ёхуд Бахтиёрга бахт ёр доим

Ҳаёт – ғоят мураккаб, қанча яшамайлик, турли-туман ҳодисалар жараёнида кимнинг кимлигини англаб, қандайлигини кўриб бораверамиз. Яхшиларнинг меҳр-муруввати беқиёс. Улар элга нафи тегмаган кунини гўё умр ҳисобига қўшишмайди. Катта-кичикка қанча фойдалари тегса, шунча чеҳраларига нур югуради, лабларида табассум жилваланади. Ана шундай инсонлардан бири нев­ролог Бахтиёр Ёқубовдир. У барчага бирдай нажот қўлини чўзувчи, муомаласи мулойиму беминнат, муолажаси шифобахшу бетаъма мутахассис. Бундай тиббиётчиларнинг борлигидан беморларнинг кўнглини ҳамиша равшанлик чулғайди.

Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Тўнғич ўғлини уйлантириш тараддудида елиб-югурган Исломжоннинг салкам тўқсон ёшли падари бузруквори Қутбиддин ҳожи дада ногоҳ йиқилиб, ёстиққа бош қўйиб қолдилар. Фарзанду келинлар, набиралар билан чуғуллашиб, орзулари осмон юрган қариянинг кутилмаганда қулоқлари ҳам тин битибди.

– Дадам жуда сиқиляптилар, нима қилсак экан? -деди у ишхонасидаги ҳол-аҳвол сўраганларга.

– "Гўзал"да Бахтиёр исмли невролог бор, жуда малакали, дарров унга мурожаат қилиб кўринг, – дея маслаҳат берди ҳамкасбларидан бири.

У шошилганича чиқиб кетгач, кечга томон чеҳраси очилиб кириб келди.

– Бахтиёр ака зўр дўхтир экан, дадамнинг аҳволларини тушунтирган эдим, илтимосимни ерда қолдирмади, тушлик пайтида вақт ажратдилар. "Ҳожи ота, худо хоҳласа, юзга кирасиз, ҳали қулоғингиз ҳам очилиб кетади" деган сўзларидан сўнг юзимиздаги табассумимизни кўриб турган дадам худди эшитаётгандек қўлларини дуога очдилар. Роса алқадилар, -деди Исломжон мамнун оҳангда.

Энди ҳикоямиз қаҳрамони билан батафсилроқ таништирсак. У Пешқўрғон қишлоғининг Боғистон маҳалласида яшовчи муаллим Сотиболди Ёқубовнинг бош фарзанди. Ўн фарзандни оқ ювиб, оқ тараган Рислиғой ая айни тўнғичи баркамол вояга етиши учун отасидан кам жон куйдирмаган. Бахтиёр болалигидан амакиваччаси Умматали Ёқубовга ҳавас қилди. Оқ халатли стоматолог унга "Дўхтир бўлишни истасанг, аввало, катта-кичикка меҳрли бўл, мактаб дарсларини фақат аъло баҳоларга ўзлаштир!" дея уқтиргани уқтирган эди. У ҳар доим шунга интилди. Натижада, 1987 йилиёқ толеи кулиб боқди. Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультети талабалари сафига қўшилди. Мактабда Боқижон Саидбоев, Ҳасанбой Тўйчиев, Йўлдошали Назаров каби устозларининг, институтда Арабиддин Сирожиддинов, Қобилжон Турсунов сингари олим-неврологларнинг сабоғидан онгу шуури бойиди. 1994 йили Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида йиллик интернатурани ўтади.

Ёш врач 1995 йилдан Чортоқ тумани марказий шифохонасида фаолият бошлаган бўлса, роса 20 йил ишлади. Бу давр ичида неврология ихтисослигининг сир-асрорларини тўла ўзлаштирди. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Элбек Мирхўжаев ва Бахтиёр Ғафуровга ўхшаган республиканинг таниқли невролог олим-профессорлари маърузаларини тинг­лаб, даволаш тажрибаси ҳамда усулларини пухта ўзлаштириб, уларнинг муносиб издошига айланди.

Беморларни даволашдагина фаол бўлмай, ёнидаги ҳамкасблари ўртасида ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги билан танилган Бахтиёр Сотиболдиевич 2015 йили ғоят масъулиятли вазифага лойиқ топилди. У Наманган вилояти ногиронлар учун минтақавий реабилитация маркази директорлигига тайинланди. Кичик жамоани катта муваффақиятлар сари етаклади. Лекин у беморларни даволашни ҳам бирор кун тўхтатмади. Малака-маҳорати юқори бўлган неврологга эҳтиёж катталиги туфайли Бахтиёр аввал вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига, кейин эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали нев­рология бўлимига ишга таклиф қилинди. У олий тоифали шифокор Орифжон Аҳмедов раҳбарлигида қанчадан-қанча нажотталабларни асаб касалликларидан фориғ этишга эришди. Устозининг ҳам ҳурматини, ҳам ишончини қозонди.

– Инсоннинг қадру қимматини ҳалол меҳнат оширади, – дейди РШТЁИМ Наманган филиали неврология бўлимининг собиқ мудири Орифжон Турсунович. -Пенсияга кузатилар эканман, ўз ўрнимга Бахтиёр Ёқубовни бежиз тавсия қилмаганман. Ҳозирда унинг меҳнатсеварлиги, билимдонлиги ва малака-маҳорати юқорилиги ҳар бир беморнинг тез ва сифатли соғайишида муҳим омил бўлмоқда, деб ўйлайман. Шундай шогирднинг устози эканимдан доимо фахру ғурур туяман.

Куни-кеча моҳир шифокор раҳнамолигидаги бўлимда бўлдик. Буни қарангки, эндигина бўш вақтини топиб, суҳбатлаша бошлаган эдик, уяли телефонига қўнғироқ сигнали келди.

– Лаббай.

– ...

– Танидим, ҳожи она.

– ...

Бемалол, отахоннинг аҳволлари яхшими?

– ...

– Қизингизнинг боши айланаётган бўлса, 2 маҳал "Бетасерк" ичсин, 1 та "Реосорбилакт", орқасидан "Тиоцетам" олсин.

– ...

– Дуоингиз ўзи етади, хўп, омон бўлинг!

Дўхтир алоқани узар экан, изоҳ берди:

– Нодира ая телефон қилдилар. Кўп бўлмади, умр йўлдошлари Ғуломжон ота Тўлашев инсультни бошдан ўтказган эди. Даволаб оёққа турғазганмиз. Қизларида ҳам нев­рологик хасталик аниқланиб, уни илгарироқ даволаганмиз. Яқин олиб, ҳаддилари сиғиб, баъзида мурожаат қилиб турадилар. Биз шифокорлар учун одамлар ихлосига сазоворликдан ортиқ нима бор!

Дарҳақиқат, невролог ҳақ гапни айтди. Ихлос – бемор учун шифо эшигини очади, врач учун обрў-нуфуз орттиради. Бири нажот топади, иккинчиси дуо.

Мазкур бўлим 30 ўринли. 4 нафар врач, 11 нафар ҳамшира, 14 нафар тозалик бекаси кеча-кундуз беморлар хизматида. Агар шошилинч ҳолатда келтирилган хасталарнинг аҳволи 5 кунда ёки ундан кўпроқ муддатда яхшиланиб, уйига миннатдор ҳолда кузатилаётгани ҳисобга олинса, улар ойма-ой 100 нафардан зиёд, йил давомида 1200 нафар атрофидаги беморларга чинакамига нажот бағишлашяпти.

– Бўлимимиздаги ютуқлар бутун жамоаники, – дейди Бахтиёр Сотиболдиевич. -Ёнма-ён фаолият олиб бораётган Фазлиддин Юсупов, Акрамжон Зокиров, Зоҳиджон Самадов сингари билимдон врачларимиз, Дилором Абдуллажонова, Донохон Кенжаева, Нигора Мирраҳимова, Ҳилола Нас­риддинова, Зарифа Султонова каби тажрибали ҳамшираларимиз, Маҳфуза Турғунова, Насиба Ёқубова, Савдохон Раҳмонова, Саида Усмонова, Жамолой Тожиаҳмедоваларга ўхшаган чаққон тозалик бекалари хизматлари тахсинга лойиқ.

Исми жисмига мос Бахтиёрга чинакамига бахт ёр экан, дейишга бугун тўла ҳақлимиз. Аҳил-иноқ жамоага раҳбарлик қилиш, танидаги дарддан халос бўлганлардан ҳар вақт раҳматлар эшитиш, эзгу тилакли дуоларга сазовор бўлишдек бахт уни ҳеч қачон тарк этмасин!

Содиқ САЙҲУН.