Янги йилнинг биринчи ҳафтаси сўнггида ижтимоий тармоқларда Наманган давлат университети тиббиёт факультетининг физиология кафедраси профессори Абдулла Ариповнинг 80 ёшга тўлган таваллуд айёмида устознинг хонадонига ташриф буюриб, қутлаётган шогирдлари даврасида яйраб-яшнаб турган суратларию, мухтасар матнга кўзимиз тушди.
Бундай мартабага эришишнинг ўзи бўлмайди. Дўсту сафдошларию, узоқ-яқиндаги қадрдонларига дастурхон ёзиш, улардан кўнгилни қувонтирувчи эътирофлар, эзгу тилакларни эшитиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Инсон умрининг безаги аслида қанча яшаганида эмас, узунми-қисқами, элу юртга теккан нафида, одамлар ўртасида қозонган обрў-эътиборидадир. Бу борада домланинг олдига тушадиганлар камдан-кам. Ҳаёт йўлларига, илм-фан ва таълим тараққиётидаги фаолиятига назар ташласак, фикримиз тўғрилигига сиз ҳам беихтиёр қўшиласиз.
У 1944 йилнинг 6 январида Чортоқ туманининг Короскон қишлоғида туғилди. 1960-1965 йилларда Тошкент давлат университетида олий таълим сабоғини олди. Физиология ва биохимия ихтисослигини эгаллади. Сўнгра Андижон давлат тиббиёт институтида талабаларга билим беришни бошлаб юборди.
Айни маҳалда илмий изланишларга ҳам киришиб кетди. Устози, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Г.Ф.Коротько раҳбарлигида илмий тадқиқотлар олиб борди. Нормал физиология йўналишида ҳазм муаммоларини ўрганишга бағишланган етти йиллик саъй-ҳаракатлари зое кетмади. 1973 йилда диссертация ҳимоя қилиб, биология фанлари номзоди, деган илмий даража соҳибига айланди.
Кейин эса – 2003-2016 йилларда докторлик диссертацияси устида қунт билан ишлади. Унинг "Гастродуоденал мажмуа функциясининг нормал ва патологик ҳолатлари" қиёсланиб ўрганилган илмий-назарий ишлари клиник амалиётга тавсия қилинди. Олим 17 йил давомида тиббиёт институти талабаларига "Нормал физиология", "Биофизика" фанларидан юқори илмий савияда маърузалар ўқиди.
Зукко устоз ёнидаги ёшларга доимо ишонч билан қаради, уларга муносиб рағбати билан кўмаклашди. Масалан, гастроуоденал функциясининг нормал ва паталогик ҳолатлари, жумладан, ошқозоности бези йўлини ингичка ичакдаги транпозициясида (ҳайвонлардаги экспериментлар асосида) регулятор функцияларини Ғ.Асхонов ва С.Мансуров каби шогирдлари билан қиёсий ўрганибгина қолмай, уларнинг тадқиқот таҳлили мақолаларини халқаро журналларда, илмий конференциялар тўпламларида чоп этилишига, амалий татбиқига бош-қош бўлди.
Ёш ўқитувчи-олим 1983 йилдан Наманган педагогика институтига таклиф қилинди. Истиқлол йилларида институтга университет мақоми берилгач, Абдулла Насриддинович сингари илм аҳлларининг фаолият доираси янада кенгайди. Унинг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги ҳамда ректорат рағбати билан янги физиология кафедраси очилди. Домла мудир сифатида кичик жамоани аниқ мақсад сари етаклади. Энди наинки физиологиядан, бир вақтнинг ўзида "Валеология" фанидан ҳам ўғил-қизларга сабоқ берди. Уларнинг битирув малакавий ишларига, магистрлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилди.
Университетда тиббиёт факультети ташкиллангач, сўнгги беш йил олим-педагогнинг эл соғлиғини сақлашга доир илмий-ижодий фаолияти янада юксалишида янги босқич бўлди, десак асло муболаға эмас. Бугунги сарҳисобдан устознинг ўз соҳасида чинакам камолот касб этганини кўришимиз мумкин. Ўзбекистонда, Россия, Қозоғистон, Австрия ва АҚШ каби хорижий мамлакат журналларида чоп қилинган мақолалари 100 дан зиёд. Тиббиётга доир китоб ва ўқув қўлланмаларнинг аксарияти авваллари рус тилида бўлгани учун устознинг ўз шогирдларига қулайлик ва енгиллик яратиш борасидаги уринишлари ҳам анча самарали кечди. Чунончи, академик Г.И Косицский таҳририда ёзилган "Руководство к практическим занятием по физиологии" номли ўқув қўлланмасини ўзбек тилига ҳаммуаллифликда таржима қилди. Мазкур қўлланма "Ибн Сино" нашриётида кўп минг нусхада босилиб, тиббиёт институтлари талабаларига тарқатилди. Домланинг қаламига мансуб "Одам физиологияси", "Ёш физиологияси ва гигиена", "Валеология асослари", "Валеологиянинг илмий-назарий ва методологик асослари", "Психофизиология" сингари услубий қўлланмаларидан ҳам ҳозирги талабалар фаол фойдаланишмоқда.
Физиология ва валеология кафедраси профессори Абдулла Насриддинович сўнгги йилларда Европа Иттифоқининг Халқаро Erasmus (+) дастури доирасида "Mode HEd" – Ўзбекистон Республикаси университетларида тиббиётга оид фанлар ўқитилишини модернизациялаш" Халқаро гранти бўйича Германиянинг Лейпцих университети билан ҳамкорликда Наманган давлат университетида ишчи гуруҳи тузиб, унга ўзи раҳбарлик қилди. Шу йўналишда тайёрланган электрон дарслик – "Open Projekt" порталига жойлаштирилди. Янги келтирилган лаборатория жиҳозлари билан кафедранинг моддий-техник базаси бойитилди.
Энди домланинг ҳамкасбу шогирдлари фикрлари билан танишайлик.
Авазбек БАТОШОВ,
университет тиббиёт факультети декани, биология фанлари доктори, профессор:
– Устозимиз Абдулла Арипов узоқ вақт, яъни 1983-2013 йиллари кафедра мудири лавозимида ишлади. Бу орада, аниқроғи 1993-1996 йиллар ва 1998 йилда кафедрадан ажралмаган ҳолда университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори вазифасини бажарди. Муҳими, у киши раҳбарлик масъулияти қанчалик юксак бўлмасин, илмий ижодга, шогирдлар тарбиясига ҳамиша вақт топа олди. Овқат ҳазм қилиш физиологияси муаммоларини ўрганишга доир ўзига хос илмий мактаб яратди.
Абдуғаффор НАЗАРОВ,
география фанлари доктори, профессор:
– Домла сираям тиниб-тинчимайди. Айни вақтда тиббиёт факультетининг даволаш иши ва педиатрия йўналиши талабаларига дарс бериб, улуғ ёшда ҳам ҳамкасблари, навқирон олимлар авлоди ҳавасига сазовор бўлаётгани барчамизни қувонтиради, фахрлантиради.
Садбархон МАВЛОНОВА,
физиология кафедраси мудири, биология фанлари номзоди, доцент:
– Мен шогирд сифатида Абдулла Насриддиновичдан беҳад миннатдорман. Устоз юксак маънавиятли инсон. Набиралари тенг шогирдларига ҳам "сиз" деб мурожаат қиладилар. Ҳар бир сўзни ўйлаб, чуқур мулоҳаза билан гапирадилар. Кафедра мудири лавозимида иш бошлаганимда ҳужжатлар юритишни, турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни эринмай ўргатганлар. Шунинг учун кичик жамоанинг катта натижаларга эришишини ҳеч қийналмай таъминлашга ҳаракат қиляпман. Зарур чоғда қимматли маслаҳатларидан фойдаланиб келаман.
Ғуломқодир АСХОНОВ,
"Nevromed" хусусий шифохонаси бош врачи:
– Устоз Абдулла Ариповнинг шогирдлари юзлаб, минглаб десак заррача хато эмас. Биз 80 ёшда ҳам бардам юриб, ёшларга билим бераётган улуғ инсонга ҳамиша ҳавас билан қараймиз. Шундай тиббиёт фидойиларидан ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз керак. Айниқса, азалдан ёшларга меҳр-муҳаббатлари зиёдалигини яхши биламиз. Бу билан у киши ҳозирги замон талабларига ҳамоҳанг яшаш ва ишлаш сабоғини беряптилар барчамизга.
Устоз учун шогирдлар ихлоси ва эътирофларидан қимматлироқ нима бор?! Зеро, ибратли умр ҳар қанча шарафларга муносибдир.
Олимнинг турмуш ўртоғи Шаҳзода Қаҳҳорова кўп йиллар шифокорлик қилиб, ҳозирда пенсияда. Фарзандлари ҳам ота изидан боришмоқда. Ўғиллари – Ойбек Арипов иқтисод фанлари доктори, НамМҚИ профессори, Авазбек Наманган Ибн Сино жамоат саломатлик техникуми директори ўринбосари.
Албатта, юксак салоҳиятли олим ва моҳир педагогнинг кўп йиллик хизматлари муносиб тақдирланиб келмоқда. Унинг кўксини "Олий ва ўрта махсус таълим фидойиси" нишони безаб турибди. Фахрий ёрлиқлари эса қатор-қатор.
Содиқ САЙҲУН.