Асилхон Жуманазарованинг "Дўстлик" ордени билан мукофотланганлиги ҳақидаги хушхабар нанайликлар ўртасида тез ёйилди. Кўчада, шифохонада, ҳатто уйда бўлсин уни табриклашга ошиқаётганларнинг кети узилмади.
– Асилхон, – деди қутлагани келган бувижонларнинг бири, – сиз 35 йил ичида ҳар оиладан уч-тўртталаб болаларимизни биз билан баббаравар катта қилдингиз. Эндига келиб, набираларимиз саломатлиги учун ҳам биздан кўпроқ парвонасиз. Давлатимиз берган орден ҳаммамизнинг раҳматимиз бўлди. Сиздек қўли енгил, хизмати беминнат дўхтирни муносиб тақдирлаганларидан қувончимиз чексиз.
Асилхон бундай олқишларни эшитаркан, ичида ҳижолат чекади: "Имконият ва шароитлар яратилмаганида мен нима ҳам қила олардим, – дейди ўзига ўзи ичида. – Шунчалик қулайликлар борки, бурчимизни муваффақиятли адо этяпмиз. Бу раҳматларни эшитишга, аввало, Президентимиз, вазиримиз, вилоят раҳбарлари ҳақли-ку?".
Унинг ўйлаганича бор. Кейинги йилларда Янгиқўрғон аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та оилавий поликлиника, 10 та оилавий шифокорлик пунктлари қурилиб, улар замонавий асбоб-ускуна, техника воситалари билан таъминланди.
Нанайдек энг чекка тоғли ҳудуд аҳоли саломатлигини сақлашнинг таянчига айланди. Илгари тиббиётдан хабардорроқ мутахассис топилиши қийин бўлган жойда бугун Мамай, Қизилёзи, Кўкёр, Мўғол, Оқтош, Нанай қишлоқларининг салкам 22 минг фуқаросига 8 нафар врач, 42 нафар ҳамшира барча турдаги касалликларни ташхислаш ва даволаш бўйича сидқидил хизмат қилмоқда.
20 ўринли болалар ва ўсмирлар, 25 ўринли терапия, 5 ўринли туғруққа тайёрлаш ва туғруқ бўлимлари, физиотерапия, лаборатория, рентген хоналари тиббий хизматга бўлган эҳтиёжни тўлақонли қондиряпти. Шифокорлар яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз бурчларини виждонан оқлаш пайидан бўлмоқдалар.
Асилхон ана шу борада алоҳида кўзга ташланади. Самимий, кичик кўнгил, айни пайтда ўткир зеҳни билан бемор ҳолатини аниқ баҳолаш ва муолажа белгилаши Ўрта Осиё тиббиёт институти педиатрия факультетини тамомлаб, 1988 йилда Наманган шаҳар 2-болалар шифохонасида фаолият бошлаганидаёқ устозлар назарига тушган эди. Асилбек Бойдовов, Каримжон Каримов, Люция Собирова каби етук педиатрлар унинг малака ва маҳорати ортишига катта ҳисса қўшдилар.
Мустақил фаолият олиб боришига тўла ишонч ҳосил қилган соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари уни Ҳадикент, Заркент қишлоқларига болалар шифокори этиб йўлладилар.
Асилхон қатнаш қийинчиликларига қарамай, меҳнат интизоми, касбий одоб-ахлоқи, шифокорлик қасамёди берган руҳий қувват билан сидқидил ишлади. Ниҳоят, ТТБнинг Нанайда барпо этилган шохобчаси болалар бўлинмасига мудирликка тайинланди.
– Биз ҳамширалар ўзимизни чинакамига вилоят тиббий марказларида ишлаётгандек ҳис этишга ўргандик. Хизмат вазифамизга кирадиган ҳамма жараёнларни ЖССТ белгилаган стандартлар, Соғлиқни сақлаш вазирлигимиз чиқарган низомлар асосида амалга оширяпмиз, – дейди Машҳура Қутвонова.
Бемор болажонларнинг оналари Асилхон аядан ҳамиша миннатдор.
– Асилхон опанинг ҳаммага бир хилда самимий муносабати, ташхис қўйиш ва даво қўллашда беназир дўхтирликлари каттаю кичикка яхши маълум, – дейди Жаҳоноро Собиржонова. – Шу боис биз оналарнинг суянган тоғи бўлиб қолганлар. Давлат мукофотини олишлари ҳаммамизнинг байрамимизга айланди. Аслида у кишидан шифо топаётган ҳар бир ўғил-қиз опамизнинг орденлари десак арзийди.
Бўлимда ойига 120 нафар бола даволанмоқда. Бу, албатта, давлатимиз томонидан таъминланаётган бепул муолажа, дори-дармон, озиқ-овқат ва айни пайтда, Асилхон бошлиқ саломатлик посбонларининг фидокорона меҳнатлари самарасидир.
Нанайдан қайтарканмиз, Асилхон Жуманазарованинг: "Бу орден мени камол топтирган ота-онам, мактабу олийгоҳда таълим берган устозларим, Ватан ва халқимиз розилигини топишдек саодатга йўллаган раҳбарларимизга берилган мукофот деб биламан. Давлатимиз мукофоти тасарруфимдаги 6 та қишлоқ болаларининг соғлиғини таъминлашда янги куч, янги ғоя, янги мақсадлар беради" деган эътирофу таъкидлари яна бир бор қулоғимиз остида жаранглагандай бўлди.
Қамбар ҲАЙДАР.