Республика ихтисослаштирилган онкология
ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази
Наманган филиали директорининг ўринбосари,
бош шифокор, олий тоифали врач
Солижон ХОЛИҚОВ фаолиятидан қайдлар
2000 йил. Вилоят онкология диспансери бош врачи Гулжаҳон Ҳакимова ва етакчи мутахассислар эртанги амалиётлар жарроҳлари таркибини муҳокама қилишяпти. Феруза Турсунова тухумдон ўсмаси операциясини ёш хирург Солижон олиб боришини таклиф қилди. Бу фикрни ҳамма қўллаб-қувватлади.
– Дарҳақиқат, икки йиллик фаолиятида ўнлаб операцияларда ассистентлик қилиб, етарли малака тўплади, ҳар жиҳатдан тайёр, -деди бош врач. -Аллақачон мустақил амалиётларни топширишимиз мумкин эди.
Солижон онко-жарроҳлик салоҳиятини аллақачон исботлаган бўлса-да, илк мустақил ишга пухта тайёргарлик кўрди. Беморнинг касаллик тарихи, ёндош хасталиклари, наслий омиллари, ўсманинг шакли ва жойлашуви, таҳлил натижаларини чуқур ўрганди. Жараёнда иштирок этувчиларга тайёргарликни тушунтирди.
...Бемор кеч мурожаат қилганлиги оқибатида ўсма анча қувватланган, тухумдонни забтига олган, амалиёт ҳам шунга яраша оғирроқ кечиши Солижонга маълум эди. Бундай амалиётларда кўзи пишган, устозлар назоратида амалий бажарган ёш жарроҳ шахсий жавобгарлигидаги оператив давода ҳам барча босқичларни аниқ, тезкор ва тўғри усулларда адо этди.
Қаҳрамонимиз таъкидлашича, бемор ҳолатини ҳеч ким амалиётни бажарган хирургчалик билмайди. Ана шу масъулият туфайли ўша кеча уйига кетмади. Туни билан гоҳ ўзи, гоҳ ҳамшира орқали уни кузатди. Уйқусиз кеча, машаққатли ва мароқли хизмат нечукдир қувват берар, врач бўлиб инсонни дарддан фориғ этишга қодирликка етказганига шукрона келтирар, шу касбни танлашга нималар туртки бўлганини эсига оларди.
Мактабнинг 7-синфдалигида пахта теримида касалланди. Истимада куйиб-ёнаётган, оғриқдан ютуна ҳам олмаётган бола эрталаб уйида эмас, палатада кўзини очди. Қаршисидаги врач ва ҳамширани жуда-жуда яхши кўриб кетди. "Мени азоблардан қутқарган шулар экан-да! Қанийди улар ўрнида ўзим бўлиб қолсам!"
8-синфни тугатишида қишлоқ ҳунар-техника билим юртига ўтказилувчилар рўйхатига тушиб қолибди. "Ахир мен 10-синфгача ўқишим керак-ку, тиббиёт институтига бораман!" Синф раҳбари айтишича, ўртоқлари ёздириб қўйган, рўйхат вазирликкача кетган, ўзгартириб бўлмас эмиш. Охири дадасига ёрилди. Наманган туманининг донгдор бригадирларидан бўлган, дунёқараши кенг, чўткесар Каримжон Холиқов ўғлини шаҳардаги 7-ихтисослаштирилган мактабга олиб келди. Барча фан синовларидан "аъло" баҳоланган болани хурсандчилик билан қабул қилишди. Бир гал синф раҳбари Светлана Петровна ўқувчиларига савол ташлади: "Энг катта бахт нима?" Ўқувчилар соғлиқдан ташқари ҳамма нарсани айтишди. Аммо Солижоннинг жавобигина олқишларга сабаб бўлди: "Энг катта бахт – саломатлик! Ўртоқларим айтган ҳамма нарсага соғлом бўлсак эришамиз".
Табиатан сокинфеъл, мулоҳазакор, ҳамма масалада моҳиятга етишга интилиши, интизому ўзлаштириш масъулиятини чуқур ҳис этиши синф раҳбари Светлана Петровнада меҳр уйғотди. Шифокорлик мақсадини билгач, рус тили бўйича ўзи қўшимча шуғуллана бошлади. Тегишли фан тўгаракларига жалб этди.
...Шу пайт врачлар хонасига ҳамшира шоша-пиша кирди.
– Доктор, операциядан кейин бунақа ҳолатни биринчи кўришим.
Икковлари палатага бешарпагина киришди. Бемор орада чанқабди, яна ухлаб, уйқусида куляпти экан.
– Бу табиий жараён, – деди врач. – Ўсма оғриғи узоқ вақт асаб тизимини таранглаштирган. Азобдан қутулган нерв толалари ҳам ором олаётганининг белгиси бу.
Палатадан чиқишаркан, Солижон мийиғида кулиб қўйди: "Ажаб, онкохирург бўламан деб сира ўйламаган эдим". Ростдан ҳам шундай. Андижон давлат тиббиёт институтидаги олти йиллик завқли ва заҳматли ўқиб-ўрганишлар тугаб, 1997 йили Наманган шаҳар марказий шифохонаси жарроҳлик бўлимига интернатура ўтагани келди. Республикага номи таралган М. Аҳадов, Т.Каримов, Ж.Сиддиқов каби забардаст жарроҳлар ўз йўналишлари бўйича нодир мутахассис қилиб тарбиялашни ният қилишганди. Аммо ўша пайтдаги штат қисқаришлар бунга имкон бермади.
Айни паллада вилоят онкология диспансерида штат ҳам, эркак жарроҳга эҳтиёж ҳам борлигини эшитгач, шу муассасага келди. Солижон билан касб-корга оид икки оғиз суҳбатдан бош врачнинг қулфи-дили очилди. "Хуш келибсиз! Бизга айнан сиздақа кадр керак эди. Қадамингиз қутлуғ бўлсин! Эртадан ишга!" У дастлаб врач-цитолог, кейин онколог вазифаларида фаолият олиб борди. Келаси йили ихтисослик бўйича малака ошириб ҳам келди.
* * *
...Илк мустақил операцияси қаҳрамонини кузатиш билан бўлиб, у тонг отганини ҳам сезмай қолди. Енгилгина нонушта қилди-ю, янги кун вазифаларига киришиб кетди.
Гулжаҳон Ҳакимова назоратида бажарилган бачадон экстрипацияси амалиёти чинакам "давлат имтиҳони" бўлди. Жамоа яна бир истеъдодли жарроҳга эга бўлганидан қувонди. 2003 йил республикада биринчилар қатори ушбу даргоҳда "Кимётерапия" бўлими очилди. Унга ҳеч иккиланмай, изланувчан, тиришқоқ ва метин иродали С.Холиқовни мудирликка тайинладилар. Унинг ташкилотчилиги, билим ва воситалардан заргарона фойдаланиш салоҳияти янада намоён бўлди. Кимётерапия жамламаси онкологик муолажалар самарадорлигига сезиларли ҳисса қўша бошлади. Юксак даражадаги бошқарув қобилияти устозлар ва раҳбарият ишончини янада оширди. 2004 йили энг оғир нуқта – 2-жарроҳлик бўлими мудирлигига ўтказдилар. Бўлимда у фаол изланувчанлик муҳитини ярата олди. Билим ва маҳорат устида ишлаш ҳар бир ходим учун мезонга айланди. Бунинг натижаси ходимларда бурч масъулияти кучайиши, мавжуд тиббий воситаларни оқилона қўллаш, амалиёт сифати ва самарадорлиги тез орада яхшиланишида намоён бўлди.
С.Холиқов 2007 йилдан бош врач ўринбосари вазифасига муносиб кўрилди. Энди у бутун бошли диспансерда даволаш ишларининг ташкил этилиши, тараққиёти учун жавобгарга айланди. Ўшанда қулайликларга эга бўлган тиббий аппаратлар кам, асбоб-анжомлар, тикув материаллари тақчил, интубицион наркоздангина фойдаланиш кўпайиб бораётган саратон касалликларини даволаш кўрсаткичларини оширишни қийинлаштириб турган бир пайт эди.
– Азизларим, – деди йиғилишда ҳамкасбларига. – Соҳамиз келажаги порлоқ. Тиббиёт ислоҳотлари босқичма-босқич онкологияга ҳам етиб келади. Ҳали энг замонавий диагностика ва даволаш, юқори технологик жарроҳлик жамламаларига эга бўламиз. Аммо мавжуд имкониятларимиздан максимал даражада фойдаланиш билан бугунги талабга жавоб борадиган тиббий хизматни кўрсата олишимиз шарт. Исмоил Бухорий айтганлар: "Билимдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай". Демак, врач, ҳамшира касбий салоҳиятини астойдил ошириш билан халқимизни рози қила оламиз.
Ниятлари холис экан, кўп ўтмай мамлакатимиз Президентининг соҳани такомиллаштиришга оид қарорлари чиқди. Диспансер 2017 йили Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий марказининг филиалига айлантирилди. УТТ, доплер, маммограф, видеоэндоскоп, лапароскопик тўплам, МСКТ, "Теробальт-80", "Брахитерапия" нур бериш қурилмалари, электрон микроскоп келтирилди. Иммуногистохимик текширувлар ўтказила бошланди.
Замонавий технологик воситалар ёрдамида саратон касалликларини эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш суръатини тезлаштиришга муваффақ бўлинди. Шу кунгача жарроҳлик муолажаси учун пойтахтга юборилган беморлар амалиёти шу ернинг ўзида амалга оширила бошланди. Лапароскопик амалиётлар, таянч аъзолар, сут бези, бош-бўйин саратони каби янги турдаги жарроҳлик хизматлари жорий қилинди.
– Бу қувончли натижаларга, – дейди Солижон Каримович, – аввало, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган ғамхўрликлари, қолаверса, аҳил жамоамиздаги мутахассисларнинг кучли салоҳияти, фидойилиги туфайли эришдик. Уларнинг бевосита фаоллиги ва иштирокида марказ билан телемедицина йўлга қўйилди. Пойтахтдаги етакчи олим-шифокорлар келиб, маҳорат дарслари олиб боришди, халқаро андозалардаги янги турдаги 14 та юқори технологик амалиётларни филиалда йўлга қўйилишига кўмак бердилар. Илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва ҳаётга татбиқ этишда филиал директори А.Эшонов, жарроҳлик бўлими мудири А. Тожибоев, онкожарроҳлар И.Мирзавалиев, М. Абдулҳамидов, эндоскопист У. Эшонхўжаев, бўйин-бош онкологи Р. Бекмирзаев, онкогинеколог М. Эргашева, Ҳ. Маъруфова, маммолог Н. Холиқов, Л.Бозорова, кимётерапевт А.Мўйдинов, радиолог С.Ҳамроқулов, поликлиника мудири У. Ҳошимов, анистезиолог-реаниматолог Б. Саматов каби Наманган онкология мактаби дарғалари хизматини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
– Илмий-амалий тадқиқотлар, хорижий тиббиёт марказларида малака ошириш учун ҳам кенг имкониятлар вужудга келди, бу борадаги натижаларга ҳам тўхталсангиз, – сўраймиз Солижон Каримовичдан.
– Дарҳақиқат, замонавий шароитлар илмий-тадқиқотлар бошлашга иштиёқ берди. Икки ҳамкасбимиз онкологик касалликлар оператив давосига оид мавзуларда тиббиёт фанлари бўйича фалсафа докторлигини ёқлашди. Яна бир ходимимиз маммология йўналишидаги диссертация устида ишламоқда. Уч нафар мутахассис танлаган илмий-тадқиқот мавзулари тасдиққа ҳавола қилинган.
Ўтган йили А. Тожибоев Туркия ва Белорус давлатларида, радиолог Н. Шерматов ва маммолог О. Аҳмаджоновалар Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтдилар.
– Биз, – дейди онкогинеколог М. Эшонова, – М.Алибоева, З. Исоқова, Д.Маматова, С.Мадраҳимова каби 10 нафар врач шу инсоннинг шогирдларимиз. Юксак маданият ва инсонийлик, юқори даражадаги тиббий салоҳиятлари барчамизга ибрат мактаби бўлиб келмоқда.
Солижон Холиқовнинг узоқ йиллик фаол ва ҳалол хизматлари муносиб тақдирланди. 2023 йил "Тиббиёт ходимлари куни" тантаналарида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони топширилди.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.