Мўътабар 1980 йилнинг июль ойи бошларида яна Наманган давлат педагогика институтига ҳужжат топширди.

Ўтган йилгидек, бу йил ҳам синовлардан яхши баҳолар олди. Тағин мандатдан ўта олмади. Таш­қарига чиқди. Давра қуриб, суҳбатлашиб турган бир гуруҳ қизларга кўзи тушди. Улар ёнига борди. Тошбулоқлик таниши Нигора унга деди:

– Ҳаммамиз мандатдан ўта олмадик. Ҳозир бир шеригимиз янги гап топиб келди, "Медшколада дело" қабул қилинаётганмиш. Ўша ёққа бормоқчи бўлиб турибмиз. Хоҳласангиз, сиз ҳам юринг. Кетдикми, қизлар?

Билим юртига боришса, ҳақиқатан ҳам қабул комиссияси ўқишга кирувчилар билан гавжум. Институтга кира олмаган қизлар бирин-кетин ҳужжат топширишяпти. Улар сафига Мўътабар ҳам қўшилди. Бу ердаги имтиҳонлардан ўтиш инс­титутга қараганда, бир мунча енгил кечди. У ўқишга қабул қилинди.

"Ўқитувчи бўлмасам ҳам элга хизмат қиладиган шифокор бўламан-ку" дея дилидан ўтказди у. Уйга қайтгач отасига шу ҳақда оғиз очган эди, Мадамин ака:

– Қизим, институтга кира олмадим, деб сира қайғурма. Шифокорлик ҳам яхши касб. Одамлар дардига малҳам бўлиб, олқиш оласан. Қолаверса, битта оилага битта "дўхтир" ҳам керак. Астойдил ўқийвер! – деди.

Вақт ҳам ариқдаги сув каби югурик. Сув қанчалик шиддат билан оқса, вақт ҳам шунчалик тез ўтади. Мўътабар билим юртини имтиёзли диплом билан тугатиб, "Умумий амалиёт ҳамшираси" мутахассислиги бўйича қишлоқ шифохонасига ҳамшираликка қабул қилинди.

Мўътабар ўттиз икки йиллик меҳнат фаолияти давомида қанчадан-қанча беморларни муолажа қилишда иштирок этди.Ундан шифо топган кишилар бугун ҳам кўча-кўйларда рўбарў келиб қолишса, қадрдон опа-сингиллардек саломлашиб ўтадилар. Чунки у ҳам­қишлоқларига кечани – кеча, кундузни – кундуз демай, беминнат хизмат қилди. Тунлари кутилмаганда, оғир ҳолатга тушиб қолган кишиларнинг яқинлари уйига келиб, илтимос қилишса, ширин уйқусидан воз кечиб, бемор ёнига етиб борди. Биринчи ёрдамни кўрсатиб, дардини енгиллатди. Зарур бўлса, эртасига ўзи муолажани давом эттирди ёки шифохонага етказди.

Ана шундай мўътабар инсон – Мўътабар Нурматова ўз касбини севди, ардоқлади, шу туфайли эл орасида обрў-эътибор топди. Туман ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг "Фахрий ёрлиқ" ва "Ташаккурнома"лари билан мукофотланди. Ҳатто, унга 2014 йили катта анжуманда соғ­лиқни сақлаш соҳасидаги узоқ йиллик фидокорона хизматлари учун вилоят ҳокимлигининг "Фахрий ёрлиғи"и тантанали равишда топширилган.

У оилавий ҳаётда ҳам ўз бахтига эришди.1980 йили ҳамқишлоғи, Тошкент қишлоқ хўжалик институтини битирган олим-агроном Усмонжон Давлатов билан турмуш қурди. 40 йилдан буён аҳил-тотув умр кечириб ке­лишяпти. Уларнинг икки ўғил ва икки қизлари ҳам ота-оналари каби эл-юрт ишига фидойи инсонлар бўлиб етишдилар.

Ҳамид ФОЗИЛ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.