2005 йил, май. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг қабулхонаси. Ичкаридан статистика бўлими мудири Гулчеҳра Низомова қўлларида бир талай қоғоз, билан ишчан ва шошилинч ҳолатда чиқди-ю, кирмоқчи бўлиб турган қизга кўзи тушди. Бир зум разм солгач, сўради:
– Қизим, врачмисиз.
– Ҳа...
Жавобдан аёлнинг чеҳраси ёришиб кетди. Қизни хонасига бошлади. Қисқагина суҳбатда унинг Барчиной Аҳмедова эканини, 2003 йили Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, Учқўрғон тумани поликлиникасида ўриндош врач-гемотолог бўлиб ишлагани, тор доирадаги мутахассисликка ўқиш учун бошқарманинг йўлланмасига келганини билди.
– Барчиной, ҳозир ҳамма ҳайъат йиғилишига тайёргарлик билан банд. Бошлиқ қабул қилолмасликлари аниқроқ. Йиғилиш икки соатларга чўзилиши мумкин. Кутадиган бўлсангиз, шу вақт ичида менга ёрдамлашсангиз. Йиғилиш баённомаларини мен ёзишим, бугун маъруза қилишим, ундан кейинги муҳокамалар тугагунича минбарда бўлишим керак. Мана, бугунги йиғилиш баённома намунаси, ёзиб берсангиз. Етти йил ўқиган, уч йил стажи бўлган врачсиз-да, маъруза ва муҳокамалар мазмун-моҳиятини тушуниб, ифодалай оласиз.
Барчиной намунага қаради-ю, лицейдаги давлат тилиди иш юритиш машғулотларида ўзи қизиқиб ўрганган ҳужжат шакллари эсига тушиб, дадил жавоб қилди:
– Хўп бўлади, устоз.
...Йиғилиш тугагаши билан опанинг хонасидаги компьютерда дафтардаги қораламаларига қараб баённомани ёзишга киришди. Гулчеҳра Низомова кирганида баённома шаклан ва мазмунан пухтагина ҳолда тайёр эди. Опа айрим жойларинигина таҳрирлади, қарор қисмини тўлдирди, холос. Боягина ўзига тамоман бегона бўлган врач бирданига минг йиллик қадрдон, ҳатто ўз қизидай туюлиб кетди. Елкасини силади, яхши тилаклар билдирди.
– Барчиной, – деди у ниҳоят, – бошлиқ вазирликнинг селектор йиғилишига кетдилар. Йўлланмани-ку, олармиз, лекин ўқиш бошлангунча ўтадиган беш ойга яқин вақт ичида бугунгидақа ёрдам бериб турсангиз. Бошқарма тиббий муассасалар фаолиятини ташкил этувчи, йўналтирувчи, ривожлантирувчи катта институт. Бу даргоҳ таълимини олганлар аслида сираям кам бўлмайди...
Барчинойдан бу ҳақда эшитган отаси Солижон ака опанинг ҳақлигини таъкидлаб деди:
– Устоз назари ва ишончини ҳурмат қилмаслик, қадрламаслик яхши эмас. Сизларнинг илмли, касб-корли бўлишингиз учун ҳамиша шароит яратиб келганман. Опа тўғри айтибдилар, бошқарма ҳам институт. Унинг таълимини олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Қатнайвер, қизим.
Гулчеҳра опа дастлабки кунлариёқ Барчинойга қуйи тиббиёт муассасаларидан профилактик тадбирлар натижаларини олиш, саралаш, таҳлил қилиш, ҳисобот тайёрлаш тажрибаларини ўргатди. Ўша ойдаги ҳисоботни тузишни топшириб, синади. Ҳужжат таҳлиллардаги ҳаққонийлик, ютуқ ва камчиликларга оид асосли хулосалар, аниқ, ёрқин ва соддалиги билан устозда шогирдга нисбатан катта ишонч ва умид уйғотди. Шу боисмикан, бир куни дилдан суҳбатлаша туриб, кўнглидан кечган фикрни яширолмади:
– Қизим, бевосита беморлар билан ишлабгина эмас, барча даволаш-профилактика муассасаларини ривожлантириш, тиббиёт ходимларини истиқболли дастурлар ижроси атрофида фаоллаштириш билан минглаб одамларни дарддан фориғ этиш, умрини узайтиришга хизмат қилиш билан ҳам халқнинг, жамиятнинг розилиги, эҳтиромига муяссар бўлиш мумкин. Шундай экан, бизнинг бўлимда мутахассис бўлиб иш бошлай қолсангиз-чи?..
Тўғриси, қизғин ва мароқли ишларга киришгандан-киришиб кетиб, тор доира мутахассиси бўлиш истаги Барчинойнинг хаёлидан кўтарилганди.
– Устоз, бу ердаги ходимларнинг туну кун вилоят аҳли саломатлиги учун нақадар чуқур масъулият билан ишлаши, ўз бурчларини энг мураккаб операция устида тургандек адо этишлари менда ҳам ҳавас уйғотди. Агар шуларга мени муносиб бўла олади, деб ҳисобласангиз, рози бўлмай қаёққа борардим.
Барчиной дастлаб Гулчеҳра Низомова, Шаҳодат Ғуломова, кейинчалик бўлим мудирлигига тайинланган, поликлиника раҳбарлигида бой малака ва маҳорат тўплаган Лола Улуғбоевадан касб сир-асрорларини ўрганди. Улардаги синчковлик, касбга садоқат, ишчанлик, самимият, бағрикенгликни ўзига сингдирди. Шу боис аҳоли саломатлигини сақлашга оид дастур ва режалар ижросини таъминлаш юзасидан жойларда амалга оширган ташкилотчилиги, ўрганиш, ахборот ва ҳисоботлар асосидаги таҳлиллари, амалий таклифлари билан устозлари, бошқарма раҳбариятининг эътирофига сазовор бўлди.
Б. Аҳмедова Аҳоли саломатлиги, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш институти директорининг статистик таҳлиллар бўйича ўринбосарлигига тайинланди. Муассаса директори Ирода Мусаевадан турли ёш ва табақа кишилари, маҳалла фуқаролари орасида касалликларнинг олдини олиш омиллари, дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорлик уқувини эгаллади. Ниҳоят вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича бош мутахассислик лавозимига ўтказилди.
– Барчиной муҳтарам Президентимиз, республика ҳукумати, вазирлик томонидан тиббиётнинг бирламчи тизимини ривожлантиришга эътибор ва ғамхўрлик кучайтирилган, бунга оид фармон, қарор, буйруқлар ижросини таъминлашдек қизғин бир паллада янги ва аввалгидан-да масъулиятли ишга дадиллик билан киришди, – дейди бошқарма статистика бўлими мудири Лола Улуғбоева. – Айни вақтда шаҳар ва туманларимизда бирламчи тизимни ташкил этган 14 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 80 та оилавий поликлиника, 102 та оила шифокорлик пункти мавжуд. Уларга тегишли фармон, қарор, буйруқлар мақсад-моҳиятини етказиш, топширилган вазифалар ижросига қаратилган тармоқ режаларини ишлаб чиқиб, бажарилишини таъминлаш, натижалар бўйича таҳлилий ҳисоботлар тайёрлашдек қийин ва эътиборталаб юмушларни ҳамиша сидқидилдан, юксак савияда адо этяпти.
Дарҳақиқат, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникаларда унинг талаб ва тавсиялари асосида ишлаб чиқилган тармоқ режаларига биноан уюшқоқлик билан ўтказилган тиббий кўриклар, қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари юзасидан скрининг, онкоскринингларда хасталик белгилари аниқланганларни даволаш, ногиронликларнинг олдини олишда, бошқарма фидойилари қатори Барчинойнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор.
Ҳозиргача 40 ёшдан юқори фуқароларнинг 781 минг нафари скрининг текширувдан ўтказилди. сал кам 13 минг кишида юрак-қон томир ва 5026 ҳолатда эндокрин касалликлар барвақт аниқланиб, беморлар даволанишга йўналтирилди. 35-55 ёшдаги аёллар ўртасида "Бачадон бўйни" саратони касаллиги бўйича амалга оширилган текширувларда 375 мингдан зиёд аёлнинг 126 нафарида онкологик касаллик, 105 нафар аёлда "Кўкрак бези саратони" эрта босқичларда аниқланди ва даво чоралари кўрилди.
– Бошқарма бошлиғи ҳамда шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари томонидан ҳафтада бир кун олис ва чекка ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил қилинди, -дейди Б. Аҳмедова. -Аҳолининг мурожаатларини тинглаш ва ҳал қилиш билан бирга улар вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилиб, соғломлаштирилди.
"Қишлоқ хўжалиги ходимлари ва фермерларнинг тиббий кўриги", "Саломатлик сайллари", "Нуронийлар саломатлигини сақлаш", "Ёшлар ойлиги", "Саломатлик карвони", "Мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячиларининг тиббий ойлиги" каби акциялар ҳам тизимдаги барча мутасаддилар, шифокорларнинг бир ёқадан бош чиқариб, юқори даражада ўтказилиши натижасида ўн минглаб юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда соғломлаштиришга хизмат қилди.
Инсон касб-кори, бурчи, халқи ва жамиятига садоқати билан саодатга эришади. Барчиной Аҳмедованинг умр зарварақлари ана шундай эзгуликлар билан зийнат касб этмоқда. Кўксига ярашган "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" нишони ана шундан далолат беради.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.