(Публицистика)

"Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди". Бу – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътирофлари ва таъкидлари. Шак-шубҳасиз Сизлар бизларнинг сиҳат-саломатлигимизни ҳар хил хасталиклардан ҳимояловчи халоскорларсиз. Уйимиздами, ишхонамиздами, ўқув муассасасидами, қаерда бўлмайлик, танамизда оғриқ, истима сезсак, дарров безовталанамиз. Қўлимизга телефонимизни олиб, "103"га қўнғироқ юборсак бас, ўша заҳоти "лаббай" дея кимлигимизнию, манзилимиз қаердалигини сўрайсиз. Айтишимиз биланоқ "Ҳозир боришади" жавобини эшитамиз. Шошилиб кутиб олиш тараддудига тушамиз. Негаки, саноқли дақиқалардаёқ "Тез ёрдам"чи тиббиётчилар кўчамизда, дарвозамиз олдида пайдо бўлишади. Инчунин, тасарруфингизда наинки "Дамас", балки энг замонавий русумдаги хорижда ишлаб чиқарилган, дастлабки тиббий хизмат учун асқотадиган барча асбоб-анжомлар билан жиҳозланган, шамолдек шошқин ҳаракатланадиган енгил автомашина. Сумкангиз 50-60 хил, ҳатто ундан ҳам кўпроқ дори-дармонларга тўла.

Ўзингизнинг билимингизга ҳам, муомалангизга ҳам асло гап йўқ. Меҳрибонсиз, ширинсўзсиз, тилларингиздан умидбахш сўзлар эшитамиз. Дори-дармонингизни олгач, жонимизга оро киради. Оғриқ чекинади, истима пасаяди, қон босими меъёрлашади. Беихтиёр дилимиздан кечган "Раҳмат, доктор!", "Қўлингиз енгил экан, кўп яшанг ҳамшира!" деган дуо-тилаклар тилимизда янграйди. Сизлар эса вақтни қизғониб, яна бошқа томонга ошиқасиз. Ахир одамлар дардига дармон, шифо бағишлаш учун ором нималигини эрта-кеч, тундан тонг­гача билмайсиз. Навбатчилигингиз чоғида тиббий текширувингизга, муолажангизга зор, эҳтиёжманд инсонларга қанча кўп нафингиз тегса, шунча ол­қиш олиб яйрайсиз. Сўнг уйингизга, оилангиз бағрига хуш кайфиятда қайтасиз. Хизмат постингизни яна ҳамкасбларингиз эгаллашади, асло тўхташ йўқ. Сизлардан тиним бегона. Мақсадингиз бирламчи тизимда, биринчи ёрдамда юксак сифат ва юксак самарага эришиш. Бу билан халқимиз ҳаётига туғилган хавфни тезда даф қилишга эришасиз. "Шифокор" деган номни шарафларга буркайсиз.

Яхши биласиз, инсон иссиқ жон. Унинг вужудига, жонига, руҳига озор берувчи касаллик аталмиш тан офати бир марталик, бетакрор умрини емиради, қирқади. Сизлар даволаш-профилактика муассасаларида тиббий ташхисловларни ўтказиб, хас­таликлар манзилини топасиз. Дори-дармонни худди моҳир мерган нишонга олгани каби уларга қарши қўллайсиз. Мўлжални аниқ билганингиз учун уни бехато урасиз. Ҳар қандай дард сиздан яшириниб қутулолмайди. Барибир маҳв қиласиз. Ётган беморларни оёққа турғазасиз. Аҳволини ўнглайсиз. Оиласи бағрига соғу омон жўнатасиз.

Сизлар, шубҳасиз, бойлардан-да бойидирсизлар. Навқирон авлодингиз миллионер бўлишса, кекса авлодингиз миллиардерлик даражасига етган. Ҳа-ҳа, шундай. Ахир олтиндан аъло олқишларнинг сону саноғига етиш қийин. Сизларнинг шаънингизни улуғловчи, шарафловчи сўзлар янграгани янграган. Касбингиздан, толенгиздан ҳар қанча ғурур туйсангиз арзийди.

Бугун врачмисиз, ҳамшира ёки фельдшермисиз давогоҳингиз жуда-жуда шинам, ёруғ, маҳобатли ва малоҳатли. Баҳору ёз салқину сўлим, кузу қиш илиғу ҳароратли. Жиҳозларингиз чиройли, қулай. Иш қуролларингиз – аппарату асбоб-анжомларингиз энг сўнгги русумда, ўзимиздагидан ҳам, хорижда ишланганларидан ҳам самарали фойдаланасиз. Машаққатингиз енгил, ҳаракатингиз натижадор. Нажотталаблар олдида ҳамиша юзларингиз ёруғ. Хоҳласангиз, хорижга чиқиб, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги энг таниқли олим-шифокор ҳамкасбларингиздан малака-маҳорат ўрганаяпсиз. Истасангиз, ўзларингиз шифохона очиб, хусусий клиника ишини юритишингизга кенг имкониятлар яратиб қўйилган. Бунинг учун муттасил ўқиб-ўрганишу тажриба тўплашингиз, бирингиз шогирду бирингиз устоз мақомида ҳурмату обрўга эришишингиз мумкин. Қасамингизга содиқлигингиз, садоқатингиз, албатта, ўзингизга бахту саодат келтиришини яхши биласиз. Бетаъма ва беминнат хизматингиз асло ерда қолмаслиги, элу юртда ардоғу эъзозга муносиб топилишингиз ўзингизга ойнадай аён.

Президентимиз Фармонига кўра, ҳар йили мустақиллик байрами ҳамда Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Сизлар – бир гуруҳ соҳамиз илғорлари давлатимизнинг юксак унвону орден-медалларига сазовор бўлмоқдасиз. Вазирликнинг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" нишонлари кўкрагингизни безамоқда. Ҳалол ва фаол хизматларингиз Фахрий ёрлиқлар билан сийланмоқда. Турли танловларда, мусобақаларда турли номинациялар бўйича ғолиблигингиз учун қатор-қатор мукофотлар билан тақдирланяпсиз. Булар инсонпарвар жамиятимизда эзгу ният йўлидаги серзаҳмат меҳнатингиз юқори қадр-қиммат топаётганидан, муносиб баҳоланаётганидан далолат эмасми?! Қатъий ишонамиз, Сизлар ҳеч қачон касбий фаоллигингизни сусайтирмайсиз. Аксинча, тобора масъу­лиятни чуқур ҳис қилган ҳолда хал­қимизнинг ўзингизга бўлган меҳр-ихлосини кучайтираверасиз, мустаҳкамлайверасиз.

Сизга қутлуғ айём қутловларини йўллар эканмиз, яна бир бор элимизга нақадар суюкли ва қадрли эканингизни таъкидлашга бурчлимиз. Бор бўлинг, омон бўлинг, саломатлигимизнинг сергак посбонлари! Билимдонлигингизга, малакадорлигингизга, меҳризиёдалигингизга балли, моҳиру матонатли тиббиёт фидойилари! Сизлар билан ҳаётимиз ҳаловатли, сизлар билан умримиз узун, сизлар билан кўнглимиз хотиржам, бугунимиздан эртамиз завқли бўлиши кафолатли.

Содиқ САЙҲУН,

шоир ва публицист.