Тунги ором дақиқаларида нажот истаб турган инсонни мушкулини осон қилиш учун зудлик билан унга ҳамроҳ бўлди. Дард тутаётган Қодир отанинг набира келини экан. Вақт анча бой берилгани учун шифокор ўйлаб ўтирмай дояликни бўйнига олди. Чақалоқнинг "инга"си хонадон аҳлининг қўрқув ва хавотирларини тарқатиб юборди. "Тез ёрдам" келгунича она ва болага кўрсатилган ёрдамдан суюнган бобонинг қўллари дуога очилди.
- Раҳмат қизим. Илоҳим ҳеч қачон қўлинг дард кўрмасин. Тупроқ олсанг олтин бўлсин. Ўқитган ота-онангга, таълим берган устозларингга раҳмат!
Бу миннатдорчилик "Қирқчек" қишлоқ врачлик пункти мудираси Анорхон Бегматовага бундан 27 йил муқаддам, Ўрта Осиё Педиатрия институтини эндигина битириб келган пайтлари билдирилганди. У узоқ йиллик фаолияти давомида яна юзлаб, минглаб шифоталаблардан олқишлар олди.
У илк иш фаолиятини туман марказий поликлиникасида педиатрликдан бошлади. 1982 йилдан А.Темур қишлоқ врачлик амбулаториясида болалар врачи бўлиб фаолиятини давом эттирди.
Ёш кадрдаги ғайрат, шижоат ўз ишига пухталикни кўрган ТТБ раҳбарлари 1998 йилда уни "Қирқчек" ҚВП мудирлигига тавсия этдилар.
- Яхши инсонлар, яхши устозлар тарбияси севимли касбимда қадрланишимга муҳим таянч бўлди. Каримжон Алихўжаев, Иномжон Усмонов,Нурхон Аҳмедовалар юрак-юрагимда ўчмас из қолдирдилар. Фаолиятим давомида уларга муносиб издош бўлишга интилдим,-дейди опа мамнуният билан.
- Илгари бу ер кичкинагина медпункт эди. Соғлигидан шикояти бор беморлар ҳамшира ёки фельдшергагина мурожаат қилишиб, маслаҳатлар олишарди. Даволангани эса 15-20 чақирим йироқдаги марказий шифохонага боришарди, - дейди Анорхон опа. - Мустақиллигимиз шарофати, Президентимиз ва ҳукуматимизнинг ғамхўрликлари туфайли қишлоғимизда муҳташам бино қад ростлади. Аҳолига малакали ва шошилинч тиббий ёрдам олиш учун барча қулайликлар яратилди. Тўрт койкали кундузги стационар, муолажа, таҳлилхона, физиотерапия хоналари замонавий тиббий асбоб ускуналар билан жиҳозланди. Врач ва ҳамшираларимиз фаолиятини намунали йўлга қўйишга эришяпмиз.
Олис қишлоқдаги врачлик пунктининг аҳил жамоаси УАШ шифокори Гулҳаё Усмонова, доя Робия Усмонова, бош ҳамшира Наргиза Элмирзаева, патронаж ҳамширалар Раънохон Бадалова, Муяссар Саматовалар ҳамиша ёнма-ёну ҳамжиҳатликда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни юксалтириш борасида юқори кўрсаткичларни қўлга киритишяпти. Бунда мудиранинг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги ғоят муҳим роль ўйнамоқда. Аҳолининг тиббий маданияти ошганлигини оғир касалликлар билан туман марказий шифохоналарига мурожаатнинг камлигидан изоҳлашимиз мумкин. Айниқса А. Бегматованинг нозик диди жамоанинг ўз масканига қайноқ меҳри бинонинг озода ва шинамлигию, мўъжаз ҳовлиси обод ва кўркамлигидан яққол сезилиб турибди.
- Туман тиббиёт соҳаси фидойилари қаторида А. Бегматова номи алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Маъсудахон Маҳкамова. - У кўп йиллик ҳаётини эл соғлиги йўлида бахшида этди. Бугун ёшларга ҳар соҳада ўрнак, ўргатувчи устоз. Энг қувонарлиси унинг раҳбарлигидаги ҚВП тумандагина эмас, вилояту, республикада ҳам намуналилар қаторида. Республика "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ҳам бежизга берилмаган-да.
Олтмиш баҳорни қаршилаб, умр дафтарини тиббиётдаги ҳалол ва фаол хизматлари билан безаётган Анорхон Бегматова толеига мингдан-минг шукроналар келтиради. Ахир меҳрибон она, фидоий шифокор, бахтли устозлик мартабаси унинг кўнглига бир олам мунавварлик бахш этади, фахру-ғурур туйғуларини туйдиради.
Манзура ЭРГАШЕВА.