Соҳада кечаётган ислоҳотлар самараларини вилоятимиз даволаш-профилактика муассасалари фаолиятида рўй бераётган беқиёс ўзгаришларда, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги юксалиб бораётганлигида яққол кўриш мумкин. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали жамоасининг ҳам бу борадаги интилишлари таҳсинга лойиқ. Жумладан, нейрожарроҳлик бўлими шифокорлари, ҳамшира-ю кичик тиббий ходимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли беморлар оёққа турмоқда. Касб байрами арафасида саломатлик посбонларининг фаолиятига бир назар ташладик.
Мазкур бўлим жамоаси бағоят мураккаб жароҳатларни ва ўта оғир хасталикларни бошидан кечираётган инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, соғломлаштириш ва умрини узайтиришдек шарафли вазифани сидқидилдан адо этмоқда. Бош мия ва орқа мия жароҳатлари, бўйин умуртқалари синишлари, умуртқа поғоналаридаги шикастланишлар ва бошқа ўнлаб ғоят асоратли касалликлардан азият чекаётганларни жарроҳлик амалиётлари воситасида даволаш шулар жумласидандир. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, шифокорлар кўплаб нейрожарроҳлик амалиётларини сабр-тоқат ва юксак маҳорат билан бажариб келмоқдалар. Дарҳақиқат, бир неча соатлаб давом этадиган ўта нозик ва қийин жараёнларни муваффақиятли якунлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун юқори малака, чидам ва сабот зарур, албатта.
Иброҳимжон Жиянов бошқарувидаги бўлим аҳли ягона мақсад – беморларни дарддан халос этиш, уларнинг яшашга бўлган умидларини уйғотиш, касалликлар асоратларини бартараф этиш сари интилмоқда ва зиммадаги вазифани шараф билан адо этмоқда. Бўлим етакчиси қарийб йигирма йиллик фаолияти давомида катта тажриба тўплаган. Шу вақт оралиғида унинг иштирокида 2 мингдан зиёд ўта қийин ва узоқ давом этадиган жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли поёнига етказилган. Шунча инсоннинг оғир дарди аритилган ва яшаш даврийлиги узайтирилган, десак муболаға эмас.
– Операция столига ётқизилаётган беморнинг оғир хасталик асоратидан чекаётган азобларини ҳис этишнинг ўзи осон эмас. Тажриба-ю маҳоратинг шарофати билан касаллик уқубатларидан қутулган инсонларнинг юзидаги қувончни кўриш эса нақадар завқли. Шу боис ҳам одамларга нажот бериш ва шодлик улашиш мақсадида соатлаб, ўта синчковлик ва сабр-қаноат билан жарроҳлик амалиётини олиб борамиз,– дейди И. Жиянов.
Бурч масъулиятини дилдан ҳис этган ҳолда даволаш ишлари самарадорлигига эришиш 33 кишилик аҳил жамоанинг эзгу мақсади. 8 нафар врач, 12 нафар ҳамшира ва 13 нафар кичик тиббий ходимнинг биргаликдаги фаолияти ётқизилган беморларни руҳан қўллаб-қувватлаш ва уларни безовта қилаётган оғир касалликлар уқубатларини енгиллаштириш ҳамда сифатли даволашга қаратилган.
Аҳил жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини виждонан ва юқори даражада бажаришга интилади. Улар беморларга ҳамиша ғамхўр ва талабчанлик билан муносабатда. Дард чекаётган кишиларнинг азобини енгиллаштириш ва касалликдан фориғ этишга кўмаклашишга бурчли эканликларини дилдан ҳис этадилар.
Яқинда 27 ёшли Анасхон Мамаджонов ўта оғир ҳолатда олиб келинган эди. Тажрибали ва малакали тиббиёт ходимларининг оқилона интилишлари натижасида оғир бош мия шикасти бўйича беморда ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Айни пайтда у соғайиб, оиласи бағрига қайтди. Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.
– Бахтсиз ҳодиса оқибатида жиддий шикастландим. Умуртқа поғоналарим қаттиқ жароҳатланганидан ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. РШТЁИМ Наманган филиали нейрожарроҳлик бўлимга ётқизилдим. Хайриятки, қўли енгил, сўзи ширин, тажрибали шифокорлар бор экан. Улар томонидан амалга оширилган жарроҳлик амалиёти туфайли тезда тузалиб, оилам бағрига қайтдим, – дейди Наманган тумани Миришкор қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Қурбонали ота Қирғизов. – Бўлим мудири Иброҳимжон Жияновга, изланувчан мутахассис Сайдулло Шарифбоевга, Назокат Дадахонова, Умида Мирзааҳмедова, Мафтуна Собирова, Зубайра Асқарова каби ҳамшираларга, Наргиза Қобулова, Саида Қозоқова, Озода Исмоилова сингари кичик тиббиёт ходимларига оиламиз номидан миннатдорчилик билдираман.
Шундай эътирофларни кўплаб инсонлардан эшитиш мумкин. Буни беморларга кўрсатилаётган намунали тиббий хизмат, меҳр-оқибат натижаси, десак муболаға эмас. "Устоз-шогирд" анъанаси муттасил давом эттирилмоқда. Тажрибали шифокорлар Шермуҳаммад Ўринов, Зуҳриддин Ашуров, Комилжон Абдусатторовлар тўплаган нейрожарроҳлик борасидаги тажрибаларни ўрганиш ва қўлланиш диққат марказида.
Нейрожарроҳликка оид билим ва тажрибаларни чуқур эгаллаш борасидаги изланиш, касбий маҳоратни муттасил ошириб бориш, даволаш ишлари натижадорлигини таъминлаш шифокорларнинг фаолият мезонини ташкил этади. Нейрожарроҳ Сайдулло Шарифбоев бу борада ҳамкасбларига ўрнак кўрсатмоқда. Европа ва Осиёдаги, ҳатто Америка Қўшма Штатларидаги етакчи клиникаларда бўлиб, соҳага оид билим ва кўникмаларини бойитаётган тиниб-тинчимас шифокор яқин орада илмий тадқиқотларга қўл уриш истагида. Жумладан, изланувчан мутахассис Обидхон Исмоилов ҳам С.Шарифбоев изидан бориб, Украина, Россия, Туркия, Жанубий Корея давлатларидаги машҳур клиникаларда маҳоратини ўстириб қайтган. Яқин орада улар сафига нейрожарроҳлар Улуғбек Ҳайдаров ва Азамат Ғуломовлар ҳам қўшилиши кутилмоқда.
– Соҳамиз ўта мураккаб. Уни гўё игна билан қудуқ қазишга қиёсласа бўлади. Билим, маҳорат, сабр-тоқат ва масъулият мужассамлигида беморлар дардига шифо излаймиз, – дейди бўлим мудири. – Астойдил изланмасдан, соҳага оид фан ютуқларини ўзлаштирмасдан, касбий малакани доимо ошириб бормасдан туриб, мақсадга эриша олмаймиз. Шу бос ҳам травматология, ортопедия, нейрожарроҳлик ва талофатлар тиббиётига оид билимларни мустакамлаш борасида вертебрология илмий маркази асосчиси, умуртқа орқа мия жарроҳлиги бўйича етакчи мутахассис профессор, тиббиёт фанлари доктори Неъмат Қурбонов билан мунтазам алоқа ўрнатганмиз.
Дарҳақиқат, бу ҳамкорлик ўзининг меваларини бермоқда. Наманганлик нейрожарроҳлар забт этаётган марралар бўй чўзяпти. Янгидан-янги жарроҳлик амалиётлари фаолиятдан доимий ўрин олмоқда. Қолаверса, шифокорларнинг туманлардаги ҳамкасблари билан узвий фаолияти доираси кенгайиб бормоқда. Поп ва Учқўрғон туманларидаги политравма марказларида, бошқа ҳудудлардаги ишлар фикримиз далилидир. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш кўрсаткичлари ўсяпти. Энг муҳими даволаш ишлари самарадорлиги ортмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.