"Одами эрсанг демагил одамий,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Адабиёт ўқитувчимиз болалигимда Алишер Навоийнинг мана шу ҳикмати мағзини тушунтиргач, у ҳаётим шиорига айланди. Виждонинг бўлса, халқ ғамини емаган кишини одам зотидан деб билма. Одамийлик – комилликка интилиш. Унга эл-юртга муҳаббат, метин ирода, билим, касб-ҳунар эгаллаш ва сидқидил меҳнат орқасидан эришилади. Хўш, мен одамийлик мақомига қай соҳа мутахассиси ўлароқ етиб бораман? Ич-ичимдан бир садо келди: "Сен шифокорликни эгаллашинг шарт!" Ўйласам, бу -кўксимга бигиздай ботган кўнгилсизликлардан яралган аҳду паймон экан. Гап шундаки, ўтган асрнинг 60-70-йиллари Нанай қишлоғида шифокормас, тиббиётдан хабардор одамнинг ўзи анқонинг уруғи эди. Айниқса, тоғ шароитида яшаётган аёллар турмуши қийин кечган. Касаллиги зўраймагунча юраверган. Ҳомиладорни Янгиқўрғонга етказгунча бола тушибди, она узилибди, деган нохушликларгача барҳам бериш истак-иштиёқи аллақачон қалбимда илдиз отган экан.

Отам раҳматли Асқарали Насимов қароримни эшитиб, кўзлари ёшланиб: "Аждодларимиз халқ дарди билан яшаб ўтганлар. Шу мақсад-муддаони ният қилган экансан, Аллоҳ ёр ва мададкор бўлсин!" дедилар.

Кўзлари бежиз ёшланмаганди ўшанда. Онам Офтобхондан эшитишимча, Нанай яйловларида бобом ва отамнинг қўра-қўра қўйлари, боғ-роғлари, ўзлари очган экинзорлари бўлган. Кўплаб бева-бечоралар учун шу жойларда иш ўринлари яратганлар. Ночор оилаларга қизларини турмушга узатиш, ўғилларини уйлашда, етим-есирларга бошпаналар қилиб беришда борларини аямаганлар. Ногоҳ колхозлаштириш баҳонасида неча юзлаб қўйлари-ю боғларини олиб қўйиб, 1933 йили уларни Украинага сургун қилганлар.

Деҳқончиликдан кун кечириб туришганда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, отам фронтга кетганлар. Ғалабадан кейин оиламиз Нанайга қайтишган. 1951 йилнинг 21 апрелида мен туғилдим. Ота-онам колхозда ишлаб, беш ўғил-қизни олий маълумотли, онгли яшайдиган, юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб камол топтирдилар.

Мен ҳам Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, 1975 йили Наманган шаҳридаги туғруқхонада интернатурани ўтаганимдан сўнг, Нанайдаги қишлоқ шифохонасига йўлландим. Ўша пайтда Нанай, Заркент, Исковотда аёллар доктори йўқ эди. Шифохонага келганларга хизмат кўрсатибгина қолмай, қизлар, туғиш ёшидаги аёлларни бир сидра кўрикдан ўтказиш учун тоғолди ҳудуддаги тар­қоқ маҳаллаларни пиёда айланишга киришдим. Кутилмаганда бош врачимиз Раҳмонжон Соттиқулов Чотқол тоғи яйловларидаги чўпонлардан бирининг аёлидан қон кетаётгани, зудлик билан тиббий бригада масъули сифатида етиб бориб, уни сақлаб қолишимни буюрди. Эмизикли болам борлигини билсалар-да, мени жўнатишга мажбур эди. Чунки бир йил олдин тоғлар ортидаги аҳолига тиббий ёр­дам кўрсатгани шифокорларни олиб бораётган самолёт қаноти қояга урилиб, қулаган, ҳамма ҳалок бўлганлигини унутмаган ходимлар бош тортишган. Колхоз масъулларидан бўлган қайнотам раҳматли Турғунбой Ҳусаинов "Қизим, узрли сабабларингиз туфайли боролмаслигингизни одамлар олдида оқлай оламан, аммо Қасамёдингиз олдида, виждоним олдида оқлай олмайман. Оқ йўл, боринг, қизим" дедилар. Далдалари дадиллик ато этган бўлса-да, "Виллис"га чиқарканман, чақалоғим сўр­ғични чўқиллатганча мўлтираб қолиши юрагимни ачиштирди.

Оқтом фельдшери Абдулла ака, Нанай акушеркаси Малика опа билан соат икки яримларда жўнадик. Қишлоқ йўли тугаб, Чотқолсой ичидан силкина-силкина уч соат юрган "Виллис" тепаликка тирмашди. Қоронғи тушиб бўлган. Абдулла ака ғилдиракларга тош қўя-тош қўя анча нарига бориб олдик. У ёғига асбоб-анжомларни елкамизга ортганча яна бир соатларча пиёда тирмашдик. Тепаликда кўринган шамдон кўтарган уч отлиқ бизни ёнбағирлаб пастга, ўтовлари томон бошлади. Тоғдан тушиш чиқишдан қийин экан.

Соат тунги ўн бирларда бемор ётган ўтовга етдик. Қирқ ёшлардаги аёл деярли хушсиз, қон босими 80 га 50! Пульсини сезиш қийин. Боиси 20 кун аввал 3 ойлик ҳомиласи тушган. Демак, йўлдош тўла кўчмаган, бачадонда қолдиқлари ва қон ивиқлари бор, оғир турдаги септик ва постгемаррогик шок ҳолат деган хулосага келдик. Абдулла акага бирданига икки томондан томирига тушиб (ўша даврдаги бўлакларга ажраладиган, қўпол резина найдан иборат) системада полиглюкин ва натрий хлор инъекциясини улашни ҳамда истима туширувчи дори дармон ва қон босимини кўтарувчи воситалар қилишини буюрдим. Ва ниҳоят тана ҳарорати тушди, томирда пульс жонланди, қон босими кўтарилди, аёл кўзларини очди. Малика опа "қин кўзгуси" – шамдонни тутиб турди. Чироқ ёруғида зўр-базўр "бачадон бўйни"ни топиб, қисқичга олдим ва кюретка ёрдамида йўлдош қолдиқлари, қон ивиқларидан тозаладим. Навбат ёнбош ва томирдан жўнатиладиган дори воситаларига етганда стерилланган асбоб-анжомлар қолмади. Ов­қат қозонни 2-3 ишқорлаб ювиб, система ва шприцларни шунда зарарсизлантириб, сўнг­ги муолажаларни қилдик. Яқинларига аёлни эҳтиётлаш ва парвариши юзасидан тавсиялар ёзиб бердик.

Ташқарига чиққанимизда тонг ёриша бошлаган, атрофда одамлар. Аёлнинг беш боласи изтиробдан қизарган илтижоли кўзларини тикиб туришибди.

– Опажон, – деди каттаси овози қалтираб, – онамизга нима бўлади?..

– Ҳеч нарса бўлмайди, узоқ яшайдилар, укажонларим!

Қучоқлаб олишди. Шундагина гўдагим ярқ этиб кўз ўнгимга келди-ю, қайтишга отландик.

Яна тоғма-тоғ, боғма-боғ юриб, хотин-қизларни кўрикдан ўтказишни давом эттирдим. Қанчаларига ҳомиладорликка жиддий монелик борлигини тушунтирдим. Ҳасталик илашган оғирбўйларни (ажаб, докторга мурожаат хаёлларига келмаган) даволаш учун шифохонага келтирдим. Хавфли ҳомиладорлик туфайли оналар ўлимининг олдини олиш пайидан бўлдим. "Роддом" туғиш учунгина эмас, оғироёқликда даволанишга келинадиган жой ҳам эканини тўхтамай тар­ғиб этдим. Аллоҳга шукурлар бўлсин, 2-3 йил ичида оналар ва болалар ўлими, ҳомиладорлик билан боғлиқ муаммолар кескин камайди.

1980 йили Наманган тўқимачилик бирлашмаси тиббий-профилактика қисми ("Ғиштли банниса" дейишади) аёллар маслаҳатхонаси мудирлигига олишди. Бу ерда Роза Косимова, Турсуной Абдуллаева, Таиса Голубечкина каби зўр гинеколог-акушерлардан оператив давонинг илғор усуллари, шифокорлик сирлари, одамийлик сабоқларини ўргандим.

Шундай қилиб, Давлатобод туғруқхонасида мудир, аёллар маслаҳатхонаси, паталогия бўлими раҳбари бўлдим. Коронавирус пандемияси пайтида пенсия ёшидагиларни асраш мақсадида уйда қолиш, ёшларга тавсия-маслаҳатларини онлайн тарзда бериш тавсия этилди. Айни бизнинг туғруқхона ковид илашган ҳомиладорлар кўз ёрадиган ва даволанадиган марказга айлантирилди. Барибир уйда қололмаслигимни сезган ўғлим Ойбек опам иккимизни Нанайдаги дачага "қамаб" келди. Мени ишда ё уйида деб ўйлаган ҳамкасбим Тошпўлат Абдукаримов телефон қилди. Санавиацияда ўзи қолгани, чақирувларга улгурмаётгани учун ковид юқмаганлар туғруқхонасидаги ҳолати оғир аёлни муолажа қилиб беришимни сўради. Мен неча-неча постлардан ўтказилмаслигим мумкинлигини билдириб, аёлга қараётган шифокорлар телефон рақамларини олдим. Қанийди бир сеҳргар бўлса-ю, ҳаёти қил устида турган номаълум синглим олдида пайдо қилиб қўйса! Шунинг устига кенжа куёвим Фарруҳбек озиқ-овқат заҳираси олиб келиб қолди. Уни "Бир оғир беморни кўраману, сен билан қайтаман" дея кўндирдим. Йўл-йўлакай докторларга тавсиялар айтиб бордим. Постлардаги йигитлар ҳам инсон ҳаёти учун жон узиб гапираётганимни эшитиб, ўтказишибди. Бемордаги белгиларга кўра, бачадон жиддий шикастланган, уни сақлаб қолишнинг ҳамма чораларини улар бемор тепасида, мен онлайн тарзда қўлладик. Аксига олиб йўл кўпаймайди. Янгиқўр­ғонга етганимда охири – бачадонни олиб ташлашни таклиф қилдим. Аёл жонини хавф остида қолдириш асло мумкин эмасди.

Етиб келгач, ҳамкасбларим ҳамма жараёнларни юқори малака билан бажарганликлари, якдиллик билан қўллаган сўнгги чорамиз инсон ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Енгил тортиб, орқа йўллар билан ўзимнинг ишхонамга келдим. Куёвимга телефонда айтдим: "Болам, ишхонамда қолдим, мендан аччиқланманглар. Сиз катта хайрли иш қилдингиз, Аллоҳ рози бўлсин!"

Бош врач, шогирдларим эшик ойнаси ортидан дув-дув ёш тўкиб, ёлворишди: "Кирманг, уйга боринг, устоз!.." Ниҳоят киритишса, ковид юқиб бирор кор-ҳол юз берса, ҳеч кимдан даъвоим йўқлиги ҳақида тилхат ёздим. Юрагим жамоасиз тўхтаб қолишини англаган ҳамкасбларим таваккал қилиб киритдилар. Туғруқ, даволаш, операцияларигина эмас, вирусга қарши муолажаларга қизғин киришиб кетдим. Ҳар сафар ковидга қарши уст-бошларни қизлар эслатишар, кийдириб қўйишарди. Аммо шошилинч вазиятларда ниқоб тақишни унутганман. Бир неча кундан сўнг айни операция устида қаттиқ тобим айниди. Шогирдларимнинг қайсинисидир амалиётни давом эттириб қолди, иккиси икки қўлимдан тутиб, палатага ётқизди. Шу тариқа ковидни ҳам бошдан ўтказдим.

Фарзандларимнинг қизғин меҳри, касбдошларим, шогирдларим кўрсатган чексиз иззат-икроми мени ковид чангалидан халос этди. Шукурлар бўлсин, яна оналар саломатлиги, баркамол фарзандлар туғилиши учун ҳалол ва фаол хизмат қиляпман. Мендан "Шу 50 йил ичида доя­лик қилган чақалоқларингиз нечтага етди?" деб сўрашади. Санамаганман. Бир вақтлар ўзлари туғилишида мен доялик қилган инсонларнинг бугун набиралари дунёга келишидаям кўмакда турибман..."

 

 

Шоира ЛУТФИЛЛАЕВА,

олий тоифали акушер-гинеколог:

Амина Асқарова табиатан самимий, камтар, ҳалол. Касбининг ҳақиқий фидойиси. Устоз даволаниш, ё туғишга келганлар ким бўлмасин, ўз қизини соғиниб турган онадай кутиб олади. Муносабатда ҳам ҳаммага бирдай – очиқ юз, хайрихоҳ, жонига малҳам.

Опанинг турмуш ўртоқлари ҳаётдан эрта кўз юмган. Бир ўғил, икки қизни, олий маълумотли, етук инсонлар қилиб камол топтирдилар. Онамиз Чотқолга кетатуриб, уйда қолдирган ўша чақалоқлари Дилафрўз бугун ўзлари каби юксак салоҳиятли аёллар доктори бўлиб етишди. Эл дуосининг ижобати-да, бу ҳам.

 

Маъсуда ҒАФФОРОВА,

туғруқ копмлекси бош врачи:

Амина Асқарова – улуғ инсон, буюк шифокор! Жамоанинг устуни. 50 йилдирки Наманган аёллари саломатлиги, соғлом чақалоқлар туғилишига фидокорона хизмат қилиб келяпти. 73 ёшдаман демай, ўта интизомли. Бой тажриба, халқимиз ва касбдошлар ўртасидаги баланд обрўни, она деб кўришимизни асло суиистеъмол қилмаганлар. "Мени катта деб навбатчиликдан аяманглар", дейдилар. Навбатчиликни эса ҳамма учун намунали ўтказадилар. У киши бор куни бутун мажмуа навбатчиларида хотиржамлик ҳукм суради.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.