Бунёд ЭГАМНАЗАРОВ,
вилоят ФВБ бошлиғи, полковник.
Қадрли саломатлик посбонлари! Ҳар бир кун сизнинг сабот-матонатингиз, илм заковатингиз, тажриба ва маҳоратингизни синовдан ўтказади. Бу ўта масъулиятли синовлардан сидқидил фидойилик, бурчга садоқат билангина ўтиш мумкин, холос. Халқимиз яхши билади, сиз иш вақтингиздан кейин ҳам, жисмоний ва руҳий чарчаганингизга қарамай, маҳалла-кўй аҳли, сизга ихлос қўйган инсонларнинг нажот сўраб қилган мурожаатларига асло беписанд қарай олмайсиз. Токи, дардларига малҳам бўлиб, ҳаловат бахш этмагунингизча ором билмайсиз.
Сизларнинг фавқулодда вазиятлар бошқарма ва бўлимлари билан ҳамкорлигингиз ҳам таҳсинга лойиқ. Ижтимоий-иқтисодий объектларда ташкилланаётган табиий ва техноген офатлар вазиятида тўғри ҳаракатланиш, одамларни қутқариш, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш сабоқларига бағишланган ўқув-машқларимиз ғоят самарали, юксак савияда ўтишида сизларнинг хизматингиз катта.
Ҳамкорликдаги интилишларимиз халқимизнинг бахт-саодатли ҳаёти, фаровон турмуши, тинчлик-омонлик барқарорлигига хизмат қилаверсин.
Касб байрамингиз билан вилоят фавқулодда вазиятлар тизими шахсий таркиби номидан муборакбод этаман! Машаққатли ва шарафли фаолиятингизда доимо омад ёр бўлсин!
* * *
ОМОН БЎЛИНГ, ХАЛОСКОРЛАР!
Иброҳим ХОДЖИЕВ,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи.
Маълумки, кучли ижтимоий ҳимоя сифатли хизмат кўрсатишдан бошланади. Бу борада эса биз доим соғлиқни сақлаш тизими ва унинг фидоий ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.
Жумладан, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болажонларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишда малакали шифокорлар бизга кўмакдош бўлишади. Шунингдек, вилоятимиздаги якка-ёлғиз кексаларнинг соғликларини доимий назорат қилувчи жонкуяр тиббиёт ходимларининг меҳнатларини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Бундан ташқари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан бирга тазъйиқ ва зўравонликка учраган аёл-қизлар учун "Бирламчи кўмак хоналари"ни ташкил этган. Ушбу лойиҳа туфайли эса ўнлаб фуқароларни оғир ижтимоий аҳволдан олиб чиқиш бўйича самарали натижаларга эришилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, туну-кун ҳар қандай вазиятда ҳам ўз бурчига садоқатли ушбу заҳматкаш касб эгалари туфайли аҳолининг барча қатламлари малакали тиббий хизматдан фойдаланиб келмоқда.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари, меҳнатингизни қанча эътироф этсак, шунча кам. Касб байрамингиз муносабати билан Сиз азизларни, муборакбод этарканман, танингизга соғлиқ-саломатлик, оилангизга тинчлик-тотувлик, фаолиятингизга муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.
Халқимиз саломатлиги, жамиятимиз ривожи йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларингиз бардавом бўлаверсин!