Танишинг: Мусаев Улуғбек Эргашалиевич. "Шуҳрат" медали соҳиби, 16-Гуртепа сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати, Халқаро шифокорларнинг Хитой конференцияси сертификати эгаси, Ўзбекистон халқ табобати академияси ҳамда Ибн Сино халқаро жамоат фондининг аъзоси.

2007 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлади. 2009 йилда эса терапия йўналишида клиник орденатурани ўтади. Хусусий тиббий муассасаларда, чет эл компанияларида ишлади. 1-шаҳар шифохонаси, "Саховат, меҳр-мурувват" диагностика марказида ички касалликларнинг моҳир шифокори бўлиб етишди.

Аммо Мингбулоқнинг ўзи туғилиб ўсган Меҳнатбод қишлоғидаги ўн йиллар мобайнида харобага айланган асаб касалликлари шифохонаси биносини кўрганда юраги эзиларди. Бу масканни қайта барпо этиб, беморлар узоғини яқин, оғирини енгил қилиш орзуси асло тинчлик бермасди. 2019 йил бўш турган биноларни тадбиркорларга бериш акцияси армонларини ушатди. Аукционда мазкур бинони шифохона тарзида қайта қуриш шарти билан олди. Банкнинг имтиёзли кредити ва шахсий маблағи ҳисобидан 5 миллиард сўм сарфлаб иморатни қайта тиклади. 4 миллиард сўмга Германия, Япония ва бош­қа мамлакатларнинг юқори аниқликдаги замонавий тиббий-диагностика аппаратлари, биокимёвий ва қоннинг умумий таҳлили ўтказиладиган лаборатория ускуналари, даволаш қурилмалари ва бошқа зарур жиҳозлар келтириб ўрнатди.

2020 йили ишга тушган "MED Layt" МЧЖ хусусий клиникасининг қарийб 90 кишилик жамоаси тўрт йилдирки, кардиология, неврология, терапия, физиотерапевтика, гинекология йўналишида нафақат Мингбулоқ, балки мамлакатиимиз вилоятлари, қўшни республикаларнинг чегарадош вилоятларидан келаётган беморлар саломатлигини тиклашмоқда. Бугунга келиб, шифохонадаги 100 ўрин камлик қилиб қолди. Қолаверса, туман марказидан 8 километр олисда. Шу боис Жомашўйда 40 ўринли филиал қурилди ва у жорий йил Нав­рўз кунлари ишга туширилди.

– Тиббиётга ҳар куни янгилик киритиб турилмаса, ривожланмайди, – дейди У. Мусаев. – Ке­йинги йилларда дунёда юрак-қон томир, асаб, бел-умуртқа чурраси касалликлари кўплаб учраётгани, клиникамизга шу тўғрида мурожаат қилувчилар сони ортаётганини ҳисобга олиб, Хитойда халқаро шифокорлар конференциясида назарий ва амалий малака ошириб, бу йўналишдаги энг илғор ташхислаш ва даволаш усулларини ўграндим. Бундан ташқари мазкур хасталикларни аниқлаш ва муолажасида қўлланиладиган технологик воситалар олиб келдим.

Ана шундай маслак ва мақсадда яшаб ишлаётган шифокор-тадбиркор тиббий туризмнинг энг фойдали ва мароқли масканларига айланажак тизим лойиҳасини ҳам амалга оширмоқда. Янгиер массивидаги қумлоқ ҳудуддан 5 гектар ер олиб, қумли муолажа шифохонасини қурдирмоқда. Бу ерга келганлар сув ҳавзаларида балиқ овлаш ҳамда чўл табиати, ҳайвоноти жамланган тематик боғ ғаройиботларини кўриб, касалликларини унутадилар.

Бобо-ю момоларининг, "Меҳнатобод қаърида шифобахш сув бор" деган гаплари қулоғида турган Улуғбек, мутахассисларни олиб келиб текширтирди. Аждодлар каромати тўғри чиқди. 600 метр чуқурликда энг шифобахш, минералларга бой сув бор экан. Тадбиркор ана шу сувни тортиш, технологик кўрсатмалар асосида қайта ишлаш ва халқимиз саломатлигига хизмат қилдириш чора-тадбирларини кўрмоқда.

Булардан ташқари бош клиника яқинига олис туман, вилоят, республикалардан беморларни йўқлаб келувчилар учун замонавий меҳмонхона типидаги ётоқхона, тиббий туризм йўналишида хориждан ташриф буюрувчилар ва маҳаллий аҳоли оилавий дам олиб, даволаниши учун коттежлар барпо этишга киришилмоқда.

Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш авжида. 1,5 минг тупдан зиёд ноёб гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 60 хилдан зиёд ноёб жониворлардан иборат мўъжазгина зоопарк беморлар ва йўқловчиларга мароқ бағишлаяпти.

Келинг, мақолани Улуғбекнинг отаси, олий тоифали врач, тиббиёт фахрийси Эргашали Мусаев мулоҳазалари билан якунлсак:

– Улуғбек болалигидан шу касбга муҳаббатли, одамларга меҳрибон ва шу йўналишда қатъиятли бўлиб ўсди. Улуғ мақсад уни тиббиёт равнақи, инсон қадр-қиммати, Ватанимиз ривожи йўлида хайрли ишларга руҳлантирмоқда. Ана шундай ватанпарвар, эл-юртига содиқ, билим ва заковатли, тадбирли ва шижоатли ёшларни қўллаб-қувватлаётган давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдираман.

Қосимжон АКБАРОВ.