ёхуд яхшиликлар дунёси ичра яшаётган Аҳмаджон БОЛТАЕВ

Иккинчи фарзандига оғироёқ бўлган 29 ёшли аёлнинг вужудида бирдан оғриқ турди. Қон кета бошлагач, унинг яқинлари ҳам ваҳимага туша бошладилар. Қисқа вақт ичида "Тез ёрдам" машинасида туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона бўлимига келтирилган беморга шифокорлар шундай ташхис қўйдилар: "Ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасида меъёрда жойлашган йўлдошнинг оғир даражадаги кўчиши, ҳомила антенатал ўлими, геморрагик шокнинг 2-3 ва постгеморрагик анемиянинг оғир даражалари, ДВС синдроми".

Бу ибораларнинг аксариятини тиббиёт ходими бўлмаган инсон тушунмаслиги мумкин, бироқ беморнинг аҳволи жудаям оғир эди. Шунинг учун Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Наманган филиали билан боғланилди, қон томир хирурги Аҳмаджон Болтаев зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига етиб келди ва бемор аёл жарроҳлик столига олинди. Аҳмаджон Болтаев, туғруқхона бўлими мудири Лутфия Ҳамроева ҳамда реаниматолог Саломат Рустамовалар томонидан беморда қуйи ўрта лапоратомия, бачадон пастки сегментида кесар кесиш, бачадон ортиқлари экстирпацияси, икки томонлама ички ёнбош артерияларини боғлаш, К.Б.Д амалиёти бажарилди.

Ўтказилган ниҳоятда мураккаб ва юқори технологияли жарроҳлик амалиёти натижасида бемор аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Беморнинг оиласи, яқинлари кўнглидаги хавотир ариди, ўрнини шукроналик ва миннатдорлик ҳислари эгаллади...

...Туманлардан бирига бўлган чақирув ҳам яна ҳомиладор аёл билан боғлиқ бўлди. Бешинчи бор ҳомиладор бўлган аёлда бу жараённинг ўттизинчи ҳафтасида йўлдошнинг тўла кўчиши, оғир тури, геморрагик шокнинг 3-даражаси, эгиз ҳомиланинг антенатал ўлими кузатилаётган эди. Туманга зудлик билан етиб келган қон томир хирурги Аҳмаджон Болтаев гинеколог ва реаниматолог ҳамроҳлигида беморда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Бу – лапоратомия, тотал гестроэктомия, икки томонлама ички ёнбош артерияларини боғлаш, қорин бўшлиғини дренажлаш амалиёти эди. У муваффақиятли ўтказилди. Яратганга шукур, ўтказилган гематрансфузия ва инфузион муолажалар туфайли бемор тез ўзига келди. Яна бир аёл фарзандлари ва оиласи бахтига омон қолди...

Бу – қон томир хирурги Аҳмаджон Болтаев фаолиятида тез-тез кузатиладиган ҳолат. Балки жуда оддий ҳам бўлиши мумкин. Лекин ўлим ёқасидаги беморнинг ҳаётга қайтарилиши – оддий ҳол эмас. Бу – қаҳрамонлик, бу – фидойиликдир!

Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Наманган филиали Қон томир ва микрохирургия бўлими шифокори, "Ангиомед" даволаш маскани раҳбари Аҳмаджон Болтаев – ёш, билими ва салоҳияти юқори, катта тажрибага эга шифокорлардан бири. У ҳар бир шифо топган бемор ва унинг яқинларидан дуо олганида, раҳматли волидаси кўз ўнгида намоён бўлади. Негаки, у онасининг орзуларини рўёбга чиқариш мақсадида эгнига оқ халат кийди.

Аҳмаджон Болтаев 1988 йил 19 майда Уйчи туманида, зиёли оилада дунёга келди. Отаси Абдуфатто Болтаев – "Халқ таълими аълочиси", кўп йиллар ўқувчиларга физика фанидан сабоқ берган, ҳозирда нафақада. Онаси Маҳмудахон Болтаева ҳам педагог, математика фани ўқитувчиси эди.

– Афсуски, тўрт йил муқаддам онажоним эрта оламдан ўтдилар, – дейди Аҳмаджон. – Беш фарзанднинг кенжаси бўлганим учунми, менга кўпроқ оғир бўлди. Чунки онажоним ака-опаларимга қараганда мени кўпроқ яхши кўрадигандек туюларди. Отам ва онам барчамизни олий маълумотли бўлишимиз учун ўқитдилар. Шифокор бўлиш – онажонимнинг энг катта орзуси бўлган, бироқ айрим сабабларга кўра ўқитувчиликни танлаган. Болалигимдан онам мени "доктор болам" деб чақирардилар. Мен эса кўпроқ спортга қизиқардим. Шунинг учун мактабни тугатиб, Наманган педагогика коллежида жисмоний тарбия ўқитувчиси ва мураббийлик бўйича таҳсил олдим. Футбол ва кураш жону дилим эди. Кураш бўйича бир неча мусобақалар, Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб бўлдим. Шу йўлдан кетсам керак дердим. Аммо коллежни тугатганимдан сўнг, онам бир куни: "Энди доктор бўлмайсанми, ўғлим?" – деб сўраб қолдилар. Онамнинг маҳзун оҳангдаги бу сўзлари мени Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топширишга ундади. Ахир, она орзусини рўёбга чиқармасам, қандай ўғил бўлдим?!

Ўқишга кириш учун жиддий тайёрландим. Кимё, биология, она тили ва адабиёт фанлари бўйича Муҳаммаджон акам имтиҳонларга тайёрлади. Кўнглимда қатъий аҳд ва ихлос бор эди. Ва энг асосийси, онажонимнинг дуолари сабаб бўлиб, Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультетига 2-ўринда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Онажонимнинг ўша пайтдаги қувончини сўз билан таърифлаб беролмайман...

Ҳа, Аҳмаджоннинг онаси ҳақида тўлқинланиб сўзлаши бежиз эмас. Ҳар бир буюк шахс ортида илмли она туради, деган ҳикматли сўзлар айнан қаҳрамонимизнинг волидаси мисолида айтилгандек. Ростгўй, ширинсўз, дард чекиб турса ҳам меҳмон келса уни кулиб кутволадиган, барчага хурсандчилик улашишга, яхшилик қилишга интиладиган, меҳнаткаш, ҳалол, фарзандларини доим илм олишга ундаб турадиган аёлнинг, онанинг фарзандлари бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, аслида.

Шу маънода Аҳмаджонга волидасининг ҳаётни эрта тарк этгани армон, албатта. Бироқ унинг кўнглига онажониси орзусини ушалтиргани таскин беради. Қолаверса, отаси уни ва ака-опаларини доим қўллаб-қувватлади, ҳамон улар учун энг яқин дўст, маслаҳатгўй.

– Дадам ҳозир ҳам доимо ўқиб изланишдан, билимларимни мукаммаллашдан тўхтамаслигимни уқтирадилар. Илмий иш билан шуғуллан, шифокорлик касби жуда муқаддас, ўғлим, сенга умид билан келаётган ҳар бир беморнинг халоскорига айлан, – дея насиҳат қиладилар, – дейди Аҳмаджон мамнуният билан.

Шунданми, ота-онаси ва ундан шифо топган беморларининг дуолари сабаб Аҳмаджон – ёш бўлишига қарамай, эл ардоғидаги, ҳурматга сазовор шифокор бўлиб танилди. У қон томир хирургияси йўналишида Наманганда илк бор лазерли хирургияни йўлга қўйди ҳамда беморларни режали гемодиализга тайёрлаш жараёнига янгича ёндашиб, мураккаб амалиётларни соҳага татбиқ этди. У доим изланади, ўрганади. Шу мақсадда кўплаб халқаро илмий-амалий конференцияларда мунтазам равишда фаол иштирок этиб келяпти. Илмий мақолалари бир неча хорижий давлатларда чоп этилган. Ривожланган давлатлардаги машҳур клиникаларда малака оширгани уни янги изланишлар сари ундамоқда.

– Муваффақиятларга эришишимда устозларимнинг хизматлари катта, – дея суҳбатни давом эттиради Аҳмаджон. – Аввало, Уйчи туманидаги 2-ўрта мактабда таҳсил олганим боис биринчи устозим деб Ҳанифахон Пўлатовани айтгим келади. Назирахон опам ва биттагина врач холам Мавжудахон Убайдуллаевадан кўп нарсани ўрганганман. Улар мендан ҳеч қачон ёрдамларини аямаганлар. Тошкент тиббиёт академиясидек қутлуғ даргоҳда эса академик Каримов Шавкат Ибрагимович, профессорлар Ҳакимов Мурод Шавкатович, Дилшод Соҳибоев, Бобоёр Келдиёров, Андижон давлат тиббиёт институти профессори Баҳром Абдуллажонов, РШТЁИМ Наманган филиали шифокори Абдулҳоди Йўлдашев, РИОБСИАТМНФ врачи Тошпўлат Абдукаримовлардан касбий ва ҳаётий сабоқлар олдим. Бахтли шогирдман, чунки устозларим жуда кўп ва уларнинг бирон хислатини бошқасидан устун қўёлмайман. Барчалари чин маънода бебаҳо инсонлар. Устозларимга ҳаммаси учун раҳмат айтаман.

Дарҳақиқат, А. Болтаев шу кунгача юртимиздаги бир қатор нуфузли клиникаларда фаолият олиб борди. Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси шошилинч жарроҳлик бўлими, абдоминал ва қон томир жарроҳлиги бўлимларида, "Акфа медлайн" клиникаси, шунингдек, Германия, Италия, Франция, Озарбайжон, Туркия давлатларидаги ривожланган клиникаларда бўлиб, соҳа янгиликларини чуқур ўрганди.

Айни пайтда Умиджон Муҳиддинов бошчилигидаги РШТЁИМ Наманган филиалида тиббиёт фанлари номзоди Баркамол Исҳоқов, қон томир ва микрохирургия бўлими мудири Абдулҳоди Йўлдошев, "Ангиомед" клиникасида олий тоифали нефролог Мавжудахон Убайдуллаева, шифокорлар Мансурбек Отабоев, Акрамжон Борасулов, Дилшод Рашидов, Севара Собитхонова, Абдумалик Мирзаевлар билан аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилмоқда. У ҳар икки жамоасини жуда ҳурмат қилади.

– Мамлакатимизда тиббиёт туризмини ривожлантиришимиз керак, – дейди суҳбатдошимиз галдаги режалари ҳақида сўраганимизда. – Чунки соҳада тўпланган билим, тажриба, амалга татбиқ этилаётган янгиликлар, эришилаётган ютуқлар шуни тақозо этмоқда. Бугун қатор йўналишларда ўзбекистонлик шифокорлар малакали тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ривожланган давлатлар билан тенглаша олади. Бу албатта, ҳукуматимиз томонидан соҳага кўрсатилаётган эътибор натижаси.

Дарҳақиқат, ана шундай юксак мақсадлар оғушида яшаётган Аҳмаджон Болтаевнинг бахтга тўлиқ оиласи бор. Турмуш ўртоғи Муяссархон – Наманган шаҳар марказий шифохонасида болалар нефрологи. Уларнинг фарзандлари – Аъзамжон, Ҳожиакбар ва Муборакхонлар ҳозирда мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари.

Қаҳрамонимиз ҳақидаги энг ҳаяжонли маълумотни хулосамиз учун "асраб қўйган" эдик. Аҳмаджон Болтаев яқинда "Best Publication" илмий тадқиқотлар маркази буйруғига асосан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) миқёсида ташкил этилган "Ўз касбининг фидойиси" эсдалик нишони билан тақдирланди. Инсон дунёга келдими, ўзгаларга наф келтириб яшаши керак. Шунда у яхши инсон деган ном қолдиради дунёда. Оилада яхши тарбия топган, энг яхши касбни танлаб, қанчадан-қанча беморларнинг шифо топишига сабабчи бўлаётган яхшилик дунёси ичра яшаётган қаҳрамонимизга ютуқлар бардавомлигини тилаймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА,

журналист.