Ҳар сафар терапевт-врач Абдурасул акани кўрганимда кўнглимга ёруғлик югуради. "Нима учун?" – дерсиз. Ахир у одам ажратишни билмайди. Муомаласи барчага баробар мулойим, ёқимли. Ана шунинг учун атрофидан эркагу аёл аримайди.
У Тўрақўрғон туманининг Яндама қишлоғидан. 1996 йили Андижон давлат тиббиёт институтидаги сабоғини якунлаб, эгнига оқ халат кийган. Салкам ўттиз йилдан буён эл хизматида. Моҳир мутахассис ички касалликларга чалинган беморларни сидқидилдан даволаб келмоқда.
Абдурасул ака яхши шифокор бўлиши билан бирга фаол ташкилотчи ҳамдир. Шунинг учун туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоаси раҳбари сифатида наинки ўзига, балки барча ҳамкасбларигаям талабчан.
– Шифокорлик ўта масъулиятли, айни вақтда жуда шарафли касб, – дейди Абдурасул Икромиддинов. – Тинмай ўқиб-ўрганиш, беморларга ҳурмат-эътибор билан муносабат кўрсатиш биз учун ғоят муҳим. Мен ўзим амалда шунга астойдил интиламан. Устозларим Юсуфали Маҳкамов, Мухторжон Холматовлардан ўрганганларимдан фойдаланиб, ҳамиша муваффақиятларимни кўпайтиришга эришаман.
Биз бахтли шифокорлармиз. Чунки, истиқлол даврида, изчил ислоҳотлар шарофати билан қулай шароиту имкониятлар яратилган биноларда ишлаяпмиз. Энг замонавий тиббий аппаратларга эгамиз. Дори-дармон таъминоти тобора тўкис бўлиб бормоқда. Шундай экан, тиббиётчилар элга ҳалол ва фаол хизмат кўрсатишга доимо бурчлидирлар.
Аслида Абдурасул акагина эмас, у кишининг турли ихтисосликдаги кўплаб ҳамкасблари ҳам зиммаларидаги вазифаларини сидқидилдан адо этишмоқда. Шуларни ўйлаб, дилимдан қуйидаги сатрлар кечди:
Кўнглингизда саховат бор,
Миннат қилмайсиз,
Нажот истаб борганларга
Қовоқ уймайсиз,
Сиз туфайли кўнглимиз тўқ,
Тиним билмайсиз,
Ҳожатбарор инсонларсиз -
Шифокорлар, Сиз!
Аллоҳ берган умримизни
Яшаймиз биз ҳам,
Насиб қилса ошимизни
Ошаймиз биз ҳам,
Меҳримизни йўлингизга
Тўшаймиз биз ҳам,
Ҳожатбарор инсонларсиз -
Шифокорлар, Сиз!
Фотима ИЛОВИДДИНОВА.