ёхуд онкожарроҳ ва олим Акмалхон ТОЖИБОЕВ тасвирига чизгилар

Халқимизда: "Қуш уясида кўрганини қилади" деган мақол бор. Бу бежиз тўқилмаган. Ҳар бир бола ибратни, аввало, оиласидан олади, атрофидаги яқинларига беихтиёр ўхшагиси келади. Акмалхонда ҳам худди шундай бўлди. Дадаси Абдураҳмон Тожибоев терапевт врач, амакилари – Абдусамат Тожибоев тиббиёт фанлари номзоди, Абдукарим Тожибоев кўзни даволаш соҳаси – офтальмологиянинг билимдони эдилар. Уларга ҳавас қилиб юрган мактаб ўқувчиси Акмалхон врачликдан бошқа касбни танлашни ҳатто хаёлига ҳам келтирмади. Энг муҳими, барча фанларни бирдай аъло баҳога ўзлаштиргани, жамоатчи-ю, ташаббускор ўқувчи бўлгани учун Наманган шаҳридаги 49-мактабни "Олтин медал"га битирди. Ана энди орзусига етишиш ниятида Андижон давлат тиббиёт институти остонасидан ҳатлади. Имтиёзли равишда даволаш факультетига талабаликка қабул қилинди. У ҳамиша меҳрибон ва талабчан дадасининг измида юришга одатлангани туфайли сабоғи юқори бос­қичга етганида яна маслаҳат олиш мавриди келганини англади.

– Қайси ихтисосликни танлаганим маъқул, дада? – дея сўради ниҳоят.

– Бир оилага бир терапевт кифоя, жарроҳликни танлаганингиз яхши ўғлим, – деди қатъий оҳангда Абдураҳмон ота.

Буни қарангки, ўзиям худди шу йўналишда билим олиш ва малака эгаллашни кўнглига тугиб қўйганди. Дадаси билан фикри бир жойдан чиққани учун қалбига беҳад мунавварлик югурди. Профессор Фозил Нишоновнинг шогирдлари сафига қўшилди. Олий таълимнинг 6-босқичини якунлаб, интернатурани Наманган шойи-газламалар комбинати қошидаги таббий-санитария қисмининг жарроҳлик бўлимида ўтади. Бу унинг учун ҳеч қандай қи­йинчилик туғдирмасди. Чунки талабалик чоғларида ҳам бўш кунлари, таътил пайтлари гоҳ-гоҳ бир неча кун ёки ҳафталаб хирургия ва реанимация бўйича тиббиёт оғаси (медбрат) вазифасини адо этиб юрарди, нав­батчиликда ҳам турарди. Маҳмуджон Аҳадов, Солижон Содиқов, Зайниддин Зиёвиддинов, Адҳамжон Рўзиматовлардан кўп жараёнларни ўргангани йилдан-йилга унга қўл келаверди.

Устози Солижон Муродовичнинг тавсияси билан 1995 йили вилоят ўсма касалликлар диспансерида фаолият бошлади. Мана, ўшанга ҳам 28 йил тўлибди. Шунча вақт бир жамоада ишлашнинг ўзи бўладими. Бугун у тақдиридан жуда-жуда хурсанд. Боиси, ўтган йиллар Акмалхон учун бетиним изланиш, ўқиш, малака ошириш, моҳир жарроҳ сифатида камолотга эришиш даврига айланди. Бугун у Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали 1-жарроҳлик бўлими мудири.

Акмалхон Тожибоевнинг фаолиятига назар ташласак, уч муҳим жиҳатини аён кўрамиз. Биринчиси – моҳир жарроҳ, иккинчиси изланувчан олим, учинчиси – ташкилотчи раҳбар. Энди ана шулар ҳақида мухтасар фикр юритсак: бу ерга ётқизилган беморлар ўзининг ҳаётбахш тиғи билан хирургик амалиётларни юқори технологиялар асосида сифатли бажарилиши натижасида ҳамиша нажот топишяпти. Бўлим 30 ўринли бўлиб, абдоминал – қорин, ошқозон – ичак, колопроктоло­гия – йўғон ва тўғри ичак, бош-бў­йин соҳаси, онкоурологик, таянч-ҳаракат тизими ўсмаларини бартараф этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Илгарилари 20-30 хил, кейинроқ 70 хил, сўнгги пайтларда 129 хил операциялар муваффақиятли уддаланмоқда. Энг муҳими, жарроҳлик амалиёти ўтказилганлар ичида ногиронлик кўрсаткичлари тобора камайтирилмоқда.

– Бўлим мудиримиз ҳақида кўплаб яхши фикрлар айтишимиз мумкин, – дейди жарроҳ Исроилжон Мирзавалиев. – Айниқса, бизга шахсий ўрнак кўрсатадилар. Ёнма-ён ишлаб, малака-маҳоратларини ўзлаштириб боряпмиз. Мақсадимиз ягона – беморларни қисқа фурсатда самарали ва сифатли соғайтириш. Хусусан, гемипельвэктомия, суяк ва бўғимларда эндопротезлаш, гастроэктомия, тўғри ичак экстипацияси, трансперитонеал нефроэктомия, ларингоэктомия операциялар тобора такомиллаштириб борилмоқда. Турли асоратлар қолдирмасликка интилишяпти.

Албатта, юқоридагилар айтишгагина осон, холос. Аслида жуда-жуда мураккаб жараёнлар мужассам. Онкожарроҳ шундай ишлаши керакки, на ортиқча, на кам тиғ теккизиш сира-сира ярамайди. Салгина хато ёмон оқибатларни юзалантириб қўяди. Бунга йўл қўмаслик учун мутахассис етарли билимга, бой тажрибага, қолаверса, журъату жасоратга эга бўлмоғи шарт. Акмалхоннинг муттасил ўқиш-ўрганишдан тўхтамаслиги замирида ана шундай зарурият ётади.

У Европа, Россия Федерацияси ва Марказий Осиёда ўтказилган ESMO, ESMO-AZIA, EESG халқаро конгресс ва конференцияларнинг фаол қатнашчиси ҳамдир. Қатор-қатор илмий мақолалари Америка, Европа ва МДҲ давлатларининг нуфузли нашрларида чоп этилган. Ахир Акмалхон олим-шифокор-да. Ҳам даволайди, ҳам илмий тадқиқот олиб боради, ҳам тажрибалари асосидаги янглик, хулосаларини ҳамкасблари билан баҳам кўради.

Изланувчан жарроҳ "Қандай қилсам, беморларнинг дардини тобора енгиллаштираман, тиғ остидан турган, ўсмаси олиб ташланганлар кейин азоби такрорланмаслиги, бутунлай соғайиши, ногирон бўлиб қолмаслиги учун янада серсамара янгиликларни топишим зарур эмасми?" деган саволларга доимо жавоб излайди. Назарияни амалда синашга журъатли. Натижасини дарров қоғозга тушириб, ҳамкасблари ҳам ўрганиши ва қўллашини асло қизғонмайди. У устози Республика тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази онкология ва ультра товуш диагностикаси кафедраси мудири, тиб­биёт фанлари доктори, профессор Мирза Алиярович Ғофур-Охунов раҳбарлигида "Найсимон суякларнинг гигант ҳужайрали ўсмаларини каминвазив комплекс даволаш усулларини такомиллаштириш" мавзусидаги номзодлик диссертациясини 2019 йилда муваффақияли ҳимоя қилган.

Тиббиётда ҳар бир илмий кашфиёт ўзининг фойдалилиги ва аҳамияти билан қимматли ҳисобланади. Акмалхоннинг изланишлари, эришган кўрсаткичлари ҳам чакки эмас. Ўн уч йил (2005-2018) давомида 247 нафар беморда синаб кўрилган. Натижалар, кузатишлар янгиликнинг нақадар самарали эканлигидан далолат берди. Янаям аниқроғи, суяк ичидаги ўсма қириб, тозалаб олиб ташлангач, бўшлиқ пайдо бўлади. Яъни илик ўрнини тўлдириш зарурати туғилади. Илгари майда-майда суяк болдир, ёнбош ва инсон танасининг турли жойларидан кўчириб ўтказиб келинар эди. Бундай аутопластиканинг афзаллиги унча сезилмасди. Очиғи, кутилган ниятга тўла эришилмасди. Акмалхоннинг кўнглидан "Бўшлиқни суяк бўлакчалари эмас, тиббий цемент билан тўлдирсак-чи?" деган фикр кечаверарди. Ниҳоят синов-тажрибага қўл урди. Таркиби суякка ўхшаш тиббий цемент суяк ичи бўшлиғига жойланди (худди тиш ковагини замаскалагандай). Эндиликда ёш олимнинг янгилигидан бутун республикамиз, ҳатто хорижий давлат клиникалари жарроҳлари амалда фойдаланишмоқда. Беморлар қувончи эса янада чексиз...

Илгари йўғон ичак пастки қисми ўсмалари жарроҳлигида беморларни ногиронликка олиб келувчи стома(ичак чиқариш)га мажбур бўлинарди. Бундай ҳолат беморнинг соғ­лом одамлар билан бирга, эмин-эркин муносабатига салбий таъсир ўтказарди. Тўғриси, киндик олдидан чиқариб қўйилган ичак учидан бадбўй ҳид ан­қиб турарди. Бу дардманни руҳий тушкунликка, ёлғизликка мубтало қиларди. Ни­ҳоят Акмалхон мазкур муам­мога устози, тиббиёт фанлари доктори , профессор Шуҳрат Муҳаммадаминов билан ечим топганлар. Ҳозир циркуляр тикувчи аппарат ёрдамида пастки анастомозлар қўйилмоқда. Бош­қача айтганда, қўл киролмайдиган нозик органдаги имкониятсиз ҳолатларда жарроҳлар аппарат тармоғини киритиб, амалиёт бажаришяпти.

Биз филиал бўлимида ётган Нормирза Мисиров, Дилором Ўрмонова, Лола Абдуллаева, Дилноза Холмирзаева ва Ирода Темирова сингари беморларнинг халоскори Акмалхон ва чечан касбдошу сафдошлари ҳаракати билан оғир дарддан қутилишганининг шоҳиди бўлдик. Уларнинг миннатдорлиги бир олам. Тилларидан фақат олқишлар ёғилади.

Моҳир жарроҳ, зукко олим, меҳрибон раҳбар, албатта, йилдан-йилга юқори кўрсаткичларни қўлга киритмоқда. Шунга яраша тақдирланмоқда ҳам. Чунончи, 2014 йилда "Йилнинг энг намунали шифокори" мақомига эришди. 2016 йили "Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига муносиб кўрилди. 2017 йил "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги" эсдалик нишони берилди. 2019 йили "Республиканинг энг яхши онкологи" кўрик-танловида фахрли 3-ўринни эгаллади.

Шу йилги Тиббиёт ходимлари куни унга қўшалоқ қувонч ҳадя қилди. Президентимиз Фармонига биноан бир гуруҳ илғор тиббиётчилар қаторида Акмалхон Тожибоев II даражали "Саломатлик" орденига муяссар бўлди. "Шердор" тантаналар мажмуида юксак мукофот унга вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов томонидан тантанали топширилди.

– Шоир айтганидек "Сийланган жойида азиздир инсон", – дейди ордендор жарроҳ. – Ўзимнинг озми-кўпми хизматларим яна бир бор қадрланганидан беҳад хурсандман. Кичик жамоамиз билан катта ютуқлар сари янада дадил ҳаракат қилаверамиз. Бу борада менга моҳир жарроҳларимиз ҳамда катта ҳамшира Лола Абдуллаева доимо ҳамкору ҳамнафасдир. Мақсадимиз Янги Ўзбекистонмизнинг куч-қудратини оширувчи халқимиз саломатлигини ҳамиша кўз қорачиғидек асрашдир.

Саратон ёки ўсма сўзлари ҳар қандай кишини чўчитиб юбориши табиий. Лекин Акмалхон Тожибоев сингари фидойи саломатлик пос­бонлари бор экан, бунга ҳожат йўқ. Беморларгаям умидсизлик ётдир. Эл ичра қадри баландлик толеига ҳеч қачон кўз тегмасин онкожарроҳимизнинг.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.