60-йилларда 800 нафар бемор учун қулайликлар муҳайёланди. Республикадан ташқари Россия, Украина, Белорусия, хатто Покистон, Ҳиндистондан ҳам беморлар ташриф буюришиб, ўзларининг силдан тўла фориғлаш учун санаторийда муолажа олиб кетдилар.

Наманганликлар, хусусан, Турсун Содиқович ҳаётида 1968 йил жуда қутлуғ келди 1967 йилнинг декабри сўнггида Наманган алоҳида вилоят бўлиб, қайта ташкилланди. Бошқача айтганда, Андижон вилоятидан ажратилди. Бундан кутилган мақсад барча соҳаларда тараққиётни тезлаштиришдан иборат эканлиги табиий, албатта. Бошқарманинг биринчи бошлиғи Носир Шарипов саноқли ойларгина фаолият юритаётган эди ҳамки бевақт оламдан ўтди. Унинг ўрнига кадрни излашга тўғри келмади. Айни маҳалда шогирди Москвада малака ошираётганди. Ўшанинг ўрни эканлигини вилоят раҳбарлари якдил эътирофлашди. У Турсун Аҳмедов эди. "Пахталикўл" санаторийсини наинки республикага, ҳаттоки Бутун­иттифоққа довруқли маскан даражасига кўтара олган моҳир мутахассису ташкилотчи янги лавозимга ўтирганида бошқа тармоқлар қатори тиббиётда ҳам аҳвол анча мураккаб ҳолатдайди. Вилоят марказидан йироқ ҳудуд очиғини айтганда ўгайлатиб қўйилганди. Оқибатида бу даволаш-профилактика муассасаларига ажратилган маблағларнинг кўпроқ марказга сарфланиб, чекка-чекка туман ва қишлоқлар эътибордан четдалиги, боз устига кўмак ва назоратнинг сустлигидан улар замон талабларидан анча орқада қолганлиги шаҳардан ташқари деярли ҳамма жойда сезилиб турарди. Янада муаммоли жиҳати, энг зарур кадрларнинг етишмаслиги муаммоасини ечиш долзарб вазифайди. Турсун Содиқовичга ўз атрофидагиларга ҳаммаслаҳатлиги, қатъий фикрлилиги, ҳалоллик ва фаоллиги жуда-жуда асқотди. Фаолиятида адолатли бошқарув мезонига суянди. Майда гапларга пинак бузмай, дилига туккан эзгу мақсадлари рўёби учун тўхтовсиз интилди, изланди, имкон топди. Баҳоначиларга бемуроса бўлди, лафзи ҳалолларни яқин дўст билди. Барча масалаларга элу юрт манфаатлари нуқтаи назаридан қаради. Таниш-билишчилик, ошна-оғайничиликка йўл бермади. Чинакамига эл соғ­лиги учун қайғурди.

- Қаерда интизом мустаҳкам бўлса, ўша жойда ишдаги муваффақият тобора кўпаяверади,-дея таъкидлайди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эрмамат Нурматов.- Турсунбой ака Аҳмедовга эса бу раҳбарлик фаолиятининг асосий мезонига айланганди. Очиқ айтганда у "темир" тартиб-интизомни ёқтирарди. Камина бошқарма бошлиғи сифатида шифохоналарга уюштирилган кундузги текширишларни қўяверингу, тунлардаги шундай тадбирларда ҳам шахсан иштирок этганининг гувоҳиман. У доимо адолат тамойилини маҳкам ушлаган. Вазифасини сидқидил уддалаётганларни маънавий қўллаб-қувватлаб, масъулиятни унутганлар ўрнига ёниб яшайдиган ва ишлайдиган ёш мутахассисларни қўйган.

Дарҳақиқат, Турсун Содиқович кадрларнинг билими, салоҳияти тиббиёт ривожида ҳал қилувчи кучга эга эканлигини бирор дақиқа унутмаган. Тўғри гапни, ҳатто танқидий тарзда юзма-юз айтганларни таъқиб қилишни хаёлига ҳам келтирмаган, аксинча маъқуллаган. Танқид аччиқ бўлса-да, меваси ширинлигини бирор лаҳза ёдидан чиқармаган. Қуйидаги ҳаётий воқеа фикримизни тўла-тўкис тасдиқласа ажаб эмас.

1970 йил вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт кенгашига тўпланилди. Катта хонада ўттиз чоғли раҳбар ва мутахассислар ўтиришибди. Тўрида бошқарма бошлиғи Турсун Аҳмедов. Эшик олди тирбанд. Талабалар ишга бўлинмоқда. Нав­батма-навбат таклиф этил­япти.

- Жумабоев кирсин! - деди тадбирни бошқараётган ходим.

Ҳасанбой норози кайфиятда ичкарига қадам қўйди.Сабаби, у Тошкентга қайтиб бориб, жарроҳлик малакасини пухта эгаллаш эди-да. Қараса, юқоридаги энг катта раҳбар унинг "делоси"ни очиб варақлаяпти.

- Бу йигит педиатр-жарроҳ экан, - изоҳ берди Ваҳоб Бозорович, - 2-шаҳар «больница»сига жарроҳ зарур эди, шунга мўлжаллаяпмиз.

Наманган шаҳар бирлашган шифохона бош врачининг бу гапи бошқарма бош педиатрининг ғашини келтирди-ю, у одоб юзасидан катталаргамас, талабаларга заҳрини сочди.

- Сен қанақасан, нега педиатрликни хоҳламайсан, ҳамманг «специалист»ларга ўтиб кетаверасан, хирург бўлиб, лор бўлиб, педиатрликда ким ишлайди?, - деди. Алья Семёновна Лединова.- Биласанми, Наманган вилояти мамлакатда болалар ўлими бўйича олдинги ўринни эгаллаб ётибди, - дея бақириб юборди.

Ҳасанбойга бош педиатрнинг таънали гаплари беҳад таъсир қилди. Ёшликка хос юзгачопарлиги тутди:

- Значить, вў плохо работаете! - деб юборди қўққисдан.

Хонадаги ҳамма бир-бирига қараб, сув сепгандай жимиб қолди. Сезгир ва ҳуш­ёр талаба йигит сўз милтиғи қаёққа отилганини ўша ондаёқ фаҳмлаб етди.

- Кечирасиз, мен бундай демоқни сира-сира хоҳламагандим, - дея хижолатчиликни ўз зиммасига олишга журъатланди.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Турсун Содиқович аччиғланмади ҳам, қайтанга, ҳушёр тортди.

- Кўрдингизларми, эшитволдингизларми, студентликдан янги келган мутахассис ҳаммамизга тўғри баҳо берди. Қизил қалам билан ёки зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилса зиён қилмайди: фалон йили, фалон студент коллегияда врачлар ва ҳамширалар фаолиятига ҳақиқий баҳони берди деб. Раҳмат ука! Сиз чиқиб кетаверинг!

Ҳасанбой аниқ жавобни ололмагани учун хонани тарк этмай тураверди. Ниҳоят Аҳмедов очиқ чеҳра билан якуний ҳулосани айтди.

- Сизнинг ўзингиз энди бизларнинг ишимизга ёрдам берасиз!..

Ҳасанбойнинг ташқаридаги тенгқурлари ичкаридаги гап-сўзлардан бутунлай бехабар эдилару, ортидан кимдир чиқди.

- Бай-бай-бай, шунақаям гапирадими, - дакки берди у. - Кетмай кутиб тураркансиз.

Уни ташвиш чулғади. "Яна қандай маслаҳатга келишдийкин?" деган фикр қийнай бошлади. Кўп ўтмай бошқарма бош педиатри Алья Семёновна қовоғи солиқ ҳолда эшикни очиб, атрофга олазарак боқди. Ҳасанбойга кўзи тушиши билан заҳарханда жилмайди.

- Джумабоев, Турсун Содиковични кўндирдим, мен сени шу ерда 1-шифохонада олиб қоладиган бўлдим, интернатурани педиатрликдан ўтказасан.

- Турсун ака Аҳмедов оқилона хулоса ясаганликларини кейинчалик чуқур англаб етдим, - дейди фахрий шифокор Ҳасанбой Жумабоев.- Вилоятимизда болалар касалланишини, болалар ўлимини камайтириш учун юзлаб педиатрлар бир неча йил кечани кеча, кундузни кундуз демай астойдил ишлашимизга тўғри келган. Ниҳоят бошқарма бошлиғининг ўзи бизни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатадиган бўлди. Боиси, у кишининг ишончини оқлашга эришдик-да. Бугун эса мен қанчадан-қанча болаларнинг саломат яшашларига сабабкор шифокорлар сафида хизмат қилганимдан ҳеч ўксимайман. Қолаверса, кейинчалик уролог жарроҳликниям ўзлаштириб олдим. Мустақиллик йилларида Президентимиз Фармонларига кўра II-даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирландим. Буни мен яхши инсонларнинг ўз вақтида яхши йўл кўрсатганликлари шарофатидан деб биламан.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми келгуси сонда).