, шу эгиз шиорнинг ўзиёқ аввало шифокорларни, қолаверса, хастаҳолларни ҳушёр торттиради, одамийликка ундайди. Энг муҳими, бу ердаги катта-кичик ҳар бир ходим эзгуликка сафарбар, эзгуликка ошно. Буни юришларидан ҳам, сўзлашларидан ҳам, ишлашларидан ҳам пайқамасликка илож йўқ. Қишлоқнинг қоқ марказидаги шифоталаблар маскани томон эрталабда ўз хизматига ошиқиб келаётган тиббиётчиларнинг кўтаринки кайфияти, салом-алигининг ғоят самимийлиги, қиз-аёлларнинг худди опа-сингилдек, йигиту-эркакларнинг худди ака-укадек руҳан яқинликлари зийрак одамни ҳайратлантириши табиий. Ана ҳовлида Маъруфали Мамадалиев турибди. У ходимлари билан галма-гал сўрашиб, ҳол-аҳволидан бохабар бўлмасдан ичкарига кириб кетолмайди.
- Келяпсанми, қизим? Беморингнинг аҳволи яхшиландими, ука? Кечаги муаммони ҳал этдиларингми? Мен айтгандақа қилсаларинг, осон эканми? Кимнинг оиласида етишмовчилик бўлса, тортинмасин! Уйида тинчи борнинг, ишида ривож бўлади-да. Бирга эканмиз, ёрдамимизни аярмидик...
Бош врач олдида ҳеч ким бегонасирамасди. Ажабланганимиз сабаби ноодатий, лекин ўрнак олса арзигудай манзарага шоҳидлангандик. Ишхонасига барвақт кириб келаётган хоҳ эркак, хоҳ аёл, хоҳ йигиту, хоҳ қиз бўлсин ўз раҳбари билан шунчаки нарироқда туриб, оғзаки сўрашмайди, яқин бориб қўл олишиб, кўпчилик "ота" дея мурожаат этишни одат айлашганакан. Ҳатто эркагу аёллар бағрига бош уришиб, ҳеч бўлмаса, елкаларига қўл ташлашиб, кўришишади. Олтмиш беш ёшли отахон шифокорнинг бебаҳо толеи эмасми бу! Қадр-қиммат бобида Аллоҳ сийловига мушаррафлиги эмасми бу! Раҳбар ўз ходимлар ўртасидаги кўзга кўринмас деворни узоқ йиллар синовидан ўтган самимий, бетаъма меҳр-муҳаббат туйғулари "бузиб юборгани"га асло-асло ачинмайди, аксинча фахрланади, кўнглида бир олам завқ-шавқ туяди. Одамлар, айниқса, касбдошлари ўртасидаги обрў-эътибори омонат эмаслигига иқрорланади. Ва буни ҳаётнинг ўзи кутилмаган "зарба"дан тўшакка михланиб қолганида, кутилмаган оёққа туриш насиб этганида юрак-юракдан ҳис этганини ҳеч қачон эсдан чиқаролмайди. Бугунги хотиржамлиги боиси қадрдон жамоасининг эл соғлигини сақлашдаги ҳалоллиги ва фаоллигида. Аслида аллақачон пенсияга чиқиб кетишлари мумкин эди-ю, ҳамкасблари ушлаб қолишди, очиғини айтганда "ота"сидан айрилишни исташмай, у кишининг оқ халатли "фарзандларидан" "тонишига" имкон беришмади. Бундай ҳолатни кўриб, Маъруфали отанинг кўзларида севинч ёшлари қалқиди. Негаки, ўзи ҳам уларни "етим"латиб кетишга кўзи қиймасди-да. Буни қирқ йил бир жойда муқим раҳбар бўлган одамгина тушунишга, буни ҳалоликдан ҳурмат қозонганларгина, буни элим деб, юртим деб ёниб яшайдиганларгина тушунишга қодир, албатта. Яхшиси, олмослик оқ халатлилар "ота"сининг умр йўлига бирга-бирга назар ташлайлик-а. Ўшанда фикр-ўйларимиз тўла ҳаётий тасдиққа эгалиги, заррача муболағага муҳтож эмаслиги янада ойдинлашади.
Бундан қирқ икки йил муқаддам - 1974 йилнинг ёзида у Андижон давлат тиббиёт институтидаги талабалик сабоғини поёнига етказди. Устозлари саломатлик посбонлари сафига "оқ йўл" тилашди. Қўлида йўлланма билан Наманган вилоят шифохонасига келгач, интернатурани Лор бўлимида ўташини айтишганида юзига беихтиёр табассум югурди. Аслида умумий амалиётчиликдан кўра ихтисослашиш шифокор учун беҳад муҳимлиги унга аввалдан аён эди.
- Мамадалиев, сен яхши билгинки, томоқ, қулоқ ва буруннинг соғлиги инсон ҳаёти тўкислигини таъминлашда ғоят қимматли аҳамиятга эга, даволайдиган касалларинг осонгина кўзингга кўринса ҳам, қийинчилиги даволашнинг нозиклигида, - дея тушунтирди, бўлим мудири Алексей Иванович Кириленко. - Бизлар инсоннинг бош қисмидаги дардларга қарши курашамиз, шунинг ўзиёқ масъулиятимиз баландлигини кўрсатади, уқдингми?
Маъруфали "ҳа" дегандай бош қимирлатди. Эҳтиёткорлик, тўғри ташхис, аниқ мақсадли муолажани касб-кори учун ўша онларданоқ фаолият шиорига айлантириб олди. Дастлабки икки йил ёш врачга ўрганиш, тажриба орттириш, олийгоҳ билимини амалиётда уйғунлаштириш даврига айланди. Тиббиёт соҳасининг ихтисослашган мутахассиси сифатида шаклланди. Ана энди Чустга-оиласи бағрига, ҳамқишлоқлари ҳузурига "Дўхтир Мамадалиев" бўлиб қайтди.
"Керакли кадр - топади қадр" деганларидек ҳамқишлоқлари хизматига кечаю-кундуз шай тиббиёт билимдони, касбининг устамони, беморлар меҳрибони, соғлиқнинг чин посбони сифатларининг соҳиби соҳа раҳнамолари назарига тушишига кўп вақт кетмади. Тезда етакчи врач мақомига эришди. Хизмат бурчию, касб тақозосидан ишдаги суръату журъати тобора юқорилаб борди. Аслида "етти ўлчаб, бир кесиш"нинг афзаллигини унутмасада, шароитдан келиб чиқиб, бемор ҳаётига хавф ҳадди аълога етмасидан қўлига шифобахш тиғ тутишдан ҳам ўзини тия олмаслиги кўпчиликни ҳайратга соларди, ҳатто ҳамкасбларининг ҳавасини уйғотарди. Олмосда Чуст ва Попдан келадиган хастаҳоллар учун туманлараро ЛОР шифохонасини очиб берган тармоқ мутасаддилари жуда тўғри қилишганини Мамадали дўхтирнинг муваффақиятлари қайта-қайта тасдиқлаб қўярди.
Биргина ҳаётий мисол: 1979 йил эди ўшанда.
- Дўхтир, оғир ҳолатдаги болани олиб келишди, - деди ҳамшира хона эшигини очганича остонада туриб.
- Нима бўлибди? - Сергакланиб, ўрнидан қўзғалди у.
- Нафас йўли беркилиб қолганга ўхшайди.
- Бунинг ҳеч ваҳимали жойи йўқ, ҳозир ҳаво йўлини очиб юборамиз-да.
У ҳамширага ҳаяжонини босиши учун таскин берганча "Тез тиббий ёрдам" бўлими томонга илдамлади. Кириб борсаки, аҳвол чинданам чатоқ экан. Кроватда 5-6 ёшлар чамасидаги бола ранги бўздай оқариб, хушсиз ётарди. Нафас олишдан гўёки тўхтагандай. У фонендоскопини бемор кўкрагига қўйиб, эшитиб кўргач, бунга ҳам қаноат ҳосил қилмай эгилиб, боланинг оғзи-бурнига қулоғини тутар, миқ этмаса-да қаттиқ шамоллашдаги шиш туфайли боланинг нафас қисиши тўртинчи даражага етганлигини англаб ғоят ташвишли ҳолатга тушди. Буни ёнидаги ҳамшираларгина эмас, беморнинг отаси Эргашали ҳам пайқаб турарди. Ҳаммалари "Кечикибмиз шекилли" деган ўйда безовталанишарди.
- Томошабинликдан заррача наф чиқмайди, Чустга олиб боргани эса, етказгунимизча ҳаётини бой бериб қўямиз, - деди врач аста бош кўтариб.
- Наҳотки, ўғлим...
Эргашали ака дўхтирга юзланиб мўлтиради.
- Шу ерда ўзим уриниб кўрсаммикин?
- Иложи борми?
- Агар розилик билдирсангиз...
- Ахир сўнгги чора шуку...
Улар бир-бирларини тушунишди.
- Бу сохта бўғма, - деди жарроҳлик асбобини қўлига оларкан, - кекирдагидан ҳаво йўли оча олсак, у ёғи кейин давом этаверади. - Қатъий қарорга келди шифокор.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми келгуси сонда).