САМИЯХОННИНГ СЕВИНЧЛАРИ

(Лавҳа)

 

Туғруқхона фоесига тунда шошилинч кириб келган кекса отахон эшик бекасига юзланди.

– Самияхон қизим шайдаларми?

– Нима ишингиз бор эди?

– Ўзларини кўрмоқчийдим.

– Унда кутиб туринг, ҳозир хоналарини қарайчи, – дея бека ичкарига кетди. Бироздан сўнг йўлакда сўраган аёли пайдо бўлди.

– Келинг, отахон, нима хизмат?

– Танимадингиз-а?

– Кечирасиз, кўпчилик билан гаплашамиз, эслолмаяпман.

– Мен бураматутлик Файзуллохонман, беш йил аввал оғир аҳволда келган қизимнинг эсон-омон кўз ёришига сабабчи бўлгандингиз. Ўшанда чолу кампир роса алқагандик. Ҳатто набирамиздан бирининг исмини сизга ҳавас қилиб, Самия­хон қўйгандик. Ихлосимиз тушканакан, бу сафар ўғлимнинг қизини сизнинг қўлингизга ишониб топширишга аҳд қилганмиз. Ўтган галги туғруғи оғир кечган, чақалоғини ҳатто вилоят туғруқхонасидаям сақлаб қолишолмагани учун бунисини соғу саломат қўлига олишига ўзимиз қайғуриб, ўзимиз назоратимизда тутдик. Попга узатган бўлсак ҳам ой-куни яқинлашганда бағримизда олиб тургандик.

Самияхон гапни кўпайтиришни, отахоннинг ташвишига ташвиш қўшишни эп билмади.

– Сиздек меҳрибон бобоси набирасига бунчалик жонкуярлик қилади-ю, биз ҳам қараб ўтирармидик. Ҳозир қабул қилиб олишади.

– Ҳе-е, раҳмат, илоҳим умрингиздан барака топинг, Самияхон қизим!

Тунда келтирилган ёшгина ҳомиладор жувон тонгга қолмай чақалоғини қувониб бағрига босди. Файзулло бобо яна қўлларини дуога очди...

"Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўпаяр" деганларидек одамларнинг ишончу олқишини қозониб келаётган олий тоифали акушер-гинеколог Самияхон Манноновна узоқ йиллик обрў-эътибор соҳибаси саналади. У ўз-ўзидан оқ халатли халоскорлар сафига қўшилишни орзуламаганди. Ўшанда ўн икки ёшли қизнинг бирдан кўзи оғриб қолганди. Аввалига мижжаси қичиша бошлаганида бетоқатланиб, билиб-билмай бармоқлари билан эзиб ишқалаганди. Бироз тинчланиб, енгил тортди-ю, энди қовоғи ичида нимадир илаётгандек туюлаверди. Ойнага юзланганида кўзи оқининг ярми қон сизгандай қип-қизариб кетибди. Дарров ойи­сига ёрилди.

– Вой-й, қизим, кўз жудаям нозик бўлади, мактабингни қўя тур, ҳозироқ дўхтирга кўрсатамиз, – деди ойиси Шарофат опа капалаги учиб.

Биргалашиб катта йўл ёқасидаги диспансерга етиб боришди. У ерда оппоқ халати ўзига ярашган врач дарров қизнинг кўзини текширишга киришди.

– Ҳечқиси йўқ, болангиз мижжасига микроб тўпланибди, шамоллашам бор, лекин вақтида келибсизлар, ҳозир левомицин томизиб қўяман. Дорихонадан мазь ҳам олиб, уч-тўрт кун суртиб турсангиз, оғриқ тўхтайди, боягидек равшан кўради, фарзандингиз тинчланиб, китоб ўқиш ва телевизор кўришда сира қийналмайди. Ўзинг ҳам уқдингми, қизим?! – деди унга қараганча меҳрибонлик билан мулойим жилма­йиб офтальмолог-врач Мутиллохон Абдуллаев.

Она-бола кўчага чиқишганида малҳам ўз таъсирини ўтказиб, Самияхоннинг кўзидаги ачишиш ва қичишиш пасайганди. Врач тавсия этган томизма ва суртма дорилар бир ҳафтада ўз кучини кўрсатди. У кўз оғриғидан кутилди. Энг ажабланарлиси, ўсмир қизнинг кўнглида оқ халатли инсонларга илк бор ҳавас уйғонди, бора-бора улардек бўлиш орзуси туғилди. 1982 йили Андижон давлат тиббиёт институтига йўл солди. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, талабаликка қабул қилинди.

Етти йиллик ўқиши даврида инс­титут томонидан Тўрақўрғондаги марказий шифохонанинг туғруқ бўлими раҳбари, таниқли акушер-гинеколог I ва II даражали "Соғлом авлод учун" орденлари соҳибаси Гулсора Усмоновна Икромовага бир неча марта зарур қўлланма, рисола ва тиббий ҳужжатлар бериб юборилганлиги ҳамшаҳар талаба Самияхон учун омад эшигини очганди. У шу ерда биринчи устозини топди. 1988 йили Наманганда – вилоятнинг 1-туғруқхонасида интернатурани ўтагач, келгуси йилдан Тўрақўрғонда фаолиятини бошлаб юборди.

Йиллар уни улғайтирди, тажриба-маҳоратда камолот касб этишга эриштирди. 35 йиллик меҳнат стажи айтишгагина осон, холос. Аслида қи­йиндан қийин. Бир раҳмат учун минг заҳмат чекилиши ҳаё­тий ҳақиқат. 1989 йилдаги оддий акушер-гинеколог орадан қанча йиллар ўтиб, бугун туман туғруқ комплекси раҳбари мақомида иш юритмоқда. Жамоаси билан қўлга киритилаётган натижалар эса ви­лоятдагина эмас, республикада юқори ҳисобланади. Улардан айримларини айтишнинг ўзиёқ кифоя, деб ўйлаймиз. Масалан, Самияхон Исоқова 2008 йилдан туман тиббиёт бирлашмаси бош врачининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари вазифасини уч йил қойиллатиб уддалади. Кейин яна ўз вазифасини афзал билдики, у танловда асло янглишмаганди. 2016 йилда уддабурон мутахассис раҳбарлигидаги бўлим Республикада "Энг яхши ва намунали туғруқ комплекси" наминацияси ғолиби деб эътироф этилди. Яна "Олти ойгача истисносиз кўкрак сути билан боқиш" бўйича номинация ғолиблигига ҳам эришди. Ниҳоят у туманнинг энг тажрибали ва юқори малакали шифокори мақомига кўтарилди. Шу боис 2021 йилдан буён – сўнгги уч йил мобайнида 1500 дан зиёд ҳомиладорларни қабул қилиб, 100 дан ортиқ кесар кесиш жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказди.

Моҳир мутахассиснинг маҳорати, кўп йиллик малака-тажрибаси муносиб баҳосини олган. У 2023 йили август ойида Ўзбекистон мус­тақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига сазовор бўлди.

– Вақт бетўхтов, йиллар югурик экан, – дейди Самияхон Манноновна. – Кечагина елкамга оқ халатимни илиб, устозларим Гулсора Икромова, Ҳадича Холиқова ва Мўътабар Маҳмудоваларнинг ёнида шогирд эдим. Бугун эса уларнинг тарбияларини миннатдорлик билан мамнун кайфиятда эслаб турибман. Энди ўзим устоз даражасига етгандайман. Туманнинг бош акушер-гинекологи сифатида 5 та оилавий поликлиника ҳамда 9 та оилавий шифокорлик пункти, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника ҳисобидаги 60 минг нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлигини сақлашга масъулман. Атрофимда Дилдора Раҳмонова, Лобархон Низомиддинова, Зайнабхон Қосимова ва Малоҳат Турсунова сингари ҳамширалар ҳамкору, ҳамнафасдирлар. Ниятимиз ягона – ҳар бир соғлом она – соғлом болани дунёга келтиришини таъминлашдир. Бунинг учун барча имкониятлар етарли.

Самияхоннинг эътирофича, муҳташам туғруқ комплексидаги бугунги шароиту қулайликлар бундан ўттиз икки йил олдинги ҳолатдан ер билан осмонча фарқ қилади. Иситгичлардан, чала туғилганлар учун қўйилган ваакумдан самарали фойдаланилмоқда. Ҳатто вазни етилмаган чақалоқларни парваришлаб, яшаб кетиши учун зарур тиббий жиҳозлар муҳайёлигига нима дейсиз. Бу, давлатимизнинг келажагимиз эгалари бўлмиш болаларга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлиги нишонаси эмасми.

Тиббиёт соҳаси аълочиси Са­мия­хон Исоқова ўзига муносиб шогирдлар тайёрлашгаям жуда эътиборли. Устоз жамоли – шогирдлар камолида намоён. Чунончи, Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, 2023 йилда ишга келган Назира Руҳиддинова ҳозирда лапароскоп аппаратида амалиёт бажариш бўйича Андижон тиббиёт институтида малака оширмоқда. Феруза Турдиева эса Тошкентда акушер-гинекологлик йўналишда илмий-тадқиқотни бошлади. Демак, навқирон авлодга камолот йўлида кенг йўллар очиб қўйилмоқда. Булар айни "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да янада қимматли аҳамият касб этиб, Самияхон Исоқовадек устози мартабасини келгусида янада улуғлашига ишончимиз комил.

Ана, туман туғруқхонасидан гўдагини кўтариб чиқиб келган аёлни яқинлари янги меҳмон билан қутлашяпти. Уларнинг шодликлари бир олам. Бунга сабабчи аҳил жамоанинг оқила раҳнамоси Самия­хон ҳам беихтиёр қувонади. Ҳар куни севинчдан, олқишдан кўнг­ли яйраб-яшнайди. Оналарга хизмат қилишдан асло-асло чарчоқ сезмайди.

Содиқ САЙҲУН.