ёхуд тўқсон ёшли тиббиётчи-педагог

Ҳаётда яшаб, из қолдириш имкони бўлмиш умр – инсон учун бир марталик бетакрор илоҳий неъмат. Оқар сувдай бетўхтов оқади-ю, ортга қайтмайди. Кимки оқил бўлса, лаҳзасини ғанимат билади, қадрлайди. Эларо баланд обрў-эътибор соҳибига айланади. Раҳматлар оғушида яйраб-яшнайди. Қанча яшамасин қариликка сўз бермайди. Кўнгли ёшлардек, баҳордек қолаверади. Ҳаётдан завқи сусаймайди. Ҳамиша ҳаракатчан ва серғайрат кўринишини йўқотмайди, худди Усмонжон ота Қориев сингари пиру бадавлатлик мартабасига мушаррафлик насиб этади.

Ҳамманинг ҳавасига сазовор бу инсон билан ҳамсуҳбат бўлиш иштиёқи туфайли тўқсон ёшли отахонни уйларидан эмас, ноодатий ҳолда ишхоналаридан излашимга тўғри келди. Юзма-юз учрашишдан аввал кўз ўнгимда мункиллаган қарияни тасаввур этгандим. Наманган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ҳовлисига қадам қўяр эканман, дарвоза ёнидаги навбатчидан "Усмонжон домлани қайси хонадан топишим мумкин?" деб сўрашим билан "Ана, ўзлари талабалар билан ўтирибдилар" жавобини олдим.

– Юринг, аввал хонамни кўрсатай, – дея кўпқаватли бино томон бошлади у киши ёқимли салом-аликдан кейин.

Бирга ёнма-ён кетяпмизу, зимдан разм соламан: на мўйлаб, на соқол ўстирмаган, оппоқ юзли, йигитлардек бардам, қадамлари илдам, сўзлари бурро ўқитувчини бир қарашда ҳеч ким шу ноябрь бошида роса тўқсонни қаршилаганига ишонмайди. Менинг хаёлимдан бунинг сабабини, албатта, сўрашим ҳам кераклиги ўтди беихтиёр.

Домла аудитория эшигини очишлари билан кўнглимга ўзгача мунавварлик югурди. Мезбон тасарруфидаги хона ёп-ёруғ шинам, жиҳозлари юксак дид билан ўрни-ўрнига қўйилган. Босма плакатлардаги кўргазмали қуролларга бой, китобу журналларгача муҳайё эди. Туваклардаги кўркам, анвойи гулларни айтмайсизми.

– Китоб менинг жону дилим, газета-журналларга ҳар йили обуна бўламан, – дея бошқалардан камдан-кам эшитадиган гаплари билан, фахрланди отахон. Ҳатто "Шифокор ва ҳаёт" газетасининг, яна бошқа тиббиётга таалуқли, айниқса кўнгилочар нашрларниям янги-янги сонларини қувониб кўз-кўзлаганлари ажойибу ёқимли. Наинки ўқитувчи, балки ҳозирга қадар ҳам чинакам ўқувчи инсон эканликлари беҳад ҳайрат уйғотди.

Усмонжон Қориевнинг яна бир яхши одатлари бор экан. Нимани сўрасангиз, ҳужжатларини қўлингизга ўша заҳоти тутқазиб қўяркан. Компьютерда чиқарилган "Маълумотнома"дан қўлда оппоқ қоғозга чирой қилиб битилган 9 саҳифали "Таржимаи ҳол"гача танишиш учун бердилар. Ҳатто кўкрак нишонларнинг "Гувоҳнома"ларию, малака ошириш курслари ва тоифа сертификатларининг нусхаларигача алоҳида папкада сақлаб туришларига нима дейсиз?! Ҳамма нарсага юқори даражада эътиборли эканликларигаям сира гап йўқ.

Келинг, яхшиси хужжатларга асосланиб, бу табаррук отахоннинг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўллари ҳақида қисқача ҳикоя қилайлик: 1933 йилнинг 8 ноябрида Наманган шаҳрининг Бураматут маҳалласида туғилган Усмонжоннинг отаси водийга танилган Тожиҳожибой табибнинг ўғли Қоримуҳаммад ака миришкор боғбон, онаси Хосиятхон ая арабий китобларнинг мағзини чақиб, маҳалладаги аёл-қизларга маърифат улашадиган отинойи мақомидаги зиёлий инсон эди.

1950 йили 7-мактабни ўқиб тамомлаб, Тошкент тиббиёт институтининг педиатрия, яъни болалар шифокор соҳаси факультетида таҳсил олишидан бобосига тортди. Бу ерда Эргаш Отахонов, Сайид Румий, Адҳам Юнусов, Вали Мажидов каби академик, профессор ва доцентларнинг сабоғидан баҳраманд бўлди.

Меҳнат фаолиятини 1956 йили Наманган шаҳар болалар шифохонасида бошлади. Айни маҳалда бош врач Мукаррама Аҳмадбоеванинг тавсияси билан тиббиёт техникумида ўриндош сифатида ўқитувчилик фаолиятига ҳам киришиб кетди. Тақдирни қарангки, Усмонжон Қориев қўшқанотли қушдай ҳам беморларни даволаш, ҳам ёшларга тиббиёт фанидан дарс бериш билан камолот сари парвоз қилди. Лекин кўп ўтмай ўриндошлиги шифокорга, асосий фаолияти билим юрти педагоглигига айланди. Назария ва амалиётнинг бир инсонда мужассамлашуви, бунинг устига ташкилотчилик ва ташаббускорлик бобидаги юксак салоҳияти қўшилиб, икки жамоада ҳурмати баландлайверди. Энди саналарга, вазифалари алмашинувига назар ташлайлик:

У 1964 йилгача тиббиёт билим юртида ўқитувчи, 1964-1969 йилларда амалий машғулотлар бўлими мудири, сўнгра 1987 йилгача директорнинг амалий ишлар бў­йича, кейин 1990 йилгача тижорат ишлари бўйича ўринбосари вазифаларини бажарди.

Мустақиллик арафасида пенсия ёшига етган серғайрату тиниб-тинчимас инсон қадрдон жамоасини ташлаб кетишга сира кўзи қиймади. Меҳнатсеварлик туйғуси унда яна ўзига мос ишлар билан шуғулланишга иштиёқ уйғотди. Наманган тиббиёт коллежи архив мудири, "Болалар касаллиги", "Юқумли касалликлар" фани ўқитувчиси сифатидаги асосий фаолиятини асло тўхтатмади.

Бугун Усмонжон Қориевнинг меҳнат стажи бошланганига 67 йил тўлибди. Эҳ-ҳа неча-неча йиллар мобайнида қанчадан-қанча йигит-қиз фельдшеру ҳамширалик илмини домладан олди, элу юртга устоз каби ҳалол ва фаол хизмат қилишди, пенсияга чиқишди, айни маҳалда домланинг янги-янги шогирдлари даволаш-профилактика муассасаларида кексайган кадрлар ўрнини муттасил тўлдириб боришмоқда.

– Дарахт – меваси билан, устоз – шогирди билан қадрлидир,– дейди мамнун кайфиятда Усмонжон ота Қориев. – Агар менга "Қайси боғнинг мевасисиз?" дейишса, зўр мамнуният билан Мукаррама Ғуломовна, София Филиповна, Григорий Саркисвич, Мирза Алиевич, Зинаида Дмитровна, Анас Зокировичларнинг дея жавоб беришим мумкин. Чунки, бирларидан ташкилотчиликни, бирларидан беморга ташхис қўйишни, бирларидан даволашни ўрганганман. Улуғларнинг тажриба ва маҳоратини ўзлаштириб, изчил қўллаб асло кам бўлмадим.

Дарҳақиқат, "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси", "Ўрта махсус таълимдаги аъло хизматлари учун" кўкрак нишонлари ҳамда қатор Фахрий ёрлиқлар отахоннинг хизматлари муносиб баҳоланганининг ёрқин исботи эмасми?!

Тўқсон ёшдаям соғлом ва тетикликларининг боисини устоз тиббиётчи-педагогнинг ўзлари қуйидагича шарҳлайдилар:

– Бўш пайтларим мўъжаз боғимда жисмоний меҳнат қиламан. Ҳовлимизда эса мунтазам спорт билан шуғулланаман. Стол тенниси тахтаси, баскетбол шити, турник ва гантелгача бор. Фарзандларим, 26 нафар набирам ва 60 нафар эварамгача спорт машқларига одатланишган. Оилавий соғломлик ҳаммамиз учун муҳимдан муҳимдир.

Таъбир жоиз бўлса, Наманган шаҳрининг ҳозирги "Алпомиш" маҳалласидаги Бураматут кўчасида яшовчи Усмонжон Қориевни замонамиз алпларидан бири десак асло муболаға эмас. Кексаликка сўз бермайдиган, ҳаётга муҳаббати жуда-жуда кучли, билим ва тажриба собоғини доимо навқирон авлодга ўргатишдан чарчаб-толмайдиган ўн кам юз ёшдаги инсонга биз ҳам ғоят ҳавас қилдик.

Содиқ САЙҲУН.