Поп тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоасининг аҳоли, айниқса, биз нуронийларга эътиборларидан ғоят мамнунмиз. Тиббий кўрикларни мунтазам ўтказиб, керакли муолажаларни тизимли равишда олиб бормоқдалар. Ҳар бир врач ва ўрта тиббиёт ходимининг юқори малакали хизматидан танамиз қувватланса, иззат-икромларидан руҳимиз ором олади. Ана шундай юксак маданиятли фаолиятни шакллантирган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А. Иминов, бош мутахассис Т. Абдуллаев, туман КТМП мудири Ҳ. Жалолова, кардиолог Ф. Фахриддинова, жарроҳ Қ. Ўрдаева, психиатр О. Масаидов, терапевт Н. Мирсултонова, Г. Қурбонова, гастроэнтеролог О. Файзуллаев, катта хамшира Ш. Турғунова, провизор Б. Исомидинов, ҳамширалар Д. Алиева, К. Қаҳҳорова, Н. Мирбобоева, М. Тошматова, Ю. Ҳомидовага чексиз миннатдорчилик изҳор этамиз.

Беморлар номидан:

А. ҲУСАНОВ, А. ХИДИРОВ, А. РАҲМАТОВ, М. ФАЙЗИЕВ.

 

Мазкур мактуб таҳририятимизга келганида яна бир хушхабар мамлакатимизга ёйилди. Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Ҳафиза Жалолованинг кўп йиллик ҳалол хизматлари давлатимиз томонидан муносиб эътирофланди.

У II-даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланди. Халқ ва давлатнинг қўшалоқ эътирофига нима етсин.

Сўзни шундай бошлашимизнинг ўзига хос сабаби бор. Ҳикоямиз қаҳрамони ҳам эл-юртда обрўли инсонлар бўлган ота-онаси сабабли айнан шифокор бўлишни ихтиёр этган.

– Дадам раҳматли Мухторжон Жалоловни попликлар яхши эслашади, номини ҳурмат билан тилга олишади, – дейди шифокор. – У киши узоқ йиллар Поп тумани тиббиёт бирлашмасида бош врач лавозимида фаолият олиб борганлар. Онам Турғуной Абдуллаева тиббиёт пунктида ҳамширалик қилиб, шу касбни эъзозлаб яшадилар. Ҳозир отам ва онам ёнимизда йўқ, Аллоҳ раҳматига олсин, бироқ улар берган тарбия, билим ва ўгитлар доим ёдимизда. Шу сабаб эл корига яраяпмиз.

Ҳ. Жалолова 1960 йилда Поп туманида дунёга келди. 1983 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини акушер-гинеколог мутахассислиги бўйича тугаллаб, туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона бўлимида иш бошлади. 1987 йилдан 1997 йилгача тиббий-санитария бўлими "Аёллар маслаҳатхонаси"да акушер-гинеколог сифатида иш олиб борди. 1999-2023 йилларда эса Хўжаобод қишлоқ врачлик пункти мудири сифатида билим, куч ва ғайратини аҳоли саломатлиги йўлида сарфлади.

Бир йилдирки, туман кўп тармоқли марказий поликлиника жамоасига раҳбарлик қилиб келаётган қаҳрамонимизга жорий йилда "Соғлиқни сақлаш аълочиси" ҳамда 2-даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари берилган эди. Тиббиёт ходимлари куни айёмида эса II-даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланди.

Унинг иш ташкил этишда ўзига хос услуби бор. Бу – ҳар бир ходимга эътиборли бўлиш, улар хизматини муносиб баҳолаш ва ўз ишига ҳам, ўзгаларга ҳам талабчанлик. Албатта, бу осон эмас. Бу – раҳбардан ўзига яраша куч ва машаққат талаб этади. Лекин мудир этиб тайинлангандан кўп ўтмай ҳамма ишни тартибга сола билди, жамоа ҳурмати ва меҳрини қозонди.

– Марказий поликлиникамизда айни пайтда 340 нафардан зиёд тиббий ходимлар фаолият юритиб келмоқда, – дейди Ҳафиза Жалолова. – 86 нафар врач, 211 нафар ҳамшира ва 48 нафар кичик тиббий ходимларнинг ҳар бири соҳада муайян тажрибага эга. Хусусан, шифокорларимизнинг барчаси юқори малакали, тажрибали. Ўткирой Нурматова, Отикахон Ирматова, Насибахон Мирсултонова, Гулжамол Қурбоновалар аллақачон туманда энг яхши врач сифатида танилиб улгуришган. Ҳамшираларимиз ҳақида ҳам шундай илиқ фикрларни таъкидлашимиз мумкин. Эндокринология хонаси ҳамшираси Д. Мирзатиллаева, амалиётчи ҳамшира Д. Алиева, муолажа ҳамшираси М. Ўрдаевалар жонкуяр, билимли ўрта тиббиёт ходимлари ҳисобланади.

Дарҳақиқат, мазкур кўп тармоқли марказий поликлиника 35 мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Муассасада 17 та тиббий бригада мавжуд.

– Бугунги кунда муассасамизда "Электрон поликлиника" тизимини жорий этиш ишлари жадал тус олган, – дея сўзини давом эттиради КТМП мудири. – Ўз навбатида, аҳоли учун катта қулайлик яратадиган тиббий суғурта тузилмасини қўллаш бў­йича чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Албатта, бу жараёнда ҳар биримизнинг ўз вазифамиз, зиммага олган бурчимиз бор.

Х. Жалолова тиббиётчилар оиласида камол топди. Акаси Абдуғофир Жалолов ҳам энг яхши невропатолог врач, туман тиббиётининг устунларидан бири эди. У бир неча йиллар туман тиббиёт бирлашмасига раҳбарлик қилди. Аммо афсуски, 2018 йилда эрта келган ўлим уни яқинлари орасидан олиб кетди. Бироқ унинг хотираси асло унутилмайди, чунки жиянлар тоғанинг изидан боришяпти.

Ҳафиза опанинг умр йўлдоши Бахтиёр Умаров ҳам шифокор, у тумандаги "Мурувват уйи" врачи. Уч нафар фарзанднинг барчаси олий маълумотли. Тўрт нафар набира – оила қувончи. Фарзандларнинг тўнғичи бўлган Элёржон алоқа соҳасида фаолият олиб боряпти. Дилшода – Тошкент шаҳри, Яшнабод тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори, Илҳомжон – пойтахтдаги 16-шаҳар касалхонасида врач-радиолог.

Моҳир мутахассис, ташкилотчи, ташаббускор раҳбар, ибратли оила бекаси Ҳафиза опа ана шундай бахти баркамол аёлдир. Унга ҳар қанча рағбат, ҳар қанча эҳтиром муносиб.

Шаҳло ТОШБЕКОВА.