Педиатр-врач, меҳнат фахрийси Меҳринисо Эгамбердиеванинг мамнунлик ҳисларига йўғрилган сўзларида ҳеч қандай сохталик йўқ. Боиси, ая ҳам худди турмушдошлари сингари оддийлик ва камтарликни ўзларига безак ҳисоблаган элсевар аёлдир. Икковлариям асли Чуст туманидан. Ака-Дамобод қишлоғида, опа шаҳарнинг Панжсада маҳалласида туғилиб вояга етишган. Бирлари дастлаб Наманган тиббиёт билим юртида фельдшерликка ўқиган, бирлари Чустдаги ўқув масканида ҳамширалик сабоғини олган. Оила қуришгач, орзулариям қўшалоқланган. Тошкентдаги педиатрия институтида олий маълумотли бўлишиб, врачлик даражасига етишган.

- Сиз ҳеч вақт ўзингизнинг соғлигингиздан ташвишланмайсиз, беморларингиз ҳақида қайғурасиз, аслида одамларни даволаш учун туғилганакансиз-да, деб ҳазиллашардим, атайлаб - эслаб таъкидлайди Меҳринисо опа. - Ўшанда жилмайиб гапларимни тасдиқлардилар: "Гоҳо ўйланиб қоламан. Борди-ю шифокор бўлмаганимда қайси касбни эгаллардим? Йўқ, барибир яна врачликни танлардим. Шу ишимдан бошқасини уддалашимни ҳеч тасаввуримга сиғдиролмайман...".

Дарҳақиқат, бу фикр ўз-ўзидан қатъийлашмаган. Болалигидан орзулагани оқ халатли инсонлар сафига  қўшилиш эди. Қўлига фельдшерлик дипломи теккач, 1969 йилда Чуст шаҳар шифохонасида тўрт йил ишлаганида ҳам фаолиятидан қониқавермагач, ўқиш ва изланишни давом эттириш зарурлигини англади. Ҳатто янги оила қурганига қарамай, интилиши сусаймади. Меҳринисони ёнига олиб, пойтахтга йўл солди. Омадини қарангки, 1972 йили институт талабасига лойиқ билимга эгалигини имтиҳонлар натижаси яққол тасдиқлади. Боиси, ҳам ишлаб, ҳам китоб титиб, олийгоҳ синовларига пухта тайёрланганди. Худди шундай интилишга умр йўлдоши Меҳринисоям одатланганди. У ҳам келаси йили педиатрликни танлаб, Мирзадавлат акадан ортда қолмаслик учун курашди. Эру хотин институтни бирин-кетин аъло баҳоларга тугатишди. Лекин дарров Наманганга қайтишга шошилишмади. Аксинча, устозларидан узоқлашишга Мирзадавлат аканинг кўзи қиймади. Институтнинг олим-шифокорлари ташкилотчи ва билимдон шогирдни ўз бағриларида олиб қолишни маъқул кўришди. У олий тиббий ўқув даргоҳининг клиникасида дастлаб врач, сўнгра бўлим мудири бўлиб фаолият юритди. В. Мажидов, В. Алимов ҳамда А. Зокирхўжаев сингари фан доктори ва доцентларнинг юқори малака салоҳиятини, бой тажрибасини ёнида юриб, қунт билан ўзлаштиришдан зўр қониқиш туйди.

Албатта, инсон учун ўзи туғилиб, улғайган, камолот касб этган жойда ишлаш истаги кўпинча устувор туради. Анестизиолог-реаниматолог ихтисослигини чуқур ўзлаштирган кадр ўша пайтларда Наманган тиббиёт муассасалари учун жуда-жуда керак эди. 1984 йилда қадрдонлари ёнига ҳеч иккиланмай қайтди. Вилоят кўп тармоқли шифохонасида мутахассислиги бў­йича ўз ўрнига эга бўлди.

Мирзадавлат акадаги зўр иштиёқ уни тиббиётнинг илму амалиётини уйғун ўзлаштиришдан сира тўхтатмасликка ундайверарди. Нафақат Тошкентда, 1988 йили Санкт-Петербургга пульмонология, 1990 йили Москвага кардиология соҳаларида малака оширишга ундади. У кўпқиррали мутахассис даражасига етди. Сўнгра 21 йиллик умрини юрак хасталикларини даволашга сарфлади.

- Мирзадавлат Эгамбердиев жуда фаол инсон, - деб тавсифнома битилган экан вилоят кардиология марказининг собиқ бош шифокори В.К. Турдиев томонидан. - У 1990-2001 йилгача вилоят кардиология диспансерида реанимация-реаблитация бўлими мудирлигида, 2001 йилдан то шу кунга қадар вилоят кардиология марказида ишемик хасталиклар бўлими мудирлигида сид­қидилдан хизмат қилиб келмоқда. "ЎзЛиДеп" аъзоси, у доимо ташаббускор, тўғри сўз, топшириқларни ўз вақтида бажаришга лаёқатли, ёшларга ўрнак устоз сифатида биз учун қадрли...".

Мирзадавлат аканинг кичик жамоаси катта ютуқларга эришаётгани боис муассаса раҳбарлари қачон журналистлар ташриф буюришса, илғорлар қаторида у кишининг бўлими жамоасини тилга олишлари табиий ҳол эди. Газетамизнинг 2000 йилдаги 8-сонининг 1-саҳифасидаги матнли суратда қу­йидагилар ёритилган:

"Вилоят кардиология шифохонаси ходимлари жамоа­си аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек масъулиятли вазифани шараф билан уддалашмоқда. Айниқса, жонлантириш бўлими жамоа­сининг фаолияти диққатга сазовор.

Бўлим мудири Мирзадавлат Эгамбердиев (суратда ўртада) биринчи тоифали врач Толибжон Ҳолиқов, ҳамширалар Насиба Юсупова, Гулчеҳра Хўжаева, олий тоифали врач Баҳодир Сиддиқов ҳамда бош ҳамшира Соҳиба Мамадалиевалар".

Орадан тўрт йил ўтгач, газетамизнинг 2004 йилдаги 8-сонида яна қимматли сурат босилган. Унда кардиология маркази юрак ишемик хасталиклари бўлими мудири Мирзадавлат Эгамбердиев бир гуруҳ ҳамшираларга йўл-йўриқ бераётгани тасвирланган.

Демак, истиқлол ислоҳотлари шарофати ила тиббиёт юксалишини таъминлашда Мирзадавлат акадек фидоий шифокорлар алоҳида шахсий ибрат кўрсатишган. Буни шогирдлар эътирофи ҳам яққол тасдиқлайди.

- Мирзадавлат ака билганларини ёшларга ўргатишдан сира чарчамасдилар, - дейди вилоят кардиология маркази врачи Абдураҳим Жўраев. - Мен беморларга самимий муносабатни, энг аввало, шу устозга қараб ўзлаштирганман. У кишининг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати кардиология соҳасида чуқур билимга эга эканликлари баробарида одам­охунлиги, беморларга жуда меҳрибонлигида ҳар доим ёрқин кўринарди. Устозга ўхшашга ҳаракат қилардик бизлар ҳам. Ана ўшанинг учун топганимиз обрў-ҳурмат бўлмоқда. Беморларимизнинг ихлосу ишончини қозонишга қийналмаётганимиз шундан.

Умр аслида ўлчовли бўлса-да, уни узайтириш имконияти инсоннинг ўзига бериб қўйилган. Мирзадавлат Эгамбердиев садоқатли шогирдлари, даволаган минглаб беморлари кўнглида ҳамиша тирикдек. Гўё тўрт йил аввал орамиздан кетмагандек.

Эгамбердиевлар сулоласига бугун Меҳринисо ая раҳнамолар. Қизлари Муҳайё Наманган Ипотека банкида бош мутаҳассис. Ўғиллари Баҳодир ота-онаси изидан бормоқда. Айни маҳалда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси врачи. Набиралар эса таълим-тарбия муассасаларида аъло баҳоларга ўқишмоқда. Улар ҳам боболаридан фахрланишиб, боболарига ўхшашга интилишса не ажиб!

Содиқ САЙҲУН.