Аъзойи бадани қақшаётган Дилором мактабдан келган ўғлининг саломига аранг алик олди.
– Онажон, тобингиз қочдими? Сизни ҳозир даволайман.
Аёл болалик гапи-да, деб ўйлади-ю базўр кулиб қўйди.
– Ҳусниддин, овқатинг токчада, тушлигингни қилгин.
Бола жавобсиз чиқиб кетиб, қўлларини ювиб кирди. "Кичкина табиб"даги боладек ишга киришди.
– Онажон, қўлларингизни узатиб, кўзларингизни ҳиёлгина юминг. Баданингизни бўш қўйиб, гулларни ўйлаб ётинг.
Ўғли волидасининг бошу пешонасининг ҳар жойини енгилгина силай бошлади. Қош-қовоқлари, кейин елка-ю билакларини қўли тегар-тегмас сийпалади. Оёқларини майингина уқалади.
Дилором қушдай енгил уйғонди. Ўғли овқатини еб бўлиб, оёқларига бош қўйганча ухларди. Аммо бир халта дори-укол ҳам қолдиролмайдигандек туюлган қақшоқ оғриқлар қаерга кетганлигига ақли бовар қилмасди. Тиббиёт ҳамшираси эмасми, боласининг "муолажаси" биологик ва руҳий қувват, организм ва инсон ҳиссий оламини ички сезги билан англашдек ноёб қобилиятнинг учқунлари эканлигини пайқади. Йиллар давомида ана шу иқтидорни камол топтириш пайида бўлди.
Нияту интилишларига яраша Ҳусниддин Усмонов мактабни тугаллагач, Тошкент тиббиёт академиясига юқори балл билан қабул қилинди. Сўнг академиянинг кардиология бўлимида магистрлик ишини ёқлади. Тўрақўрғонга келгач, таниқли кардиолог, юксак салоҳиятли устоз Раънохон Ражабовадан амалий сабоқлар олди. Юрак хасталикларини аниқлаш ва даволашда SMAD, VEM, Xolter EKG каби қурилмаларни оқилона қўллаш маҳоратини эгаллади. Кардиореанимация бўлимида ўта оғир даражадаги беморларни ҳаётга қайтаришдаги хизматлари билан ишонч-эътибор қозонди.
Кардиология бўлимида юрак хасталиги озорларидан халос бўлган Адҳамжон Сайфиддинов, Бахтиёр Мирзаев, Рустамжон Раззоқов, Усмон Абдуллаев бу ердаги врачу ҳамшираларнинг юксак малака ва меҳрибонликлари ҳақида бизга мамнуният билан гапириб бердилар. Айниқса, Ҳусниддин Усмоновни «кучли мутахассис ва олижаноб инсон» дея таърифлаб, алоҳида миннатдорлик изҳор этишди. Шундай фарзандни камол топтирган отаси, халқ таълими фахрийси Икромали Ҳамроқулов, онаси Дилором Бозорова шаънига раҳматлар ёғдирдилар.
– Ҳусниддин Икромалиевич тиббиётга ташаббускор, қалби қайноқ, касбига содиқ ва фидойи ёшларнинг бири сифатида кириб келди, – дейди кардиолог Саодат Мансурова. – Диагнозу даволашда дунё стандартлари татбиқ қилинар экан, бу борада унинг фаоллиги, чуқур билим-заковати, шахсий намунаси катта роль ўйнамоқда.
Қаҳрамонимизнинг мақсадлари катта. У устозлар раҳнамолигида юрак-қон томир касалликлари муолажасининг янада қулай ва самарадор усуллари устида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Бурҳониддин НИЗОМОВ,
I-даражали "Меҳнат фахрийси"
кўкрак нишони соҳиби,
журналист.